Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / САДАҚАНИНГ ФАЗИЛАТИ

САДАҚАНИНГ ФАЗИЛАТИ

Садақанинг Аллоҳ таолога нақадар маҳбуб амал эканлиги ҳақида Қуръони каримнинг жуда кўплаб оятларида марҳамат қилинган. Хусусан, Бақара сурасининг 271-оятида: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир”, дейилган.

“(Садақа ва эҳсонлар) Аллоҳ йўлида (жанг билан) банд бўлиб, (тижорат учун) сафарга чиқа олмайдиган, иффатлари (тортинчоқликлари) сабабли билмаган одам бой деб гумон қиладиган фақирлар учундир. Уларнинг (фақир эканликларини) сиймоларидан (ташқи кўринишдаги белгиларидан) билиб оласиз. (Улар) одамлардан қаттиқ туриб олиб тиланмайдилар. Қилган хайр-эҳсонингизни Аллоҳ билиб турувчидир” (Бақара сураси 273-оят).

“Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша  олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир” (Оли Имрон сураси 92-оят).

Суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам худди бошқа амаллар сингари садақа ва хайр-эҳсон қилишда ҳам бизларга гўзал намуна ва ибратдирлар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зотнинг саховатлари Рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил (алайҳиссалом) Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига тушадиган пайтларда – айниқса, зиёда бўларди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларга мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да тез эдилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Садақанинг фазилати ҳақида Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган.

Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хурмонинг ярмини инфоқ қилиб бўлса ҳам дўзахдан сақланинглар”, деганлар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Эй Оиша, бир хурмо бўлагини бериб бўлса ҳам, дўзахдан сақлан. Зеро, хурмо оч кишини тўйдиради”, дедилар”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши ҳалол касби орқали топган бир дона хурмо қийматидаги нарсасини садақа қилса, – чунки Аллоҳ фақат ҳалол нарсанигина қабул қилади, албатта, Аллоҳ уни қабул қилади. Кейин унинг эгасини худди сизлардан бирингиз тойчоғини тарбия этганидек тарбия қилади. Ҳаттоки у тоғ каби бўлади”, дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Бошқа ҳадисда эса: “Бева ва мискинга эҳсон қилиш учун ҳаракат қилган киши Аллоҳ йўлида жанг қилган, туни билан намоз ўқиган ва кун бўйи рўза тутиб юрган киши кабидир” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Садақа қилишга шошилинг, чунки балолар (офатлар) садақа томонга қадам қўя олмайди ва яна садақа қилишга шошилинг, чунки садақа балони қайтаради ва балонинг (ерга) тушишини тўхтатади”, деганлар(Имом Байҳақий ривояти).

Юқоридаги оят ва ҳадислардан кўриниб турибдики, садақа жуда фазли улуғ амаллардан биридир. Таъкидлаш жоизки, қилинган садақа, хайр-эҳсонлар, энг аввало, соҳиби учун кўпроқ манфаат келтиради, яхшиликлар сари етаклайди, Аллоҳнинг даргоҳида қабул қилинса, Илоҳий розиликка етиштиради.

Яратган саховатли инсонлардан бўлишлигимизни таъминласин. Қилган хайрли амалларимиз, садақаю эҳсонларимиз сабабидан дуоларимизни мақбул айлаб, беҳисоб ажру савобларга муяссар қилсин, қиёматда Жаннат неъмати билан сийласин!

Ўртачирчиқ тумани бош имом-хатибининг

хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Махсуда Хайдарова

[carousel-horizontal-posts-content-slider]