Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Қуръон / Қуръони каримда таҳаккум усуллари (биринчи қисм)

Қуръони каримда таҳаккум усуллари (биринчи қисм)

Халқимиз мустақилликни қўлга киритгач, ўз тақдири, ўз тарихи, миллий-маданий ва маънавий меросининг чинакам соҳибига айланди.

Бугунги умумжаҳон глобаллашув жараёни жадал кечаётган, замонавий ижтимоий тараққиёт, ахборот тарқалишининг тезлик ва кўлами чексиз юз бераётган даврда мафкурага бўлган маънавий эҳтиёж ортиб бормоқда. Бу борада ислом динининг асосий манбаси – Қуръони Каримнинг маъносини янада яхши англаш, тушуниш билан боғлиқ маълумотлар устида изланишлар олиб бориш муҳим вазифа саналади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев               2021 йилнинг 16 апрель куни Самарқанд вилоят фаоллар кенгашида қилган чиқиши давомида Ислом дини арконлари ва аждодларимиз меросини кўпроқ ўрганишга чақириб, унда жумладан шундай нутқ сўзлади:

“Ислом дини нурга бурканган дин. Биз уни биламизми? “Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим”дан нарига ўта олмаймиз. Ислом маърифати масканларини бекорга қуряпмизми, нима учун ўқимаймиз?

Имом Бухорий бобомиз 600 мингта ҳадисни ёддан билган. Биз эса уни ўқимаяпмиз.

Покистон бош вазири Имрон Хон жаноблари билан гаплашганимизда бир гапни айтганди: “Мен сизнинг ҳар бир гапингизни доим маъқуллайман. Чунки сиз Бобур авлодисиз. Бизнинг ерларимизда давлатчилигини ўрнатган инсоннинг авлодисиз. Шу сабабли ҳам сиз билан ҳисоблашамиз, ҳар бир ташаббусингизни қўллаб қувватлаймиз”,  деганди.

Нима учун биз Бобурнинг меросини ўрганмаймиз. Унга ўхшаб халқимиз учун куйиб-ёнмаймиз. Ҳар бир ҳоким ва бошқа мутасаддилар динимиз қадриятларини билиши, аждодларимиз меросини ўрганиши шарт!”.[1]

Ушбу мурожаатдан келиб чиқиб Қуръони Каримдаги таҳаккум услублари, аввало таҳаккумнинг таърифи, қўлланиш сабаб ва мақсадларини ҳам илмий тарзда ўрганиб чиқишни бугуннинг долзарб масалалардан бири, деб баҳолаш мумкин. Бу ишни амалга оширишда қатор машҳур қадимги ва замонавий тафсир китоблари, шунингдек, тафсир бобидаги ҳадиси шарифлар ва уларнинг шарҳлари ҳамда балоғат китобларидан фойдаланилди.

  1.  

Таҳаккумнинг луғавий маъноси:

“Китоб лисон ал-араб” (Араб тили китоби) هَكِمَ бобида қуйидагилар баён этилган:

الهَكِمُ: المقتحم على ما لا يعنيه، الذي يتعرض للناس بشرّه،

Яъни, “ал-ҳаким” инсонларга ёмонлиги билан қарши чиқадиган, ўзига тегишли бўлмаган нарсаларга ҳужум қиладиган кимса маъносини англатади.

تَهَكَّمَ عَلَى الْأَمْرِ وَ تَهَكَّمَ بِنَا: زرى علي الامر وعبث بنا،

Яъни, “таҳаккама ала-л-амр ва таҳаккама бина” ишни енгил санада, бизни камситди, деган маънони ифода этади.

التَّهَكُّم: التكبّر، و الْمُسْتَهْكِم:  المُستكبر،

Яъни, “ал-таҳаккум” ўзни киборли тутиш, “ал-мустаҳким” улуғликни хоҳловчи, деган маънони ифода этади.

