Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Зулҳижжа ойининг фазилатлари

Зулҳижжа ойининг фазилатлари

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилдилар: “Огоҳ бўлингиз, кунларингизнинг энг ҳурматлиси ушбу кунингиздир. Яна огоҳ бўлингизки, ойларингизнинг энг ҳурматлиси ушбу ойингиздир. Яна огоҳ бўлинг, юртларингизнинг энг ҳурматлиси ушбу юртингиздир”.

Ушбу ҳадиси шарифдан Зулҳижжа ҳурматли ойларнинг энг ҳурматлиси экани маълум бўлади. Қолаверса, Аллоҳ таоло ушбу ойнинг ўн кечаси билан қасам ичган. Аллоҳ таолонинг бирор нарса билан қасам ичиши ушбу нарсанинг улуғлигига далолат қилади.

Парвардигори олам Фажр сурасида марҳамат қилади: “Ва ўн кеча билан қасам” (2-оят). Кўплаб муфассирларнинг фикрига кўра, оятдаги ўн кечадан мурод Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кечасидир.

Ушбу ўн кунликда бутун дунё аҳли ушбу кунларнинг яхшилигига мушарраф бўлади. Ҳаж қилувчилар эса ҳам ушбу кунларнинг, ҳам Байтуллоҳнинг хайрига мушарраф бўлади.

Ушбу ўн кунлик Аллоҳ таолога тасбеҳ, ҳамд ва такбир айтишни кўпайтириш ила хосланган. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ учун ушбу ўн кунликда қилинадиган солиҳ амаллардан кўра севимлироқ амал йўқдир. Бас, у кунларда таҳлил, такбир ва ҳамд айтишни кўпайтиринглар”, деб марҳамат қилганлар.

Ушбу ойда Арафа куни бордир. Ушбу кун Аллоҳнинг раҳмати кўп нозил бўладиган, бандаларнинг кўплаб гуноҳлари кечириладиган ва дуолари қабул бўладиган кундир. Арафа куни тутилган рўза икки йиллик гуноҳларнинг мағфират қилинишига сабаб бўлади. Бу ўн кунликда Қурбон ҳайити ва қурбонлик қилишдек улуғ амал ҳам бор.

Намоз, рўза, садақот ва ҳаж каби энг улуғ ибодатлар жам бўлгани учун ҳам ушбу ўн кунлик бошқа кунлардан фазилатли ҳисобланади.

Демак, мўмин инсон бу улуғ кунлар ва кечаларни ғанимат билиб, тоат-ибодат, солиҳ амаллар ва савобли ишларни ҳамда дуо, истиғфор ва зикрларни кўпайтириши лозим.

Шавкатжон СОҲИБЖОН ўғли,

Чирчиқ шаҳри “Ўрта маҳалла” жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

[carousel-horizontal-posts-content-slider]