Буюк Британиядаги 350 дан зиёд масжид рахбарлари ҳар йили ўтказиладиган Beacon Mosque Awards мукофоти тақдирлаш маросимида иштирок этдилар. Бу мукофот мамлакатдаги энг зўр масжидлар ва Ислом марказларини тақдирлаш учун таъсис этилган. Бундан мақсад, масжид ва Ислом марказларининг жамиятдаги ўрни нақадар катта эканлигини эътироф этишдан иборат. Масжидлар 10 тоифада баҳоланади, маҳаллий жамиятга қўшган ҳиссасидан тортиб, то бошқарув сифатигача ва охирида 3, 4, 5 та юлдузгача тақдирланадилар.
Юқори обрўга эга бўлган “Буюк Британиядаги энг яхши масжид бошқаруви” мукофоти бу йил Бирмингемдаги “Грин Лэйн” масжидига топширилди.
“Ташкилотчилар 10 йўналиш бўйича мукофотларни топширадилар. Бизга “Энг яхши масжид бошқаруви” ғолиблиги берилди ва бу мукофотлар ичида энг обрўлиси саналади. Биз бу мукофотга лойиқ топилганимиздан жуда мамнунмиз. Бу қилаётган ишимизнинг эътирофидир”, – дейди “Грин Лэйн” бош директори Камрон Хусайн.
Мукофотни олар экан, Камрон Хусайн уни 2013 йилда ҳуфтон намозидан қайтаётганда исломофоб экстремист томонидан ўлдирилган, масжид аҳлидан бўлган мўйсафид – Муҳаммад Салимга бағишлади.
Beacon Mosque Awards мукофоти таъсисчиси Шавкат Варрайҳ шундай дейди: “Beacon Mosque” стандарти жамиятнинг ажралмас қисми бўлган ушбу машаққатли меҳнат соҳибларини эътироф этади ва мукофотлайди. Масжидлар фаолиятини яхшилаш орқали биз диний марказларимиздан фахрланамиз ва ўзаро алоқаларимизнинг мустаҳкамланишига эришамиз. Умид қиламизки, бу ташаббус сабабли келажакда масжидлар эътиқод қилувчилар, қўшнилар, шаҳарлар ва бутун дунё учун маёқ бўла оладиган келажакни барпо этишга кўмаклашади”.
Beacon Mosque Awards мукофотининг бу йилги совриндорлари қуйидагича:
Масжиднинг энг яхши бошқаруви – “Грин Лэйн” масжиди, Бирмингем;
Энг яхши ёшлар хизмати – “Гвиданс Хаб”, Манчестер;
Мадрасадаги энг яхши хизмат – “Ал-Фурқон” Ислом маркази, Манчестер;
Кексалар билан ишлаш бўйича энг яхши хизмат – “Хизра” масжиди, Манчестер;
Энг яхши матбуот хизмати – “Ал-Манар” мусулмон маданият маркази, Лондон;
Аёллар билан ишлаш бўйича энг яхши хизмат – “Ал-Мадина” масжиди, Лондон;
Фаолияти энг самарали имом – имом Хаммод, “Иқро” маркази, Ковентри;
Энг яхши экологик хизмат – Кембриж Марказий масжиди;
Энг яхши хайрия хизмати – “Ал-Мадина” масжиди, Лондон;
Энг яхши инновацион хизмат – “Харроу” марказий масжиди, Ғарбий Лондон.

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги