Амри маъруф ва наҳйи мункар қилиш Ислом умматининг энг катта мажбуриятларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, бу умматнинг ўзига хос хусусияти ҳамда яхшиликка эришиш сабабларидан бири ҳам амри маъруф ва наҳйи мункар қилишдадир. Аллоҳ таоло Куръони Каримда шундай марҳамат қилган:
كُنتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ
الْمُنكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ
«(Эй мусулмонлар!) Сизлар одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Яхшиликка буюрасиз ва ёмонликдан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз» (Оли Имрон сураси, 110-оят).
Амри маъруф ва наҳйи мункар дегани яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш демакдир. Бу амал ҳар бир мусулмон учун тоқати даражасида бажариши вожиб бўлган амалдир. Амри маъруф ва наҳйи мункарнинг ҳам ўзига хос одоблари бор. Қуйида ушбу одоблардан баъзиларини зикр қиламиз:
Биринчи одоб — эзгу ният қилиш.
Амри маъруф ва наҳйи мункар қилувчи киши бу ишида холис Аллоҳ таолонинг розилигини ният қилиши лозим. Бу ишга уни ундаган нарса Аллоҳнинг розилиги ҳамда одамларнинг ҳидоят топишига рағбат қилгани бўлсин. Чунки яхши ният билан, холис Аллоҳ учун амри маъруф қилиш савобни мукаммал қилади. Агар киши бирор раҳбар томонидан ушбу вазифага тайинланган бўлса ҳам, бу ишни қилишда ниятни пок қилиши, ундан фақат Аллоҳнинг розилиги кўзланган бўлиши, охирати учун савоб умид килиши ва унга дунё мақсадлари аралашмаган бўлиши лозим. Яъни фақат маош ёки дунёдан бирор нарсага эришишнигина умид қилиб кўя қолмаслиги керак. Мана шундай пок ният билан амри маъруф ва наҳйи мункар қилган бўлса ва шу сабабли дунёдан бирор нарсага эришса, бу фақат Аллоҳнинг фазлидир.
Иккинчи одоб амри маъруф ва наҳйи мункар қилинадиган ўринларни билиш.
Солиҳ салафлардан баъзилари айтган эканлар: «Буюраётган нарсада мулойим бўлган киши амри маъруф қилсин. Буюраётган нарсада беoзор бўлган киши амри маъруф қилсин. Буюраётган нарсани ўзи яхши англаган киши амри маъруф килсин».
Шунинг учун амри маъруф ва наҳйи мункар қилувчи киши олим бўлиши, ўзи буюраётган ва қайтараётган нарсаларни яхши билиши вожибдир. Билимсизлик билан бирор нарсага буюрса ёки бирор нарсадан қайтарса, шариат буюрмаган нарсаларга буюриб кўйиши ёки шариат кайтармаган нарсалардан қайтариб кўйиши мумкин. Натижада одамларга Аллоҳ буюрмаган нарсаларни буюриб кўйиши ёки Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ҳаром деб қўйиши мумкин. Бу билан у залолатга даъват қилувчи бўлиб қолади ва унинг ислоҳидан кўра фасоди кўпрок бўлади. Илмсизлик билан қилган даъвати сабабли айтган сўзига далил ҳам келтириб бера олмайди. Натижада турли ихтилофлар келиб чикади. Мустаҳаб амалларга маҳкам туриб олади-да, лекин фарз ва вожиб амаллар колиб кетиши мумкин. Макруҳдан қайтаришга ҳаракат қилади, лекин ҳаромдан қайтариш хаёлига ҳам келмаслиги мумкин.
Шунингдек, бундай илмдан бохабар бўлиш сабабли амри маъруф қилиш қачон вожиб, қачон мустаҳаб ва қачон мумкин эмаслигини билиб олади. Чунки гохида инсон мункар ишни даф қилишда бирор зарарга учрамаслигини аниқ билади ва шу ишни кетказишга гумони ҳам ғолиб бўлади. Ана шу пайтда амри маъруф қилиш вожиб бўлади. Гоҳида мункар ишни тўхтатишига аниқ ишонса-да, лекин ўзига зарар етиши эҳтимоли бўлади. Ёки ўзига зарар бўлмаса-да, лекин мункар ишни ҳам тўхтата олмайди. Бу икки ҳолатда амри маъруф ва наҳйи мункар қилиш унинг учун мустаҳаб бўлади. Гоҳида амри маъруф қилса ҳам, мункар иш йўқ бўлмаслиги, аксинча, ундан-да каттароқ ва хатарлироқ мункар иш келиб чиқиши мумкин бўлади. Бундай ҳолатда амри маъруф ва наҳйи мункар килиш мумкин бўлмайди.
