Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / Қўшничилик ҳаққи ва одоби

Қўшничилик ҳаққи ва одоби

Ўз юксак қадриятларига содиқ бўлган ўзбек халқи қадим-қадимдан бери жамоа, маҳалла бўлиб, қўни-қўшничилик муносабатларини муқаддас билган ҳолда яшаб келади. Бу ҳалқимиз бирдамлигининг рамзи ва тинчлигимизнинг асосий омилларидан биридир.

Жамоа бўлиб яшаш, қўни-қўшничилик ва бир-бирларидаги хақларини баён қилишда, ислом динининг мақсад ва ғояси шуки, мусулмонлар, шунингдек ер юзидаги барча халқларни ўзаро тинч-тотув, осойишта, бир-бирларини иззат-ҳурмат қилган ҳолда яшашга ундашдир. Бу борада Қуръони каримда жуда кўп оятлар келтирилган. Жумладан, “Нисо” сурасининг 36-оятида “…Аллоҳга ибодат қилингизлар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангизлар! Ота-оналарга эса яхшилик қилингизлар! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию, бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам яхшилик қилинг! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”.

Қўшничиликнинг ҳақ-ҳуқуқлари нақадар муҳим эканлигига ишорат қилиб, жаноб Расулуллоҳ с.а.в. шундай деганлар: “Жаброил а.с. менга қўшничиликнинг ҳақ-ҳуқуқларини шунчалик узоқ уқтирдиларки, мен ҳатто қўшнилар бир-биридан мерос олишини ҳам тайинласалар керак, деган ҳаёлга бордим”.

Муоз ибн Жабал р.а. ривоят қилиб айтадиларки: Расулуллоҳ с.а.в.: “Қачон уйингда бирон шўрва каби таом пиширсанг, сувини кўпроқ қуй ва қўшнингнинг оила аъзоларига ҳам бир миқдор насиба бериб, йўқлаб тур” деганлар.

Расулуллоҳ с.а.в.га бир аёлни мақташибди: “Бир аёл борки, кечалари бедор бўлиб намозлар ўқийди, кундузи рўза тутиб, садақа ва эҳсонлар қилади. Аммо, қўшниларига тили билан озор бериб туради”. Шунда Расулуллоҳ с.а.в. “Ундай аёл мақтовга сазовор эмас, балки у дўзах аҳлидандир”, – деган эканлар.

Яна: Ҳасан Басрий айтадиларки: “Ҳуснул живор”, яъни яхши қўшничилик деб фақат зарар етказмасликни эмас, балки мабодо қўшнилардан зарар ёки озор етса, унга тоқат қилиб жанжал кўтаравермасликни айтурлар.

Тушунмовчилик орқали қўшнилар ўртасига баъзан хафачиликлар тушиб қолса, бир-бирлари билан узоқ вақт аразлашиб, гаплашмай, ҳатто саломлашмай юриш мусулмончиликка умуман тўғри келмайди.

Аллоҳ таоло дунёдаги барча халқлар ўртасидаги дўстлик – биродарлик ришталарини мустаҳкам қилсин. Қўни-қўшнилар билан самимий алоқаларимиз янада яхшиланиб боришини Аллоҳ таоло барчаларимизга насибу-рўзи айласин!!!

 

Янгийўл туман бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси
Нишонова Ханифахон Собировна

[carousel-horizontal-posts-content-slider]