الْمُتَهَكِّم: المُتكبّر، وهو أيضا الذي يتهدم عليك من الغيض والحنق،

Яъни, “ал-мутаҳакким” киборли, шунингдек, сизга аччиқ ва адоват мисол муносабатлар билан қарши чиқувчи, деган маънони ифода этади.

تَهَكَّمْتُ الْبِئْرُ: تهدّمت،

Яъни, “таҳаккамту-л-биьр” қудуқни буздим, деган маънони ифода этади.

التَّهَكُّمُ: الاسْتِهْزَاءُ،  وَفِي حَدِيثِ أُسَامَةَ: فَخَرَجْتُ فِي أَثَرِ رَجُلٍ مِنْهُمْ جَعَلَ يَتَهَكَّمُ بِي، أَيْ يَسْتَهْزِئُ وَيَسْتَخِفُّ،

Яъни, “ат-таҳаккум” таҳаккум, деган маънони ифода этади. Усома розияллоҳу анҳунинг ҳадисларида келтирилган “ятаҳаккаму” сўзи “… мен (жанг асносида) улардан (яъни, душман қўшини орасидан) мени паст санаб, камситиб юрадиган биттасини изидан тушдим, маъносини ифода этмоқда[2].

Кўриниб турибдики, биз таҳаккум, деб номланаётган التَّهَكُّم – “ал-таҳаккум”, атамаси луғатда бир эмас, балки “таҳаккум” маъноси баробарида ўзгани камситиш, таҳқирлаш, ўзини киборли тутиш, аччиқланиш, ғазабланиш, бузиб ташлаш, ўзгага тажовуз ва ҳужум қилиш маъноларини ҳам ифода этади.

Ушбу маъноларни умумлаштирган ҳолда التَّهَكُّم – “ал-таҳаккум” бир томонни ўзига хос бўлган одатий хилқат ва табиатини тарк этиб иккинчи томондан содир этилган ҳолатга нисбатан салбий ҳиссиётларини юзага чиқариши, норозилигини ифода этиши демакдир.

Зотан, таҳаккум, ўзгани камситиш, таҳқирлаш, ўзини киборли тутиш, аччиқланиш, ғазабланиш, бузиб ташлаш, ўзгага тажовуз ва ҳужум қилиш ҳолатларининг барчаси инсонни ўзига хос бўлган инсонийлик хилқати ва табиати доирасидан чиқишни тақоза қилади.

Хулоса қилиб, التَّهَكُّم – “ал-таҳаккум” сўзини луғатда энг машҳур ва очиқ маъноси таҳаккум, деб айтишимиз мумкин. Негаки, таҳаккум шундай услубки, التَّهَكُّم – “ал-таҳаккум” сўзининг луғавий маъносида ўзига маънодош бўлган бошқа маъноларга нисбатан кўплаб услуб ва кўринишларни ўз ичига олади.

Таҳаккумнинг истелоҳий маъноси:

Хитоб қилинаётган томонга маълум бир мақсадда мутазои ҳолга[3] зид равишда гапирилган ҳар қандай гап  التَّهَكُّم – “ал-таҳаккум”, деб номланади.[4]

Луғавий ва истелоҳий маънолар ўртасидаги бир-бирига боғликлик жиҳатлар:

Биз таҳаккум, деб номлаётган التَّهَكُّم – “ал-таҳаккум” сўзининг луғавий ва истелоҳий маънолари ўртасида бир-бирига боғликлик жиҳатлар мавжуд эканлиги юқоридаги таърифлар орқали ойдинлашди. Буни биз икки томонлама кўришимиз мумкин:

Биринчи кўриниш: التَّهَكُّم – “ал-таҳаккум” сўзининг луғавий маъноларидан энг машҳури бу таҳаккум. Ушбу сўз истелоҳда ҳам айнан ушбу маънони ифода этади.

Иккинчи  кўриниш: ҳар икки маънода ҳам, яъни التَّهَكُّم – “ал-таҳаккум” сўзини луғавий ва истелоҳий маъносида ҳам асл ҳолатдан чиқиш ва муқтазои ҳолга зид сўзлашув жараёни мавжуд.

