Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Қурбонлик қилишнинг фазилати

Қурбонлик қилишнинг фазилати

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Улар: «Эй, Расулуллоҳ! Бу қурбонликлар нима?», – дейишди.

«Отангиз Иброҳимнинг суннатидир», – деб жавоб қилдилар. «Бизга унда қандай ажр бор?», – дейишди, «Ҳар бир (қонининг) қатрасига савоб бордир дедилар.

Ибн Можа ва Байҳақий ривояти.

Табароний ва Ҳокимдан қилинган бошқа ривоятда «Ҳар бир тукида савоб бор», дейилади.

Баро ибн Озиб ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

«Батаҳқиқ, бугунги кунда аввал қиладиган ишимиз ийд намозини ўқиш сўнгра уйга қайтиб қурбонлик қилишимиздир. Кимда ким шундай қилса, у суннатга мувофиқ иш қилибди. Кимда ким намоздан олдин қурбонлик қилса, у оиласи учун тақдим қилган оддий гўштдир, у қурбонлик эмас».

Бухорий ривояти.

Қурбонлик қилиш бошқа ибодатлар каби Аллоҳ учун дейилса-да, аслида фойдасини инсон кўради. Қурбонлик қилинган ҳайвоннинг гўштидан сўйган одамнинг ўзи ва фақирлар манфаатдор бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

«Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!». (Ҳаж сураси, 37-оят).

Ҳақиқатан, қурбонликка сўйилган ҳайвоннинг гўштига ҳам, қонига ҳам Аллоҳ таоло муҳтож эмас. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Яратувчи амрига итоатини ва тақвосини намоён этишдир. Банда ихлос билан қурбонлик қилиб, Аллоҳ йўлида жонлиқ сўймоқдами, демак, ўша банданинг Аллоҳ таолога тақвоси бор экан. Аллоҳнинг розилиги учун борини қурбон қилишга тайёр экан. Шу билан бирга қурбонлик қилиш банда учун Аллоҳни улуғлашга бир фурсатдир. Шунинг учун оятда: «…Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди…», – дейилмоқда. Банда Аллоҳни қанча улуғласа, шунча оз экан.

Ҳасан ибн Алидан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким савоб умид қилиб чин қалбдан қурбонлик қилса, албатта унинг қурбонлиги унга дўзахдан парда бўлади».

Табароний ривояти.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Одам боласи бу кунда қурбонлик қилишдан кўра афзалроқ амал қила олмайди. Фақатгина, (узилган) қариндош-уруғчиликни қайта тиклаш бундан мустасно». Табароний ривояти.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳайит кунида сўйилажак жонлиқдан кўра Аллоҳга суюклироқ пул сарф қилинадиган нарса йўқ».

Табароний ривояти.

Юқорида ўрганган ояти карима ва ҳадиси шарифлардан қурбонлик қилиш нақадар савобли амал эканини билдик. Шунингдек бу амал билан нафақат охиратда балки, шу дунёда ҳам бир қанча манфаатлари бор. Айниқса, хозирги пандемия даврида қурбонлик қилиб яқин қариндош, қўни-қўшни, қийналган, муҳтож оилаларга тарқатиш билан меҳр-оқибатнинг пайдо бўлиши ва ижтимоий алоқаларнинг яхшиланишига олиб келади ва ўзаро бир-бирларини ҳаққига дуо қилишади. Қурбонлик қилган йили оиласида ва касби-корида барака бўлади. Бу ҳақда доимий равишда қурбонлик қилиб тажрибадан ўтказган ва фойдаласидан баҳраманд бўлганлар маълум қилишади.

Имконимиз бўлса қурбонлик қилайлик ва бу амал билан ушбу муборак кунларга етказганига шукур қилган бўламиз, Аллоҳга тақво қилган бўламиз, охиратда кўплаб ажру мукофотларга эга бўламиз, бу дунёда ўзаро алоқаларимиз яхшиланади, меҳр оқибатимиз кучаяди ва оиламиз, касби-коримизга Аллоҳнинг барокоти ёғилади.

Аллоҳ таоло барчамизни ўзига яқин бўладиган хайрли ишларни қилишда ихлос, куч-ғайрат ва ҳимматли бўлишни насиб этсин!

Олмалиқ шаҳар бош имом-хатиби Х.Ортиқов

[carousel-horizontal-posts-content-slider]