Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Руҳий тарбия / Ахлоқ ва уни сайқаллаш

Ахлоқ ва уни сайқаллаш

«Ахлок» «хулқ» сўзининг кўплиги бўлиб, инсонда шаклланадиган хулқ-атворни билдиради.

Баъзи уламолар ахлоқни «ироданинг одати» деб таърифлаганлар. Яъни ирода ўзига бир нарсани одат қилиб олса, мана шу одат ахлоққа айланган бўлади. Мисол учун, кишининг иродаси хайр-эҳсон қилишга азму қарорли бўлиб, бу унинг одатига айланса, мана шу «карамли хулк» дейилади.

Исломда ахлоқий тарбия диний тарбиянинг ажралмас қисмидир, десак, муболаға қилмаймиз. Зеро, дин яхши деб хисоблаган ва даъват этган нарсалар эзгулик, ёмон деб ҳисоблаган ва ман этган нарсалар ёвузликдир. Шунингдек, дин буюрган, ҳаётда ва муомалада касб этишга тарғиб этган ахлоқ ва фазилатлар Ислом жамиятида қадрият, чиройли хулк ва маънавий фазилатлар ҳисобланади.

Ахлоқий дунё ўз табиатига кўра динийдир. Ахлоки ва муомаласи гўзал бўлмаган мусулмоннинг дини ҳам мукаммал ҳисобланмайди.

Қадимдан ахлоқ илми уламолари «Одамдаги ахлоқлар унинг яратилишида қўшиб яратилган бўладими ёки киши ахлокни кейин ўрганадими?» деган саволга жавоб беришда ихтилоф қилишган.

Улардан баъзилари: «Яхши ва ёмон ахлоқ инсон яратилган чоғида қўшиб яратилади, ахлокни кейин касб қилиб бўлмайди», деганлар.

Бошка бир гуруҳ уламолар: «Инсон туғилганида ҳеч кандай фазилат ёки разилатсиз туғилади, унда қандай хислат бўлса, туғилганидан кейин пайдо бўлади», деганлар.

Ахлоқ илми уламолари эса: «Ота-онасида мавжуд бўлган баъзи ахлоқлар хамиртуруши инсонга онасининг қорнидалик пайтидаёқ ўтади. Аллоҳ бандани халқ килиш чоғида ахлоқ қобилиятини ҳам қўшиб яратади. Инсон ўсиши жараёнида тарбия, муҳит ва одатланиш окибатида у ёки бу ахлоқни ўзида ривожлантиради ёки йўқотиб юборади», дейдилар.

Шунинг учун ҳам Исломда хулқни сайқаллашга алоҳида эътибор берилади. Бу иш ҳар бир мусулмон учун лозим ва лобуд ишлардан бири даражасига кўтарилади.

Аллоҳ таоло Қалам сурасида марҳамат қилади:

«Ва албатта, сен буюк хулкдасан» (4-оят).

Бу ояти карима Пайғамбар алайҳиссалом учун катта ва олий баҳодир. Аллоҳ таоло у зотга хитоб қилиб, хулкларини «буюк», дея сифатламокда.

Язийд ибн Бобанусдан ривоят қилинади:

«Оишанинг олдига кириб: «Эй мўминларнинг онаси! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари қандай бўлган эди?» дедик. У киши:

«Хулклари Қуръон эди. Муъминун сурасини қироат қиласизларми? «Қод афлаҳал муъминун»ни ўқи!» деди».

Язийд айтади:

«Мен «Қод афлаҳал муъминун»ни то «ли фуружиҳим ҳофизун»гача ўқидим.

«(Бу) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари эди», деди Оиша».

Бухорий «Ал-Адаб ал-Муфрад»да ва Насоий «Кубро»да ривоят қилган.

Яъни Муҳаммад алайҳиссалом Куръондаги олий хулқлар билан хулқланиб, барча яхши одоб-ахлоқни ўзларига сингдирганлар.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қиёмат куни мўминнинг мезонида чиройли хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмас. Албатта, Аллоҳ фаҳш ва чиркин сўз айтувчини ёмон кўрур», дедилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, мўмин ўзининг чиройли хулқи ила рўза тутувчи ва бедор бўлувчининг даражасини топади», Деганларини эшитдим».

Абу Довуд, Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан одамларни кўпроқ жаннатга киритадиган нарса хақида сўралди. Шунда у зот:

«Аллоҳга тақво қилиш ва чиройли хулк», дедилар. Ул зотдан яна одамларни кўпроқ дўзахга киритадиган нарса ҳақида сўралди. Шунда у зот: «Оғиз ва фарж», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради. Одамларга чиройли хулқ ила муомала қил», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоху алайхи васаллам:

«Яхшиларингиз чиройли хулқлигингиздир», дедилар».

Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган. Ҳадиснинг лафзи Термизийникидир.

Бухорийнинг лафзида:

«Албатта, сизнинг энг яхшингиз ҳусни хулклигингиздир», дейилган.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлардан менга энг маҳбубингиз ва қиёмат куни мажлиси менга энг яқинингиз чиройли хулклигингиздир. Сизлардан менга энг ёқмайдиганингиз ва киёмат куни мажлиси мендан энг узоғингиз сергап, тили узун ва мутафайҳиқингиздир», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули! Сергап ва тили узунни биламиз, мутафайҳиқлар кимлар?» дейишди.

«Мутакаббирлар», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Аввал ҳам ишора қилинганидек, ахлоқ ва одобни яхши савияда тутиб туриш учун доимо уларни сайқаллаб, бузилишига қарши чоралар кўриб туриш керак. Бунинг учун эса ахлоқ-одобни бузадиган, ёмонлаштирадиган омилларни ва уларни сайқаллаш йўлларини яхшилаб ўрганиш лозим.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]