Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Сўзинг оз бўлсин, маъноли бўлсин…

Сўзинг оз бўлсин, маъноли бўлсин…

Аллоҳ таоло инсониятни мукараррам қилиб яратди. Унга фикрлаш учун ақл, сўзлашиш учун тил берди. Инсон ўйлаган фикрини тўлиқ ифодалаб бериши учун тилга муҳтож. Агар сўзлайдиган тили бўлмаса, фикрини бировга тўлиқ етказиб бера олмайди. Тилнинг инсонга қанчалик муҳим эканини ҳаммамиз ҳам ҳис қилавермаймиз. Бу неъматнинг қадрига етиш учун Аллоҳ тилсиз яратиб қўйган, имо-ишора билан гаплашадиган инсонларни кузатсак, ибрат оламиз. Шариатимизда тилни сақлаш борасида кўплаб кўрсатмалар ворид бўлган

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким менга икки жағи ва икки оёғи орасидаги нарсага кафолат берса, мен унга жаннатга кафолат бераман”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадисда икки жағ орасидаги нарсадан, тилни ҳаром, фисқ сўзлардан ва оғизни ҳаром луқма ейишдан сақлаш ҳақида айтилмоқда. Икки оёқ орасидан эса, жинсий аъзосини зино ва шу каби ҳаром ишлардан сақлаш ирода қилинмоқда. Бу ҳадисдан бу амаллар инсонга қанчалик муҳим эканлиги, бунинг эвазига Пайғамбаримиз алайҳиссалом томонидан жаннатга киришига кафолат бериляпти.

Яна бир ҳадиси шарифда бундай дейилган. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «ֿУ: “Мен: “Эй Расулуллоҳ, мусулмонларнинг қайси бири афзалдир”, деб айтдим. У зот: “Мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломат бўлган кишидир”, дедилар (Муттафақун алайҳ).

Демак, мусулмон киши ҳеч кимга тили ва қўли билан азият бермаслиги керак. Бу жойда тил қўлдан аввал зикр қилиниши, одатда тилдан бўладиган азият қўлдан бўладиган азиятдан кўпроқ ва қаттиқроқ бўлишига ҳам ишора бор.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У: “Мен: “Эй, Расулуллоҳ, нажот нима?” дедим. У зот: “Тилингни тийгин, уйинг сени сиғдирсин ва хатоларингга йиғлагин”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, яхши гап айтсин ёки жим турсин”, дедилар (Муттафақун алайҳ).

Бу ҳадиси шарифда инсон фақат яхши гапларни гапириши ёки жим туриши лозим эканига кўрсатма бериляпти. Зеро, инсоннинг оғзидан чиққан сўзи фойдасига ёки зарарига ҳужжат бўлади. Шунга кўра, фойдали сўзлардан гапириши, бу қўлидан келмаса, жим туриши яхши экан. Бу ҳақда Абдулла Авлоний қуйидагича шеър айтган:

Сўйласанг сўйла яхши сўзлардин

Йўқса жим турмоғинг эрур яхши,

Ўйласанг яхши фикрлар ўйла

Йўқса гунг бўлмоғинг эрур яхши,

Ишласанг ишла яхши ишларни

Йўқса, бекорлиғинг эрур яхши.

Бошқа шеърида эса бундай деган:

Сўзинг оз бўлсун, маъноли бўлсун

Эшитганлар қулоғи дурга тўлсин,

Сўзинг бўлса кумуш, жим турмак олтун,

Миси чиқғой сўзинг кўб бўлса бир кун

Кўпайган сўзни бўлгай тўғриси оз

Шакарнинг кўпидан ози бўлур соз.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, инсон тилида дунё ва охирати учун фойдали гапларни гапириши, ўзига ва бошқаларга зарарли сўзлардан сақланиши лозим.

Шокиржон МАДАМИНОВ,

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси

[carousel-horizontal-posts-content-slider]