Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / Идда сақлаш насллар аралишининг олдини олади

Идда сақлаш насллар аралишининг олдини олади

Хизмат тақозоси билан маҳаллалар хотин-қизлари фаоллари ила оилаларга, хонадонларга борамиз. Ажрим ёқасига келиб қолган эр-хотинларни яраштиришга интиламиз. Аксар ҳолларда бу ишнинг уддасидан чиқамиз ҳам. Лекин айрим ҳолларда арзимас баҳоналарни рўкач қилиб, фарзандларини тирик етим қилаётганларга ҳеч бир маслаҳат кор қилмайди.

Яна бир ачинарли ҳолат шуки, суд орқали ажрашган аёлни собиқ эри уйидан чиқариб юборади. Эрга ҳар қанча тушинтирсак ҳам собиқ аёли идда ўтириш учун унга шароит қилиб бермайди. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Талоқ қилинган аёллар ўзларига қараб, уч ҳайз муддати (ўтишини) кутиб ўтирадилар” (Бақара сураси, 228-оят).

  Идданинг бир қанча ҳикматлари бор. Энг муҳимлари; аёлнинг ҳомиласи бор ёки йўқлиги аниқ бўлади ҳамда никоҳнинг ҳаққини адо қилади (яъни, никоҳ узилганидан хафалигини изҳор қилади)

Идда сақлаш уч нарса сабабли вожиб бўлади:

1) Талоқ;

Эр хотинига боин ёки ражъий талоқ қўйса, хотин ҳайз кўрадиган аёл бўлса, уч марта ҳайз кўриб, поклангунича иддада ўтиради. Бу ҳақда Бақара сураси, 228-оятдан бундай марҳамат қилинган: “Талоқ қилинган аёллар ўзларига қараб, уч ҳайз муддати (ўтишини) кутиб ўтирадилар”.

Агар ёши кичиклиги ёки қарилиги сабабли ёки балоғат ёшида бўлса ҳам, ҳайз кўрмайдиган бўлса, уларнинг иддаси уч ой бўлади. Бу ҳақда ояти каримада шундай баён қилинади: “Хотинларингиз орасидаги (кексайиб) ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар (иддалари хусусида) шубҳалансангиз, бас, (билингизки) уларнинг иддалари уч ойдир, яна (бирор марта) ҳайз кўрмаганларнинг (иддалари) ҳам” (Талоқ сураси, 4-оят).

Агар талоқ қилинган аёл ҳомиладор бўлса, унинг иддаси туққунича давом этади. Идда ўтирган ҳомиладор аёлнинг боласи тушса, боланинг аъзолари аниқ билиниб қолган бўлса, шу билан идда тугайди, аъзолари билинмаган нарса тушса, идда тугамайди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ҳомиладорларнинг (идда) муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (кўз ёришлари)дир. Кимки Аллоҳга тақво қилса, (Аллоҳ) унинг ишини осон қилур” (Талоқ сураси, 4-оят).

2) Эрнинг вафот этиши;

Эри вафот этган аёл тўрт ойу ўн кун идда ўтиради. Бунинг далили қуйидаги оятдир: “Сизлардан вафот этиб, хотинларини қолдирган бўлсалар, (бева хотинлари) тўрт ою ўн кун ўзларини кузатиб (идда сақлаб) ўтирадилар” (Бақара сураси, 234-оят).

Агар эри вафот этган аёл ҳомиладор бўлса, унинг иддаси туққунича бўлади.

3) Жинсий алоқа;

Гувоҳларсиз никоҳланиб, кейин жинсий алоқада бўлинган бўлса, бундай никоҳ фосид никоҳ бўлиб, улар ажралиб кетса ёки эркак вафот этса ҳам, аёл ҳайз билан идда ўтиради. Шубҳа билан, яъни ўзининг жуфти деб ўйлаб, бошқа билан жинсий алоқада бўлса ва кейин иккиси ажралиб кетса ёки эркак вафот этса ҳам, у аёлнинг иддаси ҳайз билан бўлади.

Никоҳдан кейин хилвати саҳиҳадан яъни жинсий алоқага имконият бўлишидан аввал эр талоқ қилса, унинг аёли идда ўтирмайди. Бу тўғрисида Аҳзоб сурасида шундай дейилади: “Эй, мўминлар! Қачонки, сизлар мўминаларни никоҳингизга олсангиз-у, сўнгра уларга «тегиш»дан илгари уларни талоқ қилсангиз, у ҳолда сизлар учун уларнинг зиммасида санайдиган идда йўқдир. Бас, сизлар уларни (озгина моддий) баҳраманд этиб, чиройли кузатиш билан кузатингиз!” (49-оят).

Демак, идда тугагач, эр ва аёл ўртасидаги никоҳ алоқалари тугайди. Янгидан турмуш қурмоқчи бўлган аёл идда муддати тугагандан кейингина никоҳланиши мумкин бўлади (Манбалар: “Ҳидоя”, “Ал-Мухтор” ва “Ал-Ихтиёр” китоблари).

Шундай экан, ҳар бир эр, тақдир тақозосига кўра, охириг чора сифатида аёли билан ажрашган бўлса ҳам, шариат кўрсатмасига риоя қилиш, яъни собиқ аёлининг идда сақлашига шароит яратиб бериши керак.

Нигора ИМОМОВА,

Тошкент вилояти бош отинойиси

[carousel-horizontal-posts-content-slider]