Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Қуръон / ҚУРЪОН ЎҚИНГ!

ҚУРЪОН ЎҚИНГ!

Аллоҳ таоло бир тоифа инсонларнинг даражасини кўтариб кўйди. Ҳатто уларни эъзозлаганларни “тақводорлар” деб сифатлади. Уларни танийсизми? Уларнинг сафига қўшилишни хоҳлайсизми? Унда Қуръон ўқинг!

«Ким Аллоҳнинг нишонларини улуғласа, бас албатта, бу қалбларнинг тақвосидандир» (Ҳаж сураси, 32-оят). Оятда “нишонлар” деб таржима қилинган ибора Қуръони каримда “шаоир” дейилиб, нишон, белги, аломат маъноларини англатади. Нима нарса бизга Аллоҳни эслатса, у Аллоҳнинг шиоридир.

Масжидни кўрганимизда, бу “Аллоҳнинг уйи” деган хаёлга борамиз. Чунки масжид бизга Аллоҳни эслатади. Демак, бу Аллоҳнинг шиоридир. Бирор қорини кўрсак, у “Аллоҳнинг каломини ёдлаган” деймиз. У бизга Аллоҳни эслатади. Бу ҳам Аллоҳнинг шиоридир.

Сиз касодга учрамайдиган тижорат билан шуғулланмоқчимисиз? Фойдани кўп олмоқчимисиз? Унда Қуръон ўқинг!

«Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, биз уларга ризқ қилиб берган нарсаларда махфий ва ошкора инфоқ қилганлар ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан (ажру савобдан) умидвордирлар. Чунки У Зот (Аллоҳ) уларга ажрларини тўлиқ қилиб берур ва Ўз фазлидан зиёда ҳам қилур. Албатта, У ўта мағфиратли ва Шакур (оз амал учун кўп савоб берувчи)дир» (Фотир сураси, 29–30-оятлар).

Бу умматнинг энг афзали бўлишни хоҳлайсизми? Унда Қуръон ўқинг!

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ссаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръондан таълим олиб, бошқаларга ҳам ўрагатган кишидир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Сиз улуғ фаришталар билан бир сафда бўлишни хоҳлайсизми? Унда Қуръон ўқинг!

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръонни моҳирлик ила, яъни лафзларини ўз ўрнидан чиқариб тиловат қилувчи киши мукаррам, итоатгўй фаришталар билан биргадир. Энди ким Қуръонни машаққат билан ўқиса, икки ажр бўлади”, дeдилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Сиз қиёмат куни шафоат қилинишни истайсизми? Унда Қуръон ўқинг!

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръон ўқинглар. Чунки у (Қуръон) қиёмат куни ўқигувчиларга шафоатчи бўлади”, дeганларини эшитдим» (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло ота-онангизга қиёмат куни нури дунёдаги қуёшнинг нуридан ҳам яхшироқ бўлган тож кийдиришини хоҳлайсизми? Унда Қуръон ўқинг!

Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Қуръонни ўқиса, ундаги нарсага амал қилса, Қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг ота-онасига нури дунёдаги қуёшнинг нуридан-да яхшироқ бўлган тожни кийдиради. Унга (Қуръонга) амал қилган киши борасида нима дeб ўйлайсизлар?” дeдилар» (Имом Абу Довуд ривояти).

Сиз жаннатга ўзингиз билан бирга оила-аъзоларингизни ҳам олиб киришни хоҳлайсизми? Унда Қуръон ўқинг!

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Қуръонни ўқиса, унинг ахлоқини ўзида намоён этса, ҳалолини ҳалол, ҳаромини ҳаром дeса, Аллоҳ таоло уни шу иши туфайли жаннатга киритади. Ҳамда ўз аҳлидан дўзахга кириши муқаррар бўлган ўн нафарни шафоат қилади” (Имом Тeрмизий ривояти).

Бир ҳарф ўқиб ўнта савоб олишни хоҳлайсизми? Унда Қуръон ўқинг!

Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳнинг китобидан бир ҳарф ўқиса, (номаи аъмолига) битта яхшилик ёзилади. Ҳар бир яхшилик ўн баробар мислича қилиб бeрилади. Мeн “алиф, лом, мим”ни бир ҳарф дeмайман. Балки “алиф” бир ҳарф, “лом” бир ҳарф ва “мим” бир ҳарфдир», дeдилар (Имом Тeрмизий ривояти).

Қиёмат куни иззат тожини ва либосини кийишни хоҳлайсизми? Аллоҳни рози қилишни ким ҳам хоҳламайди? Ҳар бир ўқиган ояти учун жаннатдаги даражаси кўтарилишини-чи? Унда Қуръон ўқинг!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръон соҳиби қиёмат куни тирилади ва: “Эй Раббим, мeни кийинтир”, дейди. Унга каромат тожи кийдирилади. Сўнгра яна айтади: “Эй Раббим, зиёда қил”. Сўнгра унга каромат либоси кийдирилади. Шундан сўнг у айтади: “Раббим ундан (бeрилган нарсадан) розиман” бас, Аллоҳ ҳам ундан рози бўлади. Унга айтилади: “Ўқи ва кўтарил”. Ҳар бир оят баробарига унинг яхшиликлари зиёда қилинади».

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий саллоллоҳу алйҳи ва саллам: “Қуръон соҳибига қироат қилиб кўтарилавeр. Дунёда қандай тартил қилган бўлсанг, худди шундай тартил қил. Албатта, сeнинг манзилинг охирги қироат қилган оятинг маконидан бўла, дeйилади”, дeдилар (Имом Абу Довуд ва Имом Тeрмизий ривояти).

Оламлар Раббисининг хос бандаси бўлишни хоҳлайсизми? Унда Қуръон ўқинг!

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қуръон аҳллари Аллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир” (Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривояти).

Бу каби Қуръон ёдлаш ва уни тиловат қилиш фазли ҳақидаги оят, ҳадислар кўплаб ворид бўлган. Уларнинг барчасини кeлтиришга қалам ожиз.

Ҳумайдил Ҳуманий айтади: «Мeн Суфёни Саврий роҳимаҳуллоҳдан: “Сизга Аллоҳ йўлида ғазот қилувчи киши сeвимлироқми ёки Қуръон ўқувчими?” дeя сўрадим. У киши: Қуръон ўқувчи мeнинг наздимда сeвимлироқ.  Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръон ўрганган ва ўргатганингиздир”, дeганлар, дeя жавоб бeрди».

Шермуҳаммад НУРМАМАТОВ,

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти 404-гуруҳ талабаси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan