Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / СИЛАИ РАҲМ – ВОЖИБ АМАЛ

СИЛАИ РАҲМ – ВОЖИБ АМАЛ

“Силаи раҳм” арабча сўз бўлиб, “сила” – боғлаш, “раҳм” – қариндош, яъни “қариндошлик алоқаларини боғлаш”, деган маънони англатади.

Силаи раҳм қилиш – ўзгаларга нисбатан қариндошларига ғамхўр ва муҳаббатлироқ бўлиш, улардан хабардор бўлиб, моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб туришдир. Қариндошлар орасида бошқаларга нисбатан энг ҳақдорлари ота-она, ака-ука, опа-сингиллардир.

Умуман олганда, силаи раҳмни боғлаш динимиз ҳукмига кўра вожибдир. Уни узиш эса катта гуноҳлардан бири ҳисобланади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак хадисларида бизга силаи раҳм сабабли ризқнинг мўл-кўл бўлиши, умрнинг узоқ бўлишини уқтирадилар: “Ким ризқи кенг, умри узун бўлишини хуш кўрса, қариндошлик алоқаларини боғласин” (Муттафақун алайҳ).

Аллоҳ таолонинг изни билан силаи раҳм, уни боғлаганларни дуо, узганларни дуоибад қилиб туради. Ойша онамиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қиладилар: «Раҳм (қариндошлик) Аршга осилиб: “Ким мени уласа, Аллоҳ уни уласин! Ким мени узса, Аллоҳ уни узсин!” дейди» (Имом Бухорий ривояти).

Силаи раҳмни узиш гуноҳи кабиралардандир. Шуни билиб ҳам ҳеч бир сабабсиз силаи раҳмни узган киши жаннатга кирмайди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Кесувчи жаннатга кирмайди” (Имом Бухорий ривояти).

Силаи раҳм қариндошлар билан чиройли муносабатда бўлиш, уларнинг хурсандчиликларига шерик, мусибатларига ҳамдард бўлиш, муҳтожларга ёрдам бериш, уларни доимо зиёрат қилиб туриш, кўнгилларини олиш, дилларини оғритишдан сақланиш, улардан бирор ёмонлик етса ҳам кек сақламай кечириб юбориш, қалбида уларга нисбатан ҳасад ва адоват сақламасдан ўртада муҳаббат пайдо қилиш йўлида бор куч-ғайратини сарф қилиш каби фазилатларни ўз ичига олади.

Бугунги кунда силаи раҳм билан боғлиқ гоҳида кўзга ташланадиган нохуш воқеалар динимиз кўрсатмаларига зиддир. Масалан, ота-оналар дунёдан ўтгач, ака-ука, опа-сингиллар ўртасида арзимаган мол-мулк, ерни деб келишмовчиликлар чиқиши ёки секин-секин муносабатлар ёмонлашиб, ўзаро узоқлашиб, бегоналардек бўлиб кетишлари, бир-бирларини йўқлаш, тез-тез хабарлашишни ҳам унутишлари ўта аянчли ҳолатдир.

Динимиз талабига кўра, яқин қариндошлар доим бир-бирларининг ҳолларидан огоҳ бўлиб, ўзаро ёрдамчи бўлиб туришлари керак. Ўтган улуғларимиз: “Қариндошникига қадам ранжида қилмасанг, муҳтож бўлганида молингдан бермасанг, силаи раҳмни узибсан”, дер эдилар.

Бир куни Сулаймон ибн Абдулмалик Дамашқ масжидига кирди. Унда бир мўйсафид ўтирганини кўрди. Унинг олдига бориб:

– Эй қария! Ўлишни хоҳлайсизми? –  деди. У:

– Асло, эй мўминлар амри, –  деди. Сулаймон:

– Нега. ёшингиз бир жойга бориб қолибди-ку? –  деб сўради. У:

– Ёшлик ва унинг ёмонликлари кетди. Қарилик ва унинг яхшиликлари келди. Турсам ҳам Аллоҳга ҳамд айтяпман, ўтирсам ҳам. Шу икки ҳолат давом этишини истайман, –  деди. Халифа:

– Умрингизнинг узун бўлишига қайси амалингиз сабаб бўляпти? – деди. У:

– Эй мўинлар амири! Таҳоратни мукаммал қиламан. Намозни чиройли адо қиламан. Силаи раҳм одатим. Кўзим ва маълум аъзоларимни иффатда сақлайман. Аллоҳ берган ризқлардан ўзгаларга мурувват қиламан, –  деб жавоб берди. Шунда Сулаймон ибн Абдулмалик:

– Бежиз ўлим сизни четлаб ўтмаяпти экан, –  деди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Насабларингиздан силаи раҳм қиладиган нарсангизни таълим олинг. Чунки силаи раҳм аҳлнинг муҳаббатидир, молу мулкнинг кўплигидир ва умрнинг зиёдалигидир”, дедилар (Имом Термизий, Имом Аҳмад ва Имом Ҳоким ривояти).

Силаи раҳм – қариндошлик алоқаларини яхшилаш кишига бу дунёнинг ўзида ҳам бир қанча фойдалар келтирар экан. Улардан бу ҳадиси шарифда саналгани қуйидагилардир:

1.  Аллоҳнинг муҳаббати. Ким Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўлмоқчи бўлса, силаи раҳм қилсин.

2.  Мол-мулкнинг кўплиги. Ким кўп мол-мулкка эришмоқчи бўлса, силаи раҳм қилсин.

3.  Умрнинг зиёдалиги. Ким умрининг зиёда бўлишини истаса, силаи раҳм қилсин.

Аллоҳ таоло барчамизни силаи раҳм қилувчилардан, ризқимизни мўл, амалимизни солиҳ, умримизни узун айласин!

Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,

Янгийўл тумани “Имом Султон” жоме масжиди имом–хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]