Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ЎСМИРЛАРНИ ЁТ ҒОЯЛАРДАН АСРАЙЛИК!

ЎСМИРЛАРНИ ЁТ ҒОЯЛАРДАН АСРАЙЛИК!

Сўнгги пайтда жамият ўртасида бузғунчилик, ноҳақ қон тўкиш каби салбий ҳолатлар авж олиб, мусулмонлар тинчлиги бузилиб, халқ орасида низо чиқариш ҳамда нифоқ солишга ҳаракатлар кузатиляпти. Ўзларини “Ислом дини ва мусулмонларни ҳимоя қилувчи халоскор фирқа” деб эълон қилган кимсалар бегуноҳ мусулмонларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда. Энг ёмони, улар хатти-ҳаракатларини асослаш учун Қуръони карим ва ҳадиси-шарифларни ўзларининг мақсади йўлида тафсир ва таъвил қилиб, мусулмонлар ўртасида нифоқ чиқаришга уринишмоқда.

Исломда ноҳақ тўкилган қон, ким бўлишидан қатъи назар, энг оғир гуноҳ ҳисобланиб, унинг жазоси ҳам оғир экани маълум. Динимизда инсоф, адолат ва инсонпарварлик қоидаларига ҳатто ёв билан жанг қилиш асносида ҳам риоя қилишга буюрилади. Ҳаддан ошиш, тажовузкорлик ва зўровонлик қаттиқ қораланади.

Ер юзида бузғунчилик ва қўпорувчилик ишларини амалга оширган шахсларга нисбатан Қуръони каримда олий жазо белгиланган: «Дарҳақиқат, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши жанг қиладиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрувчиларнинг жазоси – ўлдирилиш ё чормихланиш ёки оёқ-қўлларининг қарама-қарши томондан кесилиши ёхуд ердан (ватандан) қувғин қилиниш. Ана шу (жазо) улар учун бу дунёда шармандалик, охиратда эса, улар учун улкан азоб ҳам бордир» (Моида сураси, 33-оят).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай огоҳлантирганлар: “Ёв билан ҳарбий тўқнашувни орзу қилмангиз, балки Аллоҳдан хотиржамлик ва осудалик тилангиз” (Имом Бухорий ривояти).

Мусулмонлар ҳақли равишда ҳукумдорлик қилаётган подшоҳ қўл остида тинч ва осойишта яшаб турганларида ўзлари ичидан унга қарши бош кўтарган кишилар тоифаси боғийлардир. Боғий тоифанинг хуружи зулм сабабли эмас, балки ўзларини ҳақ, подшоҳни ноҳақ деб билиш, ҳокимият талашиш мақсадида бўлса, бундай тўдага қарши подшоҳга ёрдам беришга ҳар бир имкониятли киши ҳаракат қилиши зарур. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фитна ухлаб ётган бир нарсадир. Кимки уни уйғотиб юборса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин” (Имом Абдураззоқ ривояти), деганлар. Террорчилар айнан фитначилардир.

Террорчи ва экстремистик тузилмаларнинг асосий ғояси “жиҳод” йўли билан ўз фаолиятини давом эттиришдир. Бу дегани доимий равишда қайсидир мамлакат халқини қуролли ҳужум орқали мажбурий равишда ўз ғоялари таъсирига тортиш ҳамда ўзларига мос шароит яратиш мақсад қилинган. Уларнинг “ақида”си бўйича “жиҳод” Исломни ёйиш воситасидир.

Ислом динини қурол воситаси билан ёйиш даври ўтган. Эндиликда бу ғояни татбиқ этиш мақсадида жангариларни тайёрлаш, ҳарбий машқларни давом эттириш Ислом динини дунёга манфур қилиб кўрсатишдан бошқа нарса эмас. Бунинг ўрнига тинчлик йўли билан Ислом динининг қанчалик инсонпарвар, меҳр-шафқатга чақирадиган, тараққийпарвар дин эканини амалда намунали тарзда кўрсатиш йўлини танлаш лозим.

Шайхул ислом Исбийжобий ўзининг “Мабсут” номли китобида “Дорул ислом” аталиб келаётган мамлакатда, гарчи битта Ислом ҳукми жорий бўлиб турган бўлса ҳам, у дорул ислом ҳукмида қолаверади.

Экстремистик руҳ билан йўғрилган қора кучлар илоҳий манбаларни нотўғри талқин қилиш билан ўзлари Аллоҳнинг ҳузурида гуноҳкор бўлиш билан бирга дунёдаги кўпчилик мусулмонларни чалғитиш ва дунё жамоатчилигига ташвиш орттириш ҳамда ислом дини ёвузликка чақирувчи дин тимсолида танитиш каби зарарли фаолиятлари билан ўта жинояткор бандалар қаторидан жой олаётганлари аниқ ва равшандир.

Мазкур ҳолатларни эътиборга олган ҳолда ҳозирги даврда ислом дунёсининг барча олим ва уламолари ҳамкорликда Ислом дини таълимотини соф ҳолда асраб-авайлаш, унинг аҳкомларини бузиб кўрсатишга ҳаракат қилаётган ёвуз кучларга қарши маърифий услублар билан курашишни янада фаоллаштиришни зарур.

Санъатбек ТУРСУНОВ