Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / ШУКР ҚИЛИШ ҲАМ ИБОДАТ

ШУКР ҚИЛИШ ҲАМ ИБОДАТ

Аввал хабар берганимиздек таниқли уламоларимизнинг Тошкент шаҳри масжидларида маърифий суҳбатлари давом этмоқда.

Бугун Тошкен вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги “Абдулҳамид ҳожи ота” масжидига ташриф буюриб, пешин намозини жамоат билан адо этганидан сўнг намозхонларга “Шукр қилиш ҳам ибодат” мавзусида гўзал мавъиза қилиб берди:

– Муқаддас Ислом динида шукрга буюк ибодат сифатида қаралади. Бандаларини ҳамиша ва ҳар қачон шукр қилишга буюрган Аллоҳ биринчи навбатда ўзини шукрни қабул қилувчи деб атаган: “Ким яхшиликни холисона қилса, бас, албатта, Аллоҳ шукр қабул этувчи доно Зотдир” (Бақара сураси, 158-оят).

Ривоятларда келишишича, ҳаётининг танглигидан нолиётган кишига қараб бир донишманд: “Мана шу кўзингни сотсанг юз минг дирҳам бераман”, дебди. Киши унамабди. “Икки қўлинг учун юз минг дирҳам бераман”, деганда киши яна кўнмабди. “Унда икки оёғинг учун юз минг дирҳам бераман”, деб жисмидаги бошқа аъзоларини шу зайил бирма-бир савдолашиб кетибди. Киши барчасига “Йўқ”, деб жавоб қайтараверибди. Сўнгра донишманд “Сенда юз минглаб дирҳамлик бойлик борлигини кўрдим. Сен бўлса муҳтожман деб шикоят қилмоқдасан”, деб дашном берган экан.

Ҳа, азизлар, биз ҳозир, айни дамларга кўзимиз кўриб, қулоғимиз эшитиб, оёғимиз юриб турганига қанчалар шукр қилсак кам. Таъм ва ҳид билишимизнинг ўзи катта неъмат.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Неъмат шукрга боғланган. Шукр эса зиёда бўлиш билан алоқадор. Ҳар иккиси тенг бириктирилган. Бандадан шукр тўхтамагунча Аллоҳ томонидан зиёда қилиш тўхтамайди”, деган. Демак, биз юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикка, эркин нафас олаётганимизга, юриб турганимизга, кўриб турганимизга шукрлар қилишимиз керак. Шукр ҳам аслида ибодат. Шукр қилиш орқали савобларга эришамиз, иншоаллоҳ.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]