Ислом илм дини эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Исломни ўрганиш учун ҳам илмга уриниш лозим. Барча исломий илмлар шу мақсадга хизмат қилади. Жумладан, биз баҳс қилиб турган мавзу учун ҳам илм энг муҳим омил эканини яна бир бор таъкидламоқчимиз.
Шу билан бирга, воқелигимиздан келиб чиқиб, минг афсуслар ила таъкидламоқчимизки, кўпчилигимиз илмга керакли масъулият билан қарай олмаймиз. Хусусан, диний таълимотларни ўрганишга бўлган эътиборимиз жуда ҳам ночор ҳолда. Кўпчилигимиз диний тушунчаларни ўзлаштириш учун тайёр турган китобни ўқишга ҳам дангасалик қиламиз.
Шоядки, келгуси сатрларда илм ҳақидаги ёритилажак нарсалар кўпчилик учун илмга туртки бўлар, деган умиддамиз.
Гапни илмнинг луғатдаги маъноси билан танишишдан бошлайлик.
«Илм» сўзи араб тилида «бир нарсанинг бошқасидан ажратиб турадиган белгиси» маъносини англатади. Бинобарин, «таълим» ўрганувчининг кўп такрорлаши сабабли унинг шахсиятига таъсирини ўтказувчи омил эканини билиб оламиз.
Луғат илмининг кўзга кўринган арбобларидан бири бўлган Ибн Манзур: «Илм жоҳилликнинг акси бўлиб, у бир нарсанинг бошқалардан ажралиб турувчи белгисини билиб олишдир», деган.
Илмнинг истилоҳий маъноси қуйидагича:
Журжоний «Таърифот»ида: «Илм воқеликка мувофиқ бўлган жазмли эътиқоддир», деган.
Имом Fаззолий рfҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Илм бир нарсани худди ўзидек идрок қилишдир».
Илм ва унга боғлиқ маъноларни ифода этган ояти карималарнинг сони уч юз етмиш тўққизтадир.
Қуръони Каримнинг илмга оид оятларидан баъзиларинигина келтириб ўтамиз.
Аллоҳ таоло «Фотир» сурасида:
«Албатта, Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар», деган (28-оят).
Аллоҳ таолонинг қудратини ҳис этиб, махлуқотлардан ибрат олиб, уларнинг яратувчиси борлигини англаб етиб, ақли билан Аллоҳни топган ва Ундан қўрққан одамгина олим ҳисобланади.
Аллоҳ таоло «Зумар» сурасида:
«Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўладиларми?» деган (9-оят).
Албатта, тенг бўлмайдилар. Биладиганлар иймон келтириб, ибодат қиладилар. Билмайдиганлар куфр келтириб, исён қиладилар.
Аллоҳ таоло «Анкабут» сурасида:
«Бу мисолларни одамларга келтирамиз, уларга фақат олимларнинггина ақли етар», деган (43-оят).
Бу борадаги ҳадиси шарифларнинг адади жуда ҳам кўп. Биз намуна сифатида фақат бир нечтасини келтирамиз.
Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради.
Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди», – дедилар».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Дин таълимотларини яхши тушуниш банда учун катта бахт-саодат бўлиб, бу ҳолат Аллоҳ таоло унга яхшиликни ирода қилганига далолат қилади. Демак, диний илмни бандага Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гапларининг давомида: «Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради», демоқдалар.
Яъни мен Аллоҳ таоло берган илмни етказаман, холос. Ҳақиқий илм берувчи Аллоҳ таолонинг Ўзидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилса, уни ўрганса, албатта, уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб олади ва Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади», – дедилар.
Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади.
Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, Пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди», деганларини эшитдим.
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Саҳоба ва улуғлардан илм ҳақида ривоят қилинган ҳикматлар жуда ҳам кўп. Улардан баъзиларини эсга оламиз.
1. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Илм гапнинг кўплигида эмас, илм қўрқишнинг кўплигидир», деган экан.
2. Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳу: «Олим Аллоҳдан ғойибона қўрққан одамдир. Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан, Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан қочган одамдир», дея туриб, «Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» оятини тиловат қилар экан.
3. Ибн Абдулбарр Ҳилол ал-Варроқдан ривоят қилади:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шундай дер эди: «Огоҳ бўлинглар! Энг содиқ гап Аллоҳнинг гапи. Энг гўзал ҳидоят Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидояти. Ишларнинг энг ёмони янги пайдо қилинганлари.
Огоҳ бўлинглар! Одамларга илм уларнинг акобирларидан келса, улар яхшиликда бардавом бўлурлар».
