Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ЎЗГА ДИНГА ЎТМАНГ – АДАШАСИЗ

ЎЗГА ДИНГА ЎТМАНГ – АДАШАСИЗ

Огоҳлик

Ўзбекистон – муқаддас замин. Диёримиз алломалари дунё илм-фани ва тамаддунига улкан ҳисса қўшганлар. Бугун улар қолдириб кетган илмий мерос юксак тараққиётнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 34 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилмоқда. Улар 130 дан зиёд миллат ва элатга мансубдир. Аҳолимизнинг 98 фоизини мусулмонлар, яъни Ислом динига эътиқод қилувчи инсонлар ташкил этади.

Ҳозир диёримизда инсонларнинг эмин-эркин яшашлари учун, илм ўрганиш, ўргатиш, меҳнат қилиш, хоҳлаган соҳасида фаолият юритиш учун ҳамма имкониятлар, шарт-шароитлар, эркинликлар таъминланган. Шу жиҳатдан мамлакатимиз дунёнинг кўплаб давлатларига ўрнакдир.

Шукрки, юртимиз тинч, халқимиз фаровон, ибодатларимиз бенуқсон, ютуқларимиз бепоён бўлиб бормоқда. Бунда аҳолимизнинг аҳиллиги, тотувлиги, бағрикенглиги, кексаларимизнинг дуолари, ёшларимиз азму шижоати, ғайрати, давлат ташкилотлари ишчиларининг фидойилиги муҳим аҳамият касб этмоқда.

Сўнгги йилларда юртимизда эътиқод эркинлиги, ибодатлар эминлигини таъминлаш борасидаги ишлар сифати, салмоғи, таҳсинга сазовор. Турли миллатга, элатга, динга мансуб аҳолининг диний, миллий эҳтиёжларини тўлақонли қондириш борасидаги ишлар шулар жумласидандир. Буни биз, яъни Ислом динига эътиқод қилувчи аҳоли вакиллари мисолида яққол кўрсак бўлади. Масжиддаримиз сони кўпайиб, намозхонлар сони ортиб, хайр-саховат ишлари тобора кенг қулоч ёзиб бормоқда.

Шундай бир пайтда юртимизда яратилган кенг имкониятлар, эркинликлар, қулай шарт-шароитлардан ғаразли мақсадларда, тор манфаатлар йўлида фойдаланишга уринаётган шахслар пайдо бўлаётгани ҳар қандай инсонни, айниқса, мусулмон бандани қаттиқ хавотирга солади.

Шундай тоифалардан бири миссионерлардир. Яъни, булар ўз динини, диний эътиқодини, бошқа дин вакиллари орасида, яъни, масалан, сизу биз каби мусулмонлар орасида тарғиб қилиб юрувчи шахслардир. Бундай шахслар ҳамма жойда бор, ҳатто сизу бизнинг атрофимизда ҳам учрамоқда. Булардан эҳтиёт бўлишимиз, огоҳ бўлишимиз, уларнинг турли йўллар билан таъсир қилишларига алданиб, чалғиб қолмаслигимиз шарт.

Мусулмон одам асло ўз динидан воч кечиши мумкин эмас. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «(Билиб қўйингким), Аллоҳ таолонинг ҳузурида (энг тўғри, энг мақбул) дин Ислом динидир» (Оли Имрон сураси, 19-оят).

Биз, мусулмонлар бахтли, бахтиёр одамлармиз. Чунки биз Исломни дин сифатида танлаганмиз. Бу дин Аллоҳ таолонинг ҳузурида энг тўғри ва энг мақбул диндир. Биз асло бошқа дин ҳақида ўйламаслигимиз, бошқа динга ўтишни хаёлимизга ҳам келтирмаслигимиз лозим. Ояти каримада: «Кимки Ислом динидан бошқа динга ўтишни истаса, билиб қўйсинким, ўша дин Аллоҳ таъоло томонидан асло қабул қилинмас, ва албатта охиратда қаттиқ афсус чекади» (Оли Имрон сураси, 85-оят).

Азизлар, бу дунёга мусулмон бўлиб келдик, мусулмон бўлиб туғилдик, шу ҳолимизда яшайлик, тоат-ибодатимизни, солиҳ амалларимизни  кўпайтирайлик, ўзимиз ва ўтганларимиз ҳаққига доим хайрли дуолар қилайлик. Аллоҳ таолонинг каломини кўпроқ ўқийлик, унга амал қилайлик. Омонатни имон билан топширайлик. Зеро, Қуръони каримда: «Эй мўмин-мусулмонлар, Аллоҳ таолодан ростакамига қўрқингиз ҳамда фақат мусулмон ҳолингизда вафот топингиз» (Оли Имрмон сраси, 102-оят).

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, ибодатларимизни бенуқсон, яхшиликларимизни бепоён айласин. Барчамизни Исломда, имонда, ихлосда барқарор, бардавом, собитқадам қилсин.

 Нуриддинхон ҲОШИМОВ,

Янгийўл тумани Гулбаҳор шаҳарчаси

“Гулбаҳор” жоме масжиди имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]