Бунга кўра التَّهَكُّم – “ал-таҳаккум” сўзини луғавий маъноси умумийроқ, истелоҳий маъноси эса хосроқдир.

Таҳаккумнинг сабаблари:

Аслида ҳар қандай гапдаги асл нарса уни жиддийлик ва мавжуд ҳолатга мувофиқ келишидир. Лекин, баъзи ҳолатларда сўзловчи жиддийлик доирасидан ҳазл услубига ўтиши, ҳақиқий маънони тарк этиб, мажозий маънони ирода этиши учун маълум бир сабабларни ҳис этади. Бу гапни мавжуд ҳолатга тескари, зид ва хилоф равишда сўзлаш мақсадида эмас, балки ҳолат сўзловчидан шуни тақоза этади. Ҳатто, шундай ҳолатларда сўзловчини жиддийлик доирасидан ҳазл услубига ўтиши, ҳақиқий маънони тарк этиб, мажозий маънони ирода этиши гапнинг таъсир кучини оширишда қўл келади. Бу иш гапни жиддийлик ва мавжуд ҳолатга мувофиқ гапириш фойдаси кам, ирода этилган маъно ва мақсадни ифода этиб бериш даражаси кам бўлганда қўлланилади.

Бу борада таҳаккум услуби жуда ҳам қўл келади.

Таҳаккумнинг мақсадлари:

Сўзлашув ва мулоқотда таҳаккум услуби шу қадар қизиқ ва аҳамиятлики,  у билан гапнинг маъно ва мақсади ҳамда таъсир кучи ортади. Ёш авлод, шунингдек, номувофиқ йўлдаги кимсаларни огоҳ этиш ва тўғри йўлга чорлашда жуда ҳам қўл келади. Натижа ўлароқ уларни эгри йўлдан қайтариш, мавжуд иллатлардан қутқариш, тўғри йўлга йўналтириш, яхши амал ва хулқларга одатлантиришга эришилади.

Бир сўз билан айтганда таҳаккум услуби номувофиқ ҳолатни ислоҳ қилиш, айб ва нуқсонлардан поклашга қаратилган асл мақсад ва ғояларни ушалишида қўл келадиган  олтин услубдир.

Бу услубни жамиятнинг ачинарли бўлган асл ҳолини чиройли тарзда ифода этиб берувчи ростгўй кўзгуси, десак ҳам муболаға бўлмайди.

Бундаги асосий мақсад бу – ислоҳ йўлидаги завқ ва шавқдир. Лекин, унинг мақсадларини чегаралаб бўлмайди.

Улар жумласидан:

  • Жисмоний айблар, масалан: юз, соқол, бурун, овоз мисол бутун тана билан боғлиқ айбларни ислоҳ қилиш.
  • Нафс билан боғлиқ руҳий айблар, масалан: бахиллик, қўрқоқлик, таъмагирлик, бефаҳмлилик, риё, мунофиқлик каби айбларни ислоҳ қилиш.
  • Ботил эътиқодларни ислоҳ қилиш.
  • Таҳаккум орқали иккинчи томоннинг қувончи ва шодлигини ошириш.
  • Мақташ ва олқишлаш.
  • Жиддийлик ирода этилган ҳолда ҳазллашиш.

Баъзан, салбий кимсалар томонидан ўз салбий ғаразлари таъсирини ошириш мақсад қилиниши ҳам мумкин.

ЎзХИА лингвистика (араб тили)

йўналиши магистранти Н.Мавланов.


[1] www.muslim.uz

  [2] ابن منظور محمد بن مكرم المصري. لسان العرب. الطبعة الاولي. دار صادر، بيروت، 2015. باب هكم. ج 6. ص344/345،

[3]Муқтазои ҳол”, деб гапни сўз юритилаётган ҳолат ва ўринга мувофиқ, муносиб келиши демакдир.

[4]  العلوي. يحيي بن حمزة. كتاب الطراز المتضمن لأسرار البلاغة وعلوم حقائق الإعجاز. مطبعة المقتطف بمصر.2005، ص163.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]