Олимжон билан Гулбаҳор ўзаро бир-бирларини ёқтириб, оила қуришди. Иккала томон ота-оналар фарзандларининг бахтли ҳаётидан хурсанд бўлиб, бу бахт ва саодат мустаҳкам бўлиши учун Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд сўрашар эди.
Ва ниҳоят, Гулбаҳор ўзини лоҳас ҳис қилганидан билдики, Аллоҳ ёш оилага фарзанд хушхабарини билдирди. Буни эшитиб оила аъзоларининг ҳаммалари хурсанд бўлдилар. Ойлар ўтиб Гулбаҳор тиббий кўрикка борганда гинеколог аёл уни текширар экан, фарзанд қорайиб яхши ривожланмаганини, агар ҳомила вақтида олиб ташланмаса, ўзининг саломатлигига салбий таъсир қилишини айтди. Уйга маҳзун кайфиятда қайтган Гулбаҳор, эрига бўлган гапларни айтиб берди. Олимжон ота-онаси билан маслаҳатлашиб, аёлининг саломатлиги учун ноилож болани олдириб ташлашга рози бўлишди…
Гулбаҳор билан Олимжон мутахассисларнинг кўрсатмаларига мувофиқ бир муддат даволанишди. Чунки шифокорлар муолажа олинса, иккисидан, албатта, соғлом фарзанд туғилишини такрор-такрор айтишганди…
Орадан йиллар ўтиб Гулбаҳор ўзини яна хомиладор бўлганини билди. Бу сафар аввалги қувончнинг ўрнини қўрқинч эгаллаган эди. Бир неча ой ўтиб юрак ютиб шифокорига борди. Оҳ, не кўз билан кўрсинки, бу хомила ҳам аввалгиси каби қорайиб кетган. Шифокорлар тушкунликка тушиб қолган Гулбаҳорнинг кўнглига таскин бериб, сўнг яна аввалги қарорни айтишди. Гулбаҳор ғамгин ҳолда уйга келиб йиғлади. Бундан хабардор бўлган оиладагилар ҳам жуда маҳзун бўлишди. Яна мурғак хомила дунё юзини кўрмай нобуд бўлди. Нима бўлганда ҳам ҳамма учун келиннинг саломатлиги муҳим эди.
Чиқмаган жондан умид, деганларидек, иккала томондан қудалар, фарзандларининг бахти учун, соғлом набиралик бўлиш умидида, ўзларига боғлиқ бўлган барча зарур ишларни қилишди.
Фарзандларининг бошидан садақотлар қилишди, масжидга эҳсон қилишди, серфарзанд инсонларни дуосини олишди, Гулбаҳор билан Олимжон яна тиббий муолажа олишди.
Орадан яна бир йил ўтиб Гулбаҳор ҳомиладор бўлди. Олимжон билан бирга мутахассислар кўригига борганда яна аввалги мудҳиш манзара такрорланди. Ҳамма карахт эди. Нега бундай бўляпти? Нима қилиш керак?
Нима қилса яхши бўлади?…
Кутилмаганда Олимжоннинг онасини хаёлида, йигирма етти йил аввал бўлган бир воқеа чақмоқдай ёдига тушди. У қуда хотинни қаерлардадир кўрганини беш йилдан бери эслолмаётган эди. Энди эслагандек бўлди. Ҳа, ўша… Олимжонни туққан кунини эртасига, туғруқхонада бир аёл оғир аҳволда қиз фарзанд кўриб, саломатлиги яхши бўлмаганлиги учун боласига қарай олмаган, шифокорлар илтимос қилгани учун Олимжон билан бир неча кун у қизни ҳам эмизганини эслади.
Кейин туғруқхонадан чиқиб кетгани боис, у қизалоқнинг онаси билан жўяли гаплаша олмаганини эслади…
Ўша воқеаларни эслаган сари юраги орқага тортиб кетаверарди…
Бехосдан: – Олимжон, деб бақирди.
Олимжон: Лаббай, онажон, – деди.
Қалтироқ овозда: – Келиннинг паспортини олиб чиқчи, болам, – деди. Олимжон ҳайрон бўлиб Гулбаҳорнинг паспортини олиб чиқди. Онаизор қалтираган қўллари билан паспортни очиб, Гулбаҳор туғилган санасини кўрди-ю, муздек терга ботди,
Ҳаммасини тушуниб етди…
Ҳа, бу ўша Олимжоннинг эмизикли синглиси эди….
Миршавкат Музаффар

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги