Маълумки, ҳозирда барчамиз коронавирус ҳақида кўп ва ҳўп гапларни эшитиб турибмиз. Бизнинг фикримиз илмий асосга эга бўлмаса-да бироқ мақсадимиз битта, кўрсатмаларга беэътибор бўлиб, карантин қоидаларини хурмат қилмаётганларни афсусдан аввал огоҳликка чақириб қўйишдир.
Коронавирус шундай хавфли душман эканки, таъбир жоиз бўлса; эшикни беркитсангиз тешикдан бўлса ҳам ичингизга киришга ҳаракат қилар экан. Ёвуз душманни мақсади битта, ҳаётингизни хизматчилари бўлган ички аъзоларингизни бирин кетин ўз фаолиятига яроқсиз ҳолга келтириш. Коронавирус каби бизни аъзоларимизни ҳам Аллоҳ жуда гўзал яратган. Коронавирус биринчи қайси аъзойимизга айёрлик билан хужум қилса, у аъзо бошқа аъзоларга ўзини тилида вазиятни сездирар экан. Ё кўнглимиз айниб, ё ичимиз бузилиб, ё иссиғимиз чиқиб: «Ҳой, инсон ичимизга душман кирди. Ҳаракат қил! Огоҳ бўл! Биз Аллоҳ берган имкониятларни ишга соляпмиз, иммунитетлар қарши курашяпти, лекин кучимиз етмайдиёв, бизга ёрдам кучлари жўнат», – деб хабар бераркан. Аллоҳнинг тавфиқи билан қулоқ солиб, қўшимча дори-дармон кучларини юборганлар ўз ҳаётини сақлаб қолишга ҳаракат қилган бўлар экан.
Бефарқлар ўзларига ўзлари жабр қиларкан.
Энг қизиғи дори ичингизга тушиши билан, душман коронавирус билан қизғин, шафқатсиз жанг бошланаркан.
Азизим, бу жанг сизнинг ҳаётингиз устида, ҳа-ҳа айнан сизнинг жонингиз учун бўларкан. Дори-дармон сақлаб қоламан, – деса, коронавирус мен ҳаётини поёнига етказиш учун кирганман, – дер экан.
Энг қизиғи, ўша жанг сизни ичингизда, уни жанговор овозини қорнингиз қулдираши, алғов-далғов овозлар орқали, ожизгина тинглаб, дунёдаги ҳамма нарсаларни Яратгувчиси, фақат Ўзи хоҳлаган ишни қилувчи, Хокими мутлақ Аллоҳга таваккал қилиб, Ўзидан умид қилиб, ҳақиқатни тан олиб беҳол ётаркансиз.
Муддат- муддати билан безовта бўлиб хожатга борасиз. Ичингиздан бавл, жангда қурбон бўлган қоп қора суюқ чиқинди тушади.
Хайратланасиз.
Жойингизга келиб, умидла ҳаёл сурасиз. Бу тушиб кетаётганлар шифо бўлсин деб, қабул қилган доривор сувларим, дори-дармонларим, ҳалок қилган вируслар чиқиндиси бўлсинда, дейсиз. Озгина ҳотиржам бўлиб, кайфиятингиз кўтарилади.
Афсуски, бироздан сўнг яна жанг бошланаркан, иссиқ чиқиб, иштаҳа бўғилиб, ғала-ғовур овозли жанга гувоҳ бўлиб ётаркансиз. Ҳаёлиздан: «И-е бояги чиқиб кетган, вируслар билан жангда ожиз қолиб, қурбон бўлган, шифо бўлсин деб ичган дори-дармон, ва таомларим эканмикин, наҳотки, вирус ғолиб келяпти, коронавирус сабаб ўлаётган инсонлар сафида кетиб қолсам-а деб, тушкунликка тушиб қоларкансиз.
Бу жараён неча кун давом этишини ва натижа қайси томонни ғалабаси билан тугашини эса сиз ҳам, шифокор ҳам билмайди. Уни фақат Аллоҳ биларкан….
Азизлар, сизга хамир учидан патир қилиб ҳаёлотдаги кечинмаларимни айтиб ўтдим.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Каъба зиёратига келиб,туясини боғламай Аллоҳга таваккал деб, кейин бебош туяни йўқотган шикоятчи бадавийга: «Аввал туянгни боғлагинда, кейин Аллоҳга таваккал қил! – деб,бежиз айтмаганликларини унутмайлик.
Аввал карантин қоидаларига амал қилиб, бемор бўлсак шифокорга мурожаат қилиб, зарур дори-дармонларни ўз вақтида олиб, Аллоҳга таваккал қилсак тўғри йўл тутган бўламиз.
Чунки Аллоҳни иродаси сабаблар билан юзага чиқади.
Йўқса қуруқ таваккал билан, юқоридаги бадавийга ўхшаб қоламиз. Аллоҳ асрасин!
Аллоҳ ҳамма беморларимизга Ўзи шифои комил берсин!
Уларга туну-кун хизмат қилаётган тиббиёт ходимларига, соғлиқ-саломатлик, илмий муваффақиятлар, оилавий бахт ато этсин!
Бу дардга чалинмаганларга эса дарддан омонлик берсин!
Бизни ёзишдан умидимиз, Яратган дуоиларингизда бизни ҳам ёдингизга солсин!
Амин!!!
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Паркент тумани «Бешкаппа» жоме
масжиди имом-хатиби Миршавкат Музаффар

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги