Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / КУМУШНИ ОЛТИН ДЕБ КЎРСАТМАНГ!

КУМУШНИ ОЛТИН ДЕБ КЎРСАТМАНГ!

Маънавиятимиз меъморлари

Алишер Навоийнинг шеърий ва илмий-маънавий дурдоналарида келтирган ҳар бир сўз ва ибора ҳикматли бўлиб, унинг мағзини чақиш ва маъно-моҳиятига етиш осон эмас. Ахлоқий-таълимий қарашларга бағишланган “Маҳбубул қулуб” асарида таълим-тарбия, одоб-ахлоқ ва гўзал феъл-атворлар қатори инсонда учрайдиган ёмон хислат ва иллатлар ҳақида сўз юритилади ҳамда унинг оқибатида ҳушёр ва огоҳ бўлишга даъват этилади.

Мазкур асарнинг муқаддима бобида “ҳар кўй ва кўчаларда югурибмен ва олам аҳлидин ҳар навъ элга ўзумни еткурибмен ва яхши ямоннинг афъолин билибмен ва ямону яхши хислатларин тажриба қилибмен” деб таъкидлаш орқали у зот ҳаётнинг кўп аччиқ-чучугини тотгани, одамларнинг яхши-ёмон табиати ва хислатларини ўрганиб, ундан хулоса чиқариш натижасида бу ажойиб асарга қўл урганини билиб оламиз.

Шунингдек, мазкур асарни Навоий бобомиз ҳаётининг охирги даври, яъни кексалик даврида муайян ҳаётий тажрибага эга бўлганидан кейин ёзганини диққатдан қочирмайдиган бўлсак, унинг донишмандона маҳсули дейилса, хато бўлмас. “Маҳбубул қулуб”да бирор-бир муносабат ва ҳолат тақозосига кўра, ҳаммаси бўлиб 127 та танбеҳ келтирилади ва бу танбеҳлар бирор мавзуни янада ёрқинроқ тасаввур этиш ва атрофлича мушоҳада юритишга чорлайди.

“Танбеҳ” сўзи “уйғотиш”, “ишора қилиш”, “огоҳлантириш” ва “изоҳлаш” каби бир қанча маъноларни англатади. Шундан келиб чиққан ҳолда айтадиган бўлсак, ҳар бир танбеҳ бежиз келтирилмай, кўпроқ буйруқ ва амр оҳангида айтилади. Бирор ишни қилиш-қилмаслик, унинг оқибати тушунтирилгандан кейин ўқувчи бу ҳақда ўйланиб, ўзига тегишли хулосани чиқаради.

Агар бир танбеҳда бир амал яхши дейилган бўлса, ўқувчида уни қилишга иштиёқ уйғотилади, аксинча, агар бир амал ёмон дейилган бўлса, ўқувчида ўзига етадиган зиён-зарар ҳақида ўйлаб кўришга имкон берилади. Танбеҳ кўпроқ ўқувчини огоҳликка чорлаб, бирор ёмон хислат, ё иллатдан халос бўлиш, унга яқин бўлмасликка чақиради. Шу маънода танбеҳ ўқувчи маънавияти ва хулқ-атвори тўғри шаклланишига катта ёрдам беради.

Алишер Навоий бобомизнинг халқона тилда айтилган содда ва пурмаъно танбеҳларининг айримлари халқимиз орасида ҳикматли сўз ёки мақол тусини олган: “Билмаганни сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим”, “Оз-оз ўрганиб доно бўлур, қатра-қатра йиғилиб дарё бўлур”, “Ҳар кимки сўзи ёлғон, ёлғони зоҳир бўлғоч уёлғон”, “Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз” ва “Сабр била кўп боғлиғ иш очилур, ишда ошуққон кўп тойилур, кўп тойилғон кўп йиқилур”.

Навоий бобомиз “Кўнгул махзанининг қулфи тил ва ул махзаннинг калидин сўз бил”, деганида кўнгилни бир хазинага ўхшатса, қулфини тил ва уни очадиган калитни сўз деб келтиради. Теранроқ ўйлаб кўрилса, инсонга яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам аслида тилидан етади.

Хусусан, мазкур асарнинг 50-танбеҳида “Ҳар кимки сўзи ёлғон, ёлғони зоҳир бўлғоч уёлғон. Ёлғонни чиндек айтқувчи суханвар – кумушни олтун рўкач қилувчи заргар. Ёлғон афсоналарда уйқу келтиргувчи, ёлғончи уйқуда такаллум сургувчи. Ёлғон айтқувчи ғафлатдадур. Сўзнинг аснофи бағоят чўқдур (кўпдур), ёлғон ямонроқ синфи йўқтур”, дейилади.

Бу танбеҳда ёлғон ёмон иллатлар қаторида таъкидланиб, ёлғончи худди кумушни олтин деб кўрсатадиган кишига ўхшатилади. Шунингдек, ёлғон сўзлагувчи киши айтаётган ривоят ёки нақл ҳам энсани қотириши ва унда ҳеч қандай қадр-қиймат бўлмаслиги маълум қилинади. Бунга сабаб эса ёлғончи ҳар доим ғофиллиги туфайли айтаётган сўзига жавобгарлик ва масъулиятни ҳис этмайди.

Яна бир танбеҳда “Чин сўз ёлғонға чулғама, чин айта олур тилни ёлғонға булғама. Ёлғончи киши эмас. Ёлғон айтмоқ эран (мард)лар иши эмас”, дейилган. Бу танбеҳда ҳам ёлғон сўзлагувчини инсон эмас, ёлғон сўзлаш мардлар иши эмас дейилмоқда. Ёлғон хусусида айтилган танбеҳ ҳақида жиддийроқ ўйлаб кўрилса, дастлаб ёлғон сўз ёқимли, фойдали ва жозибалидек ўзига мафтун этади. Чунки муомала қилинаётган кишини ғафлатда қолдириб, ёлғон туфайли ўз ишини битириб олиши мумкин. Бироқ бунга одатланиб қолинса, эл назаридан қолиб, унга ҳеч ким ишонмай қўяди. Чунки у олтин деб айтаётган нарса аслида кумуш, шу боис бу ёлғони фош бўлгандан кейин фақат ўзи зарар кўради, аммо бу ёлғонга инсон қандай одатланади десак, бу ҳар бир боланинг ўз оиласида оладиган таълим-тарбияси билан боғлиқ. Агар ота-она ўзи ёлғондан қочиб, боласини ҳам ундан қайтарса, фарзанд вояга етганда асло ёлғон гап-сўзни тилига олмайди. Мисол учун, ҳозирги замонимизда интернет ва телефон орқали мулоқот қилишни олиб кўрайлик. Шу воситалар орқали қанча кишилар ёлғон ва уйдирмаларни эшитади, унга ишонади ва бир-бирига хабар бериб, қимматли вақтини беҳуда ва гуноҳ ишларга зое кеткизади. Айримлар танишлари қўнғироқ қилиб қолса,  агар у билан гаплашишни хоҳламаса, болага “уйда йўқ” деб айтишни буюради. Ўзи ҳам ёлғончи бўлди ва боласини ҳам ёлғонга ўргатиб гуноҳкор қилди. Мана шу оддий ҳолат ҳам болалар руҳияти ва маънавий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади. Бора-бора бу ёлғон улканлашиб, жамият муҳитига тарқайди ва одамлар бир-бирини алдаб яшайдиган бўлади. Зеро, халқимиз “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган нақлни бежиз айтмаган.

Хуллас, Навоий бобомиз “Маҳбубул қулуб” асарида келтирилган танбеҳларда панд-насиҳат, яхшиликка даъват, ёмонликдан қайтариш, гўзал хислат ва фазилатлар эгаси бўлишга ундаш, ёмон иллат ва амаллардан юз ўгириб, уларга асло йўламаслик, уларга яқинлашган тақдирда афсус-надомат ва пушаймонлик юзага келишини билдириш кабилар ўрин олганини кўрамиз.

Энг муҳими, Навоий бу танбеҳларни шунчаки айтиб қўяётгани йўқ, балки айрим нодон, жоҳил  кишиларга яхшилик ва ёмонлик сабабини умри давомида қилган хулоса ва фикр-мулоҳазалари асосида тушунтиради.

Бобомурод ЭРАЛИ

[carousel-horizontal-posts-content-slider]