Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Вақтики синовли дамлардан ўтиб ёруғ кунларга етсак…!

Вақтики синовли дамлардан ўтиб ёруғ кунларга етсак…!

Бугун дунё халқлари қатори биз ҳам оғир имтиҳонда, синовли дамларни бошимиздан ўтказмоқдамиз. COVID-19 бутун дунёни гўёки оёқ-қўлини кесиб ташлагандек ҳаракатлардан тўхтатиб қўйди. Карантин чоралари, қурбонлар, коронавирус юқтирган беморлар ҳақида кун сайин ахборотлар тарқалиб турибди. Ноҳуш хабарлар, пандемия чоралари, фавқулодда ҳолатлар кетма-кетлигидан инсон эсанкирамай иложи ҳам қолмаётир. Аммо, биз мўмин мусулмонлар бундай вазиятларда нима қилишни яхши биламиз. Чунки Ислом дини поклик устига барпо этилган. Тозалик ва гўзал маданият билан Аллоҳ таолога таваккул қиламиз. Ҳадиси шарифларда айтилганидек бир кунда беш маҳал юз-қўлини ювиб турган кишида кир қолмаганидек, таҳоратларимиз сабабли гуноҳларимиз ювилганидек поклигимиз сабабли ана шу кўринмас вирус ҳам инша Алло бартараф бўлажак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин кишига мусибат ёки синов Аллоҳнинг учта сабабли берувчи имтиҳонидур.

1. Аллоҳ таоло бандани тақдирига розилигини билиш учун бераркан.

2. Аллоҳ таоло мўмин бандасини гуноҳларини кечириб юборишни ҳоҳласа синов ёки мусибат бериб, унинг гўзал сабри ила кечиб юборар экан.

3. Аллоҳ таоло мўмин бандасини мартабасини кўтармоқ истаса олдин бир синов ёки мусибат бериб, ҳаёт тажрибасини ортириб кейин уни халқ ичида кўтариб қўяр экан.

Аллоҳ таоло мўмин бадаларини ҳалок қилиш учун бало-офат ёки машаққат бермас экан. Аммо, биз ушбу синовли дамларда ўзимизга тўғри хулоса олиб, ўзимизни ислоҳ этиб, солиҳ амалларга ўтишимиз керак бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади: «Албатта биз билан мулоқот бўлишини истамаганлар ва бу дунё ҳаётидан рози бўлиб, у билан хотиржам қолганлар ҳамда оятларимиздан ғофил бўлганлар. Ана ўшаларнинг жойлари, қилган касблари туфайли жаҳаннамдадир» (Юнус сураси 7-8 Оятлар).

Бу беш кунлик дунё ҳаётини ўзигагина рози бўлиб охиратни унутиб, шу билан овуниб, хотиржам бўлиб қолмаслигимиз керак. Дунё ҳаётида яхши еб яхши ичиб, кийиниб юриш-туришга берилиб, ўйин кулгуга маҳлиё бўлиб, Аллоҳ таолони буюрганларидан чиқиб кетиб, ўзимга хон кўланкам майдон қабилида ғофилларча иш тутсак айб ўзимизда қолади. Аллоҳ таолони ҳимоясидан ғафлатда қоламиз. Ҳаётимиз таҳликаларга тўлиб тошиб кетади.

Ҳозирда кўриб турибмизки жуда ҳам кўпчилик инсонлар коронавирус сабабли карантин вақтида қила олмаган диний ибодат ва бошқа амалларни бажаришга имкон топмоқдалар.

Инсон табиати жуда қизиқ. Қачонки бошига мусибат тушса ўзига келади. Қалби, қулоғи насиҳатни эшитиб, қабул қиладиган бўлиб қолади. Аллоҳ таоло ўзи яратганлиги боис бизни ўзимиздан ҳам яхшироқ билади. Шунинг учун ҳам биз зарар кўрувчи кишилардан бўлиб қолмаслигимиз учун доимо Аллоҳ таолони тоатини унутмаслигимиз, вақтида бандаликни адо этишимиз керак.

Ҳозирги пандемия даври ҳамма учун бир синов бўлди. Кимгадур раҳмат синови. Агар у Аллоҳ таоло билан ўртасини ислоҳ эта олган бўлса.

Кимгадур эса ҳақиқий мусибат, азоб синови. Чунки у учун ҳаёт ўша-ўшадек. Уйда телефон, интернет, ўйин-кулгу билан оввора. Ёлғон хабарлар тарқатиш, ваҳима уйғотиш, ғийбат-бўхтон каби ишлар билан банд.

Аллоҳ таоло ҳаммаларимизга соғлик-омонлик насиб айласин. Бутун дунё халқларига офият ва гўзал ечим берсин. Ушбу синов оқибатидан бутун дунё мусулмонларига яхшиликлар келсин. Юртимиз тинч, халқимиз фаровон бўлсин.

«Тўқай тепа» жоме масжиди имом хатиби С. Мамадалиев

[carousel-horizontal-posts-content-slider]