وَأَفْعَالُ العِبَادِ خَلْقُ اللهِ وَكَسْبٌ مِنَ العِبَادِ، وَلَمْ يُكَلِّفْهُمُ اللهُ تَعَالى إلاَّ مَا يُطِيقُونَ، وَلا يُطَيَّقُونَ إلاَّ مَا كَلَّفَهُمْ، وَهُوَ تَفْسِيرُ لا حَوْلَ وَلا قُوَّةَ إلاَّ بِاللهِ نَقُولُ لا حِيلَةَ لأَحَدٍ وَلا حَرَكَةَ لأحَدٍ وَلا تَحَوُّلَ لأحَدٍ عَنْ مَعْصِيةِ اللهِ إلاَّ بِمَعُونَةِ اللهِ، وَلا قُوَّةَ لأَحَدٍ عَلَى إقَامةِ طَاعَةِ اللهِ وَالثَّبَاتِ عَلَيْهَا إلاَّ بِتَوْفِيقِ اللهِ، وَكُلُّ شَىءٍ يَجْرِي بِمَشِيئَةِ اللهِ تَعَالى وَعِلْمِهِ وَقَضَائِهِ وَقَدَرِهِ، غَلَبَتْ مَشِيئتُهُ المَشِيئَاتِ كُلَّهَا، وغَلَبَ قَضَاؤُهُ الحِيَلَ كُلَّها، يَفْعَلُ مَا يَشَاءُ وَهُوَ غَيرُ ظَالِمٍ أَبَدًا تَقَدَّسَ عَنْ كلِّ سُوءٍ وَحَيْنٍ، وَتَنَزَّهَ عَنْ كُلِّ عَيْبٍ وَشَيْنٍ، ﴿لا يُسْأَلُ عَمَّا يَفْعَلُ وَهُمْ يُسْأَلُونَ﴾
Маъноси: Бандаларнинг амаллари Аллоҳнинг яратганидир. Уларни касб қилиш эса бандалар тарафидандир. Аллоҳ таоло бандаларга тоқатлари етадиган нарсаларнигина юклагандир. Бандаларнинг тоқатлари У Зот юклаган нарсагагина етади. Бу “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ” калимасининг тафсири шудир. Айтамизки: Бирор кишида, Аллоҳга осийлик(гуноҳ) қилишдан сақлаб қоладиган бир ҳийла, четлаб ўтиш ва бирор бир ҳаракатга имкон йўқ. Банда гуноҳдан фақат Аллоҳнинг ёрдами билангина сақлана олади. Шунингдек, Аллоҳга тоат-ибодатни адо этишда ва тоат-ибодатда саботли бўлиш учун ҳам Аллоҳ таоло тавфиқидан бошқа қувват йўқдир. Ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг хоҳиши, илми, қазоси ва қадари ила жорий бўлур. Аллоҳнинг хоҳиши барча хоҳишлардан ғолиб(устун)дир. Унинг қазоси барча ҳийлалардан ғолибдир. У Зот хоҳлаган нарсасини қилади. У Зот зинҳор золим эмасдир. Ҳар бир ёмонлик ва ҳалокатдан олийдир. У Зот барча айбу нуқсонлардан покдир. “У Зот қилган нарсасидан сўралмас. Улар эса сўралурлар”. (Анбиё-23).
Бандаларнинг амаллари Аллоҳнинг яратганидир. Уларни касб қилиш эса бандалар тарафидандир.
Банданинг иш- ҳаракати ҳақиқати бор нарсадир. Лекин у Аллоҳ томонидан халқ қилингандир. Демак, махлуқотлар қилган барча иш Аллоҳ таолонинг яратиши билан бўлади. Банда бир ишни ирода қилса, Аллоҳ таоло ўша иш ва унга таалиқли қудратни яратади. Мана шу банданинг касб қилишидир. Биз шу иродамиздан масулмиз – Қиёмат кунида сўраламиз.
Бу ерда ишнинг ўзи билан ишдан келиб чиққан маҳсул орасида фарқ бор. Халқ қилиш – яратиш билан махлуқ – яратилган нарса орасида фарқ бордир. Банда ишни қилади, аммо ўша ишни халқ қилиш Аллоҳдан бўлади. иш-ҳаракат бандага нисбатан бўлса, “қилди” дейилади. Аллоҳ таолога нисбатан бўлганда эса “яратди”дейилади. Уриниш бандадан бўлади, халқ қилиб, вужудга чиқариш Аллоҳдан бўлади. Аллоҳ халқ қилмаса, банда ҳар қанча урингани билан бирор натижа чиқмайди. Имом Таҳовий матнда Аллоҳ таолога халқ қилиш – яратиш нисбатини берди ва бандага касб қилиш нисбатини берди.
Имом Таҳовий ушбу сўзларида Жабарий ва Мўтазила тоифасига раддия бордир.
Аллоҳ таоло бандаларга тоқатлари етадиган нарсаларнигина юклагандир. Бандаларнинг тоқатлари У Зот юклаган нарсагагина етади.
Аллоҳ таоло инсонга ўз тоқати даражасида комилликка эришиши учун энг муносиб таклиф –шаръий ҳукмларни жорий қилган. Ким бундан оширмоқчи бўлса, енгилади. Бошқа бир маъноси шуки – Аллоҳ таоло бандага гуноҳ иш қилишни юкламаган. Шундай бўлса-да, банда гуноҳ қила олади. Яъни, бунга тоқатим етади деб ўйлаб қолади. Лекин, Аллоҳ таоло буюрмаган балки, қайтарган ишни қилиш билан банда энг асосий сармояси бўлган – ўзлигини йўқотади. Юксалиш ва олийҳиммат учун сарфланадиган қобилият ва истеъдодини зое қилиб, ҳайвонлардан кўра пастроқ даражага тушади.

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги