Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Тасбеҳ ишлатиш ҳукмлари

Тасбеҳ ишлатиш ҳукмлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Қадим-қадимдан юртимизда ҳеч ихтилофсиз ишлатиб келинган тасбеҳни бидъат, ҳаром дейдиганлар пайдо бўлди. Динда бир амални бидъат ёки ҳаром дейиш учун кучли далиллар керак. Тасбеҳ ишлатишдан ман қиладиган бундай далиллар эса мавжуд эмас. Тасбеҳ ишлатиш жоиз экани ҳақидаги далиллар инкор этиб бўлмас даражада қувватли ва кўпдир.

Сафия бинти Ҳуяй онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда бундай дейилади:

دَخَلَ عَلَىَّ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم وَبَيْنَ يَدَىَّ أَرْبَعَةُ آلاَفِ نَوَاةٍ أُسَبِّحُ بِهَا فَقُلْتُ لَقَدْ سَبَّحْتُ بِهَذِهِ. فَقَالَ « أَلاَ أُعَلِّمُكِ بِأَكْثَرَ مِمَّا سَبَّحْتِ بِهِ ». فَقُلْتُ بَلَى عَلِّمْنِى. فَقَالَ « قُولِى سُبْحَانَ اللَّهِ عَدَدَ خَلْقِهِ ».

яъни: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг олдимга кирдилар. Олдимда тўрт минг дона данак бор бўлиб, улар билан тасбеҳ айтар эдим. Шунда У Зот: “Сенга сен айтаётган тасбеҳдан кўра кўпроғини ўргатайми?” дедилар. Мен: “Ўргатинг”, дедим. У Зот “Субҳаналлоҳи адада холқиҳ”, деб айт, дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Мазкур ҳадис тасбеҳ ишлатишнинг жоизлигига далилдир. Зеро, бунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тақрирлари (жоиз ишни ўз ўрнида қолдиришлари) бор. Агар тасбеҳ ишлатиш мумкин бўлмаганида, Расул алайҳиссалом онамизни дарҳол бу ишдан қайтарган бўлар эдилар. У зот онамизнинг олдидаги данакни кўриб индамаганлари бу ишнинг жоизлигига далил бўлади (“Мирқотул мафотиҳ” ва “Туҳфатул аҳвазий”).

Машҳур саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг халтачада тош ёки данаклари бўлиб, улар билан “Субҳаналлоҳ, субҳаналлоҳ” деб тасбеҳ айтар эдилар. Тошлар тугагач, чўриларига берар, чўрилар уларни тўплаб халтачага солиб, яна у кишига қайтариб берар эди (Имом Ибн Абу Шайба ривояти).

Бадр жангида қатнашган саҳобалардан қирқ нафари билан учрашиб, ҳадис эшитган тобеин Қосим ибн Абдурраҳмондан ривоят қилинади: “Абу Дардо разияллоҳу анҳунинг бир халтачада ўнтача ажва хурмосининг данаклари бўлиб, бомдод намозини ўқигач, халтачадан данакларни бирма-бир олиб тасбеҳ айтар, данаклар тугагач, бирма-бир яна халтачага қайтариб солар эди. Доим шу ҳолатда тасбеҳ айтар эди” (Имом Аҳмад ривояти).

Юнус ибн Убайд онасидан ривоят қилади: «Унинг онаси “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бўлган Абу София деган киши бизнинг қўшнимиз эди. У кишининг тасбеҳ айтиш учун тошчалари бор эди”, деган (Имом Аҳмад ривояти).

Аллома Абдулҳай Лакнавий ўзининг “Зийнатул фикр фи субҳатиз зикр” номли асарида тобеинларнинг улуғларидан Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳдан нақл қилади: «Ҳасан Басрийдан қўлларида ҳамиша тасбеҳ бўлишининг сабаби ҳақида сўралганида: “Биз авваллари (саҳобалар даврида) буни ишлатар эдик, келажакда ҳам буни тарк қилмаймиз. Мен қалбим, тилим ва қўлим билан зикр қилишни яхши кўраман” деган».

Мазкур далиллардан маълум бўладики, тасбеҳ ишлатиш асло бидъат эмас, балки жоиз, ҳатто мустаҳабдир. Чунки буни ман қиладиган бирорта далил йўқ. Балки саҳобалардан келган хабарлар туфайли бу ишни қилиш марғуб амалдир. Валлоҳу аълам.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]