Қачон амри маъруф қилинади, қачон қилинмайди, буларни билиш учун илм керак. Лекин бу илмнинг ҳаммасини билиши лозим, дегани эмас. Балки, буюраётган ва қайтараётган нарсасида тўлиқ илм ҳосил қилган бўлиши, шунингдек, қачон гапириши мумкин ва қачон мумкин эмаслигини яхши билиши лозимдир.
Ибнул Жавзий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Агар амри маъруф қилувчи киши илмсиз бўлса, шайтон албатта уни ўйинчоқ қилиб ўйнайди. Натижада унинг фойдасидан кўра зарари кўпроқ бўлади. Чунки у гоҳида жоизлиги ижмоъ билан собит бўлган нарсадан қайтариб қўяди. Гоҳида мазҳаблар ўртасида ихтилофли бўлган масалани буткул инкор қилиб юборади. Гоҳида эшикни синдириб кириб ёки девор ошиб ўтиб, мункар аҳлини уриб, дўппослайди (Яъни гуноҳ иш бўлаётган жойни қидириб топиб, уни фош қилишни хоҳлайди). Агар унга оғир ботадиган сўз билан жавоб қайтаришса, у (Аллоҳ учун эмас, балки) ўз нафси учун ғазаб қилади. Гоҳида эса шариат беркитишга буюрган нарсани очиб юборади».
Чунки содир этилаётган гуноҳлар гапирилаверса, улар оддий ҳолга айланиб, бунинг натижасида шу гуноҳларга ўрганиб қолиш ва бепарво караш юзага келади.
Баъзи ваъз қилувчилар гуноҳнинг қачон бўлгани, кимлар томонидан содир этилгани, ҳатто қаерда эълон қилинганини ҳам тўлиқ зикр қилиб ўтишади. Буни эшитган қалби заиф тингловчилар эса қизиқиб, уни қидириб топишга уриниб кўради. Натижада улар ҳам гуноҳга мубтало бўладилар.
Учинчи одоб — амри маъруф ва наҳйи мункар қилганда мулойим бўлиш.
Амри маъруф ва наҳйи мункар қилувчи шахс имкон қадар мулойим бўлиши лозим. Чунки бу сифат Аллоҳ таолога ҳам, одамларга ҳам маҳбуб кўрилган сифатдир. Ҳатто мулойимлик айтилаётган насиҳатни одамлар тезроқ қабул қилиши учун муҳим сабаб ҳам бўлади. Аллох таоло Куръони Каримда шундай деган:
فَمَا رَحْمَةٍ مِّنَ اللَّهِ لِنتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لَانفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ
«Аллоҳнинг раҳмати сабабли (сиз, эй Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эди» (Оли Имрон сураси, 159-оят).
Ҳадиси шарифларда шундай дейилган:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ اللَّهَ رَفِيقٌ يُحِبُّ الرِّفْقَ، وَيُعْطِي عَلَى الرِّفْقِ، مَا لا يُعْطِي عَلَى العُنْفِ، وَمَا لا يُعْطِي عَلَى مَا
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят килинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло мулойимдир. Мулойимликни яхши кўради. Қўполлик ва бошка хислатлар учун қилмаган карамини мулойимлик учун қилади», дедилар» (Муслим ривоят қилган).
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: «إِنَّ الرِّفْقَ لا
يَكُونُ فِي شَيْءٍ إِلَّا زَانَهُ، وَلا يُنْزَعُ مِنْ شَيْءٍ إِلَّا شَانَهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят килинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси нарсада мулойимлик бўлса, уни зийнатлайди. Қайси нарсадан мулойимлик ажратиб олинса, уни шармисор қилади», дедилар» (Муслим ривоят қилган).
عَنْ جَرِيرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:
«مَنْ يُحْرَمُ الرِّفْقَ يُحْرَمُ الْخَيْرَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: «Ким мулойимликдан махрум бўлса, барча яхшиликдан маҳрум бўлади», дедилар. (Муслим ривоят қилган).