4. Имом Аҳмад ва Ибн Абдул Барр Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Илмни таълим олинглар ва одамларга таълим беринглар. Унинг учун виқор ва сокинликни ҳам ўрганинглар. Ўзингиз таълим олган кишига ва таълим берган кишига тавозели бўлинг. Уламоларнинг жабборлари бўлманг. Жаҳлингиз илмингиз ила қоим бўлмайди».
5. Абу Нуъайм ва бошқалар Кумайл ибн Зиёддан қуйидагиларни ривоят қиладилар: «Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қўлимдан тутиб саҳро томонга олиб чиқди. Саҳрога чиққанимиздан кейин ўтириб, нафас ростлади ва қуйидагиларни айтди:
«Эй Кумайл ибн Зиёд! Қалблар идишлардир. Уларнинг яхшиси кўпни ўз ичига оладиганидир. Сенга айтадиган нарсаларимни ёдлаб ол.
Одамлар уч тоифадир: олими роббоний; нажот йўлини ўрганувчи; пасткаш, ғавғочи, ҳар кимга эргашувчи, ҳар шамолга мойил бўлувчи, илм нуридан зиё олмаган кимса.
Илм энг яхши молдир. Илм сени қўриқлайди. Сен молни қўриқлайсан. Илм амал билан зиёда бўлади. Мол нафақа билан ноқис бўлади.
Олимга муҳаббат қилиш лозим тутиладиган диндир. Илм олимга ҳаётида тоатни, мамотида яхши эсловни касб қилдиради. Молнинг қолгани эса у билан қўшилиб завол бўлади. Молларнинг хазиначиси ўлди, улар бўлса, тирикдирлар.
Уламолар замон турганича боқийдирлар. Таналари йўқолса ҳам, хотиралари қалбларда мавжуддир.
Албатта, мана бу ерда (қўли билан кўксига ишора қилди) илм бор, уни кўтарадиганларни топсанг эди! Ҳа, топилса ҳам, тез тушунадиган, аммо ишончсизи топилади. У динни дунё учун ишлатади. Ҳужжатларини Аллоҳнинг Китобига қарши, неъматларини бандаларига қарши ишлатади. Ёки аҳли шакқа эргашиб, ҳаётни қалб кўзи билан кўра олмайдигани топилади. Сал шубҳа пайдо бўлиши билан, қалбида шак аланга олади. Ёки лаззатларга берилган, шаҳватларга жиловини тутқазгани топилади. Ёки молу дунё тўплашга ва уларни сақлашга мубтало бўлгани топилади. Улар ҳам дин даъватчилари эмас, кўпроқ далада ўтлаб юрган ҳайвонга ўхшайдилар. Бундай илм уни кўтариб юрувчиларнинг ўлими ила ўлади.
Ё Аллоҳ! Аллоҳнинг ҳужжатлари ва равшан далиллари ботил бўлмаслиги учун ер юзи Аллоҳнинг ҳужжати ила қойим бўлувчидан холи бўлмас. Уларнинг адади оздир. Уларнинг Аллоҳнинг ҳузуридаги қадри улуғдир. Улар ила Аллоҳ ўз ҳужжатларини олға сурур. Улар ўша (ҳужжат)ларни ўз тенгдошларига етказурлар ва ўзларига ўхшаганларнинг қалбларига экурлар.
Илм уларни ҳақиқатга етказур. Шунда улар бойваччаларга қийин кўринган нарсаларни енгил билурлар, жоҳиллар ўзини олиб қочган нарсага улфат бўлурлар. Улар дунёда баданлари билан бўлсалар ҳам, руҳлари аъло мақомларга боғлиқ бўлур.
Ана ўшалар, Аллоҳнинг юртларидаги ҳалифалари ва динига даъватчилардир.
Эй воҳ! Уларни кўришга шавқим келур! Ўзим ва сен учун Аллоҳга истиғфор айтурман. Хоҳласанг, туриб кетавер!»
6. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу илм билан бирга амал ҳам бўлиши зарурлигини доимо таъкидлар эдилар.
Ибн Абдулбарр ва Дорақутний келтирган ривоятда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтади: «Эй илм ўрганганлар, унга амал қилинглар. Албатта, ҳақиқий олим илмни ўрганиб, кейин амал қилган ва амали илмига мувофиқ келган кишидир. Бир қавмлар бўлурки, улар илмни кўтарсалар ҳам, у бўғизларидан нарига ўтмас. Ичлари ташларига, илмлари амалларига хилофдир. Ҳалқаларни бир-бирларига кўз-кўз қилиш учун қурурлар. Ҳатто бир киши ўзиникини қўйиб, бошқанинг ҳалқасига ўтирганга ғазаб қилур. Уларнинг амаллари ўша мажлисларидан Аллоҳ азза ва жаллага кўтарилмас».
«Руҳий тарбия» китобидан

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги