Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ҚУРБОН ҲАЙИТИ НАМОЗИ ЎҚИЛМАЙДИ, ЎРНИГА ЗУҲО НАМОЗИНИ АДО ЭТАМИЗ!

ҚУРБОН ҲАЙИТИ НАМОЗИ ЎҚИЛМАЙДИ, ЎРНИГА ЗУҲО НАМОЗИНИ АДО ЭТАМИЗ!

Яқинда, аниқроғи, шу йилнинг 13 июль куни Халқаро пресс-клубда бўлиб ўтган мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Қурбон ҳайити намози очиқ майдонларда ўқилишини маълум қилган эди.

Лекин коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолатлари кескин ошиб кетгани, вазият жиддийлашганини инобатга олиб, 16 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг коронавирус (COVID-19) вабосининг кенг тарқалиши олдини олиш бўйича фатвоси қабул қилинди.

Унга кўра, шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ибодатларни енгил тарзда бажаришга рухсат беради ёки бутунлай зиммадан соқит қилади. Ҳайит намози вожиб амал бўлгани боис бугунгидай узрли ҳолатларда ҳайит намозини адо этиш соқит бўлади.

 Ислом дини манбаларида Қурбон ҳайити намози вожиб амал экани баён этилган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан жума намози вожиб бўлган кишиларга ҳайит намози вожиб экани нақл қилинган. Жума намози Қуръон, суннат, ижмо каби қатъий далиллар билан собит бўлган фарз амалдир. Модомики муайян узрлар билан фарз бўлган жума намозини вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида уламолар фатвоси қабул қилинган экан, вожиб амал бўлган ҳайит намозини ўқимаслик ҳам ўз-ўзидан маълум бўлади.

Баён этилганлардан келиб чиқиб, 2021 йилги Қурбон ҳайити (Ийдул адҳо) намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги, мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилади.

Ҳанафий мазҳабининг мўътабар манбаларида келишича, ҳайит намози Зуҳо (чошгоҳ) намозининг ўрнига қўйилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзал.

 Шундай экан, Қурбон ҳайити кунларида савоб ишларни кўпайтириш, такбири ташриқ айтиш, нафл ибодат қилиш, покланиш, чиройли кийимлар кийиш, хушбўйланиш, қурбонлик қилиш, яқинларига ҳадялар улашиш айни савобли ишлардан бўлади.

 Бу йилги Қурбон ҳайити карантин шароитида нишонланаётгани инобатга олиб, одамлар жамланишига сабаб бўладиган урф-одатларни ташкил этмаслик, уйма-уй юриб, турли азахонликлар, маърака-маросимларни ўтказмасликни сўраймиз. Зеро, динимизда зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан олдинга қўйилади.

Аллоҳ таоло бу балони бутун дунёдан, шу жумладан, юртимиздан ҳам кўтарсин. Беморларга комил ва ожил шифо берсин.

Жасурбек домла РАУПОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

[carousel-horizontal-posts-content-slider]