Амри маъруф ва наҳйи мункарнинг зийнати мулойимликдир. Ваъз қилувчининг қўполлиги кўп ҳолатларда одамларнинг насиҳатни қабул қилмаслигига, аксинча, қайсарлик қилиб, мункар ишда давом этишига, ҳатто ундан-да каттароқ мункар ишларни қилишига сабаб бўлиб қолади. Аллоҳ таоло Мусо ва Ҳорун алайҳимассаломни «Фиръавнга бориб, унга мулойимлик билан гапиринглар», деб буюрган:
أَذْهَبَا إِلَى فِرْعَوْنَ إِنَّهُ طَغَى فَقُولَا لَهُ قَوْلًا لَّيْنَا لَعَلَّهُ، يَتَذَكَّرُ أَوْ يَخْشَى
«Иккингиз Фиръавннинг олдига борингиз, чунки у («Мен – худоман»), деб ҳаддидан ошди. Сўнгра унга юмшоқ сўз айтингиз! Шояд, у эслатма олса ёки (ҳалок қилишимдан) қўрқса» (Тоҳа сураси, 43-44-оятлар).
Сила ибн Ашям раҳматуллоҳи алайҳнинг олдидан бир йигит кўйлагини судраб ўтиб қолди. Сила ибн Ашямнинг дўстлари уни қўполлик билан қайтармоқчи бўлишган эди, Сила: «Қўйинглар, мен ўзим ҳал қиламан», деди. Сўнгра йигитга қараб: «Эй биродаримнинг ўғли, сенда ишим бор», деди. Йигит: «Нима иш?» деди. Сила: «Кийимингни кўтариб олсанг, яхши бўларди», деди. Йигит: «Хўп бўлади», деди ва кийимини кўтариб олди. Сила дўстларига қараб: «Сизлар қилмоқчи бўлган ишдан кўра буниси тўғрироқдир. Агар сизлар сўкиб, унга азият берганингизда, у ҳам сизларни сўккан бўлар эди», деди.
Яхши гапга илон инидан, ёмон гапга пичоқ қинидан чикади, деб бежиз айтилмаган.
Тўртинчи одоб – ҳалим ва кечиримли бўлиш.
Бунинг маъноси – амри маъруф қилувчи шахс ғазаби тез бўлмаслиги лозим. Агар у ҳалим ва кечиримли бўлмаса, одамлар билан бўладиган баҳс-мунозараларга сабр қила олмайди. Ҳатто одамлар тарафидан содир этилган гуноҳларга ҳам сабр қила олмасдан, ўзи улардан-да катта гуноҳга мубтало бўлиши мумкин. Гоҳо ғазаби унинг ўзини ҳакдан чиқариб юбориши мумкин. Шунингдек, ғазаб сабабли одамларнинг нафратига учраб, сўзи қабул қилинмайдиган бўлиб қолиши ҳам мумкин. Аллоҳ таоло ҳалим кишилар сабабли қанчадан-қанча одамларнинг қалбини хидоятга очган. Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.
Шунингдек, амри маъруф ва наҳйи мункар қилувчи киши насиҳат қилинаётган одамлар томонидан турли қаршилик ва тўсиқларга дуч келиши мумкин. Агар у шу пайтда ҳалим бўлмаса, ундан чиққан ғазаб Аллох учун эмас, балки ўзининг иззат-нафси учун бўлиб қолади. Натижада иззат-нафси учун ғазаблангани ва ушбу ғазаби сабабли чеккан азобларининг эвазига ҳеч қандай ажрга эришмайди. Юқорида зикр қилинган иккинчи одобда ўтган Ибнул Жавзийнинг сўзларида ҳам бунга ишора бордир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Луқмони ҳакимнинг ўғлига килган насиҳатини куйидагича ҳикоя қилади:
يَبنَ أَقِمِ الصَّلَوَةَ وَأْمُرْ بِالْمَعْرُوفِ وَأَنْهَ عَنِ الْمُنكَرِ وَاصْبِرْ عَلَى مَا أَصَابَكَ إِنَّ
ذلِكَ مِنْ عَزْمِ الْأُمور
«Эй ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган(балолар)га сабр қил! Албатта, мана шу пухта ишлардандир» (Луқмон сураси, 17-оят).
Яъни амри маъруф ва наҳйи мункар қилган вақтда сенга баъзи бир озор, азият ва мусибатлар етиши мумкин, шунга тайёр тур ва сабр қил, кечиримли бўл, дейилмокда.
Бешинчи одоб — амри маъруф қилувчи шахс ўзи ҳам маъруф ишни қиладиган ва мункар ишни қилмайдиган киши бўлиши керак.
Амри маъруф ва наҳйи мункар қилувчи шахс аввало ўзи такволи бўлсин.
Аввало ўзи маъруф ишларни киладиган ва мункар ишлардан кайтадиган бўлсин. Хусусан, ўзи буюраётган ва қайтараётган ишларда бунга катта аҳамият қаратиши лозим. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда одамларни яхшиликка буюриб, ўзини эса унутиб қўйганларни танқид қилиб, шундай деган:
أتأمُرُونَ النَّاسَ بِالْبِرِّ وَتَنسَوْنَ أَنفُسَكُمْ
«Одамларни яхшиликка чорлаб туриб, ўзингизни унутасизми?!» (Бақара сураси, 44-оят).
Бошқа оятда эса шундай хитоб қилган:
يتأَيُّهَا الَّذِينَ ءَامَنُوا لِمَ تَقُولُونَ مَا لَا تَفْعَلُونَ كَبُرَ مَقْتًا عِندَ اللَّهِ أَن
تَقُولُوا مَا لَا تَفْعَلُونَ )
«Эй иймон келтирганлар! Нима учун қилмайдиган нарсангизни гапирасизлар?! Ўзингиз қилмайдиган нарсани гапиришингиз Аллоҳнинг наздида қаттиқ ёмон кўрилгандир» (Соф сураси, 2-3-оятлар).
Яна бир оятда куйидагича марҳамат қилган:
وَمَا أُرِيدُ أَنْ أُخَالِفَكُمْ إِلَى مَا أَنْهَنكُمْ عَنْهُ إِنْ أُرِيدُ إِلَّا الْإِصْلَاحَ مَا
اسْتَطَعْتُ وَمَا تَوْفِيقِي إِلَّا بِاللَّهِ عَلَيْهِ تَوَكَّلْتُ وَإِلَيْهِ أُنِيبُ
«Мен сизларга мухолифлик қилиб, сизларни қайтараётган нарсани ўзим қилишни истамайман. Имконим борича, ислоҳдан ўзга хеч нарсани хоҳламасман. (Бунга) муваффақ қилиш эса Аллоҳнинг ихтиёридадир. Унга таваккул этдим ва Унга инобат қилдим (ихтиёримни топширдим)» (Худ сураси, 88-оят).
Набий соллаллоху алайхи васаллам бундай ишнинг хатарли ҳамда окибати аянчли бўлишини баён қилиб шундай деганлар:
عَنْ أَبِي زَيْدٍ أُسَامَةَ بْن زَيْدِ بْنِ حَارِثَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «يُؤْتَى بِالرَّجُلِ يَوْمَ القِيَامَةِ فَيُلْقَى فِي النَّارِ، فَتَنْدَلِقُ أَقْتَابُ
بَطْنِهِ فَيَدُورُ بِهَا كَمَا يَدُورُ الحِمَارُ في الرَّحَى ، فَيَجْتَمِعُ إِلَيْهِ أَهْلُ النَّارِ، فَيَقُولُونَ: يَا فُلانُ، مَا لَكَ؟ أَلَمْ تَكُ تَأمُرُ بالمَعْرُوفِ وَتَنهَى عَنِ المُنْكَرِ؟ فَيَقُولُ: بَلَى كُنْتُ آمُرُ
بِالمَعْرُوفِ وَلَا آتِيهِ وأَنْهَى عَنِ الْمُنْكَرِ وَآتِيهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.
Усома ибн Зайд ибн Ҳориса розияллоху анхумодан ривоят килинади: «Мен Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қиёмат куни бир киши келтирилиб, дўзахга ташланади. Унинг қорнидаги ичак-чавоқлари ташқарига чиқиб кетади. У киши уларнинг атрофида худди эшак тегирмонда айланганидек айланади. Шунда дўзах аҳли келиб: «Эй фалончи, сизга нима бўлди, ахир сиз амри маъруф ва нахйи мункар қилмасмидингиз?» дейишади. У: «Ҳа, яхшиликка буюриб, ўзим уни қилмас эдим, ёмонликдан қайтариб, ўзим уни килар эдим», дейди», деганларини эшитдим». (Муттафақун алайҳ).
Бундай огоҳлантириш айтган сўзига ўзи амал қилмайдиганлар учун ниҳоятда қаттиқ огоҳлантиришдир. Ҳикматларда айтилганки: «Ёмон уламолар жаннатнинг эшиги олдига ўтириб олиб, сўзлари билан инсонларни жаннатга чорлайдилар. Амаллари билан эса уларни жаннатдан тўсадилар. Уни кўрган одамлар: «Агар уларнинг ҳузурида яхши нарсалар бўлганида, биринчилардан бўлиб ўзлари бундан фойдаланувчи бўлар эдилар», дейишади». Бу эса айтган сўзига ўзи амал қилмасликнинг энг хатарли натижасидир. Чунки у бундай иши билан одамларни Аллоҳнинг йўлидан тўсиб қўяди. Бунга сабаб, одамлар амри маъруф қилувчи шахснинг айтган сўзига ўзи амал қилмаётганини кўриб, унинг сўзини қабул қилишдан юз ўгиришади ва «Агар айтаётган сўзида яхшилик бўлганида, биринчилардан бўлиб ўзлари шу ишни қилишлари керак эди», деб ўйлашади. Натижада унинг айтганига эмас, балки қилган ишига эргашиб кетишади. Бу ҳам исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.
Эслатма:
Баъзи инсонларни шайтон алдаб: «Айтаётган сўзингга ўзинг амал кила олмасанг, унга буюрмагин. Чунки сен ўзинг амал қилмаган ишга буюрсанг ёки ўзинг қайтмаган ишдан қайтарсанг, Куръон ва Суннатда мазаммат қилинган кимсалардан бўлиб қоласан-ку. Бу эса Аллоҳнинг наздида энг ёмон кўрилган нарсадир. Сен айтаётган сўз ва қилаётган ишнинг бир-бирига зид эканини кўриб, одамлар нима дейишади? Бу иш сенга лойиқ эмас», деб васваса қилади.
Бу хатарли тойилишдир. Уламолар бу нарсага жуда катта эътибор қаратганлар. Чунки бирор-бир инсон йўқки, унинг айб ва камчилиги бўлмаса. Агар инсон барча гуноҳлардан покланмагунча амри маъруф қилишни тўхтатиб турса, у ҳеч қачон амри маъруф ва наҳйи мункар қила олмайди.
Саъид ибн Жубайр раҳматуллоҳи алайҳ: «Агар киши то ўзини тўлиқ гуноҳдан покламагунча амри маъруф ва наҳйи мункар қилмайдиган бўлса, унда бирор кимсага амри маъруф ва наҳйи мункар кила олмайди», деганлар. Буни шарҳлаб, Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ: «Туғри айтган, чунки бирорта ҳам гуноҳи йўқ ким бор, ахир?!» деганлар.
Ибнул Жавзий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Баъзи инсонларни шайтон васаваса қилади. Улар бирор мункар ишни кўришса, ундан қайтаришмайди. Ўзига ўзи: «Солиҳ кишиларгина амри маъруф ва наҳйи мункар қилади. Мен ўзим солиҳ бўлмасам, қандай қилиб бошкаларга амри маъруф қилишим мумкин?» дейди». Бу мутлақо хатодир. Чунки гарчи ўзи шу гуноҳга мубтало бўлган бўлса ҳам, унинг зиммасида яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш бордир. Лекин ўзи ҳам мункар ишни қилмаган ҳолда ундан қайтарса, сўзи таъсирлироқ бўлади. Агар ўзи қайтмаган ишдан қайтарса, унинг қайтариғи таъсирли бўлмаслиги мумкин. Шунга кўра мункар ишдан қайтаришда сўзи таъсирли бўлиши учун кайтарувчининг ўзи ҳам у ишдан қайтган бўлиши лозимдир». Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
أتَأْمُرُونَ النَّاسَ بِالْبِرِّ وَتَنسَوْنَ أَنفُسَكُمْ
«Одамларни яхшиликка чорлаб туриб, ўзингизни унутасизми?» (Бақара сураси, 44-оят).
Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ бу оят ҳақида шундай деганлар: «Бундан мақсад – Аллоҳ таоло уларни қилмишлари сабабли мазаммат қилиб, йўл қўйган хатоларидан Аллоҳ таолонинг огоҳлантиришидир. Чунки улар яхшиликка чорлаб туриб, ўзлари эса уни қилмас эдилар. Ояти каримада улар ўзлари яхшиликни тарк қилган ҳолда, ўзгаларни унга буюргани учун эмас, балки шу ишни ўзлари қилмагани учун танқид қилиняпти. Чунки яхшиликка буюриш маъруф иш бўлиб, бу иш олим кишилар учун вожиб амалдир. Лекин ундан-да вожиброғи, ўзи ҳам ортда қолмасдан, буюраётганига амал қилишидир. Буларнинг барчаси, яъни яхшиликка буюриш ҳамда ўзи ҳам шу ишни қилиш вожибдир. Солиҳ салафлар ҳамда халаф уламоларнинг саҳиҳ қавлига кўра, булардан бирининг тарк бўлиши иккинчисини соқит қилмайди. Айримлар эса: «Гуноҳкор киши ўзи мубтало бўлиб турган гунохдан ўзгаларни қайтармайди», дейишади. Бу жуда ҳам заиф сўз. Айниқса, юқоридаги оятга асосланиб шундай дейиш ундан-да заифдир. Чунки бу оятда уларга ҳужжат йўқ. Саҳиҳ гап шуки: «Олим гарчи узи яхши ишни қилмаса ҳам, унга буюради ва гарчи ёмон ишни қилиб турса ҳам, ундан кайтаради».
Бундан маълум бўладики, агар инсон бирор мункар ишни ўзи қилиб туриб, ўзгаларни ундан қайтарса ёки ўзгаларни бирор фарз ёки вожибга буюриб туриб, ўзи уни қилмаса, у битта гуноҳни қилган бўлади.
Аммо ўзи фарз ёки вожиб каби бирор амални қилмаса ва ўзгаларни хам унга буюрмаса ёки ўзи бирор мункар ишни қилиб турса ва ўзгаларни ҳам ундан қайтармаса, икки томондан гуноҳкор бўлади.
Олтинчи одоб – мақталган ахлоқлар билан зийнатланган бўлсин.
Бундай ахлоқлардан ҳалимлик ва мулойимлик юқорида ўтди. Шунингдек, амри маъруф ва наҳйи мункар қилувчи шахс олийжаноб, очиқ чехрали, карамли, шижоатли, яхшилик қилувчи, ростгўй, омонатдор ва бундан бошқа фазилатли хулклар билан ҳам зийнатланган бўлиши керак. Бу сифатларнинг барчаси унга амри маъруф қилишида, Аллоҳнинг тавфиқига эришишида ва сўзининг таъсирли бўлишида кўмакчи бўлади. Аммо ёмон хулқ одамларнинг нафратига ҳамда унинг сўзи таъсир килмаслигига сабаб бўлади. Бу исботини топган ҳақиқатдир.
Еттинчи одоб – одамлардан тама қилмаслик.
Амри маъруф қилувчи агар одамлардан дунё нарсаларидан бирор нарсани тама килса, у Аллоҳнинг динида тилёғламалик қилган бўлади. Тама сабабли уларни мункар ишдан қайтара олмайди. «Мухтасару Минҳожил косидийн» китобида муҳтасибнинг (Муҳтасиб исломий мансаблардан бири бўлиб, бундан мақсад амри маъруф ва наҳйи мункар килувчи шахсдир.) одоби ҳақида қуйидаги одоблар зикр қилинган: «Турли алоқаларни камайтириш ҳамда тилёғламалик бўлиб қолмаслиги учун халойикдан тама қилишни узиш керак. Агар икки нарсада одамлардан тамагирликни уза олмаса, уларни мункар ишдан кайтаришга қодир бўлмайди. Биринчиси: одамларнинг унга илтифотини тама килиш. Иккинчиси: одамларнинг ундан розилигини ва уни мақташларини тама қилиш».
Демак, амри маъруфдан савоб умид қилувчи киши дунё нарсаларидан ҳатто оз бўлса ҳам, бирор нарсага эришишни тама қилмаслиги лозим.
Саккизинчи одоб – ихтилофли масалаларни бутунлаи инкор қилиб юбормаслик.
Агар ихтилоф қилинаётган масаланинг тўғрилигида икки тарафнинг ҳам етарли далили ва таъвили бор бўлса, бундай ҳолатларда инкор қилиб юбориш тўғри эмас. Лекин ҳаромлигига ижмоъ қилинган масалаларда ёки қарши тараф мутлақо илмдан бехабар киши бўлган ҳолда, ёки карши томоннинг зиддига аниқ, ёрқин далил бор бўлса, шундай ҳолатлардагина инкор қилиш тўғри бўлади.
Тўққизинчи одоб — наҳйи мункар қилишга муносиб вақтни ихтиёр қилиш.
Аслида амри маъруф ва наҳйи мункар қилиш учун ҳам муносиб вақтни билиш вожибдир. Чунки гоҳида номуносиб вақтда қилинган амри маъруф натижасида ислоҳидан кўра фасоди кўпроқ бўлиб кетиши ҳам мумкин. Масалан, раҳбар кишини бошқалар олдида кўполлик билан ҳатто кичкина бўлса-да, мункар ишдан қайтариш одобдан эмас. Чунки раҳбар қайсарлик қилиб, унга зарар етказиб қўйиши мумкин. Ёки бирор киши ғазаб билан бировни сўкиб турган бўлса, уни бу гунох ишдан қайтариш мақсадида диндан насиҳат қилинса, динни сукиб юбориши мумкин. Бунда насиҳат қилувчи унинг куфр сўзни айтишига сабабчи бўлиб қолади. Шунинг учун амри маъруф ва наҳйи мункар қилувчи киши муносиб вақтни билиб, кейин насиҳат қилиши лозим. Лекин муносиб вақтни топа олмаётганини баҳона қилиб, наҳйи мункар килишни буткул тарк қилиб юбормаслик керак.
Ўнинчи одоб – наҳйи мункарнинг даражама-даража қилинишига риоя этиш.
Амри маъруф ва наҳйи мункар киладиган киши уларнинг тартибига риоя килиши лозим.
عَنْ أَبِي سَعِيد الخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهِ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، يَقُول: «مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَرًا فَلْيُغَيِّرْهُ بِيَدِهِ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ،
لمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ، وَذَلِكَ أَضْعَفُ الْإِيْمَانِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
فَإِنْ
Абу Саъид Худрий розияллоху анхудан ривоят килинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоху алайхи васалламнинг «Сизлардан бирортангиз мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар кодир бўлмаса, тили билан (ўзгартирсин,) агар (бунга ҳам) қодир бўлмаса, қалби билан (норози бўлсин). Буниси иймоннинг заифроғидир», деганларини эшитдим» (Муслим ривоят қилган).
Агар қўл билан қайтаришда бирор зарар келиб чиқмайдиган бўлса, кўл билан қайтарилади. Агар бирор фасод ёки ёмонлик келиб чикиши тил билан қайтарилади. Агар бунга ҳам ожиз бўлса, дан хавфсираса, калб билан кифояланади. Қайси ўринда қайси аъзо билан ваъз килиш фойдали бўлса, шунга риоя килиш лозим бўлади. Шунга кўра агар тилнинг қайтариши кифоя қилса, қўл билан қайтаришга ўтмайди.
Ўн биринчи одоб — энг муҳимидан бошлаш.
Агар бирорта кучсиз кишини биров дўппослаётганини ва бошка бир кишининг эса тамаки чекиб турганини кўрса, тамаки чекаётган кишига насихат қилишдан олдин калтаклаётган кишини тўхтатади. Ёки бир киши отасини сўкаётган бўлса ва бошқа бир киши эса сувни исроф килаётган бўлса, аввал отасини сўкаётган кишини мункар ишдан қайтаради. Мана шу каби, аввал муҳимроғидан бошлаш лозим бўлади. Баъзилар эса бундай нарсаларга риоя қилмайди. Бу ҳам илмсизлик ва ақли кусурликдандир.
Ўн иккинчи одоб иложи борича махфий равишда қайтарсин.
Агар мункар ишдан қайтаришда махфий қайтариш манфаатлироқ бўлса, имкон қадар махфий равишда қайтариш лозим. Чунки махфий равишда қайтарилса, уни қабул қилиш ҳам осон бўлади. Шунингдек, ҳеч бир инсон кўпчилик олдида мункар ишдан қайтарилишни истамайди. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: «Ким биродарига махфий равишда насиҳат қилса, уни зийнатлабди. Ким унга ошкора ваъз қилса, уни шарманда килибди», деган.
Гунох килган кишини одамлар ичида шарманда қилмасдан, унга ҳеч ким йўқ жойда махфий равишда насиҳат қилинса, насиҳатни қабул қилиши осон бўлади. Аммо агар бирор суннатни изҳор қилиш ёки бирор бидъатнинг олдини олиш каби ишлар бўлса, бу каби нарсалар имкон кадар ошкор айтилгани яхшидир.
• Ўн учинчи одоб – одамларнинг айбларини қидириб юрмаслик.
Мункар ишдан қайтариш мақсадида уни қидириб топиш учун уйларни пойлаб юриш, жосуслик қилиш, девор оша мўралаш ва шу каби бошқа ишлар қилинмайди. Бундай қилиш дуруст эмас. Мовардий раҳматуллоҳи алайҳ айтганлар: «Муҳтасиб ошкор бўлмаган ҳаром ишларни қидирмаслиги лозим. Лекин агар маълум бир кавмнинг анчадан буён бирор маъсиятни қилиб юрганига қандайдир белги ёки аломат сабабли гумони ғолиб бўлса, бунда икки хил йўл тутиш бор. Биринчиси: кейин тўғрилаб бўлмайдиган ҳаром иш бўлса, масалан, бир кишининг бошка бировни ўлдириш учун у билан холи экани ёки бир аёл билан зино қилиш учун холи қолгани ҳақида ишончли киши хабар келтирса, бу нарсани кейин тўғрилаш мумкин бўлмагани сабабли ушбу ҳолатда жосуслик қилиш, излаб топиш жоиз ҳисобланади. Шунингдек, муҳтасиб мансабида бўлмаган киши ҳам бундай ишни қилиши жоиздир. Иккинчиси: бундан кўра енгилроқ даражадаги ҳолат бўлиб, бунисида жосуслик қилиш ва бостириб кириш мумкин эмас. Масалан, бир уйдан шариат ман килган куй-қўшиқлар эшитилаётган бўлса, буни қайтариш учун уйга бостириб кирилмайди. Балки ташқаридан туриб қайтариб кўйилади.
Ўн тўртинчи одоб – ужб, яъни манмансирашдан эҳтиёт бўлиш.
Амри маъруф қилувчи шахс манмансирашдан сақланиши лозим бўлади. У ўз нафсини гуноҳкорлардан кўра афзал билмаслиги керак. Хусусан, гуноҳкорлар қилган ишининг гуноҳ эканини тан олиб, ўзларида хорликни ҳис қилиб турган вақтда амри маъруф ва наҳйи мункар қилувчи ўзини улардан ортиқ деб билса, унинг ўзи улардан-да тубанга айланади. Чунки бу иши уни такаббурликка олиб боради. Натижада гуноҳи кабирага мубтало бўлади. Гоҳида манмансираш баъзи инсонларни султон ва шу каби мартабали кишиларнинг ҳузурида амри маъруф қилишга журъатли қилиб қўяди. Лекин унинг қилган амри маъруфи манмансираш сабабли бўлгани учун бекор бўлиб, савобга эришмайди. Аксинча, у гуноҳкор бўлади.
Солиҳ салафлардан бўлган Абу Сулаймон раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Мен халифа Абу Жаъфар Мансурнинг жума куни йиғлаб хутба қилиб турганини кўрдим ва ғазабим келиб, хаёлимга «Хутбадан тушса, бориб, унинг ўзим билган баъзи бир ишларидан унга ваъз-насиҳат қиламан», деган ўй-фикр келди. Лекин одамлар тикилиб турганда, менда бир гўзал кўриниш пайдо бўлиб, (яъни ўзимча қаҳрамонлик қиламан деб, манмансираб,) уларнинг олдида халифага насиҳат қилиб, сўнг у мени қатлга буюриб, бунинг натижасида бекорга ўлиб кетишни хуш кўрмадим ва ўтириб, сукут сақладим».
Яъни у зот: «Ужб сабабли одамларнинг кўзлари олдида ҳақни гапириб, савобдан ҳам бебаҳра қолиб, бекорга ўлиб кетишим мумкин», демокда.
Солих салафлардан бўлмиш Довуд Тоийдан: «Амирларнинг олдига уларга амри маъруф ва наҳйи мункар қилиш учун кирган киши ҳақида нима дейсиз?» деб сўрашди. Шунда у зот: «Унинг камчи билан урилишидан қўрқаман», деди. Савол берувчи: «У қамчига бардош бера олади», деди. У зот: «Унга қилич етишидан қўрқаман», деди. Савол берувчи: «Унга ҳам тоқат қила олади», деди. Шунда у зот: «Унга яширин дард бўлган ужб етишидан қўрқаман», деб жавоб берган экан.
Бу ҳам ужбдан сақланишга тарғибдир. Лекин амирлар ва волийларга нисбатан одоб шартларига риоя қилган ҳолда, яхши ниятда, мулойимлик ва хурмат билан, имкон бўлса, махфий равишда амри маъруф ва наҳйи мункар қилиш энг савобли ишлардан бири ҳисобланади.
«Ислом одоблари энциклопедияси» китобидан.

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги