Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Тошкент вилоятига бош имом-хатиб этиб Жасур домла Раупов тайинланди

Тошкент вилоятига бош имом-хатиб этиб Жасур домла Раупов тайинланди

Бугун 30 ноябрь куни Тошкент вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиблар иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Йиғилиш аввалида Тошкент вилоятининг собиқ бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов роҳимаҳуллоҳ хотирасига бағишлаб Қуръони Карим тиловати қилинди.

Йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов, Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам Жамилов, Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов ва туман-шаҳар бош имомлари, таниқли имом-хатиблар иштирок этди.

Сўзга чиққанлар томонидан якунига етиб бораётган 2020 йилда вилоят миқёсида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Жумладан, масжидлар ва имом-хатиблар фаолиятидаги ютуқ ва камчиликлар муҳокама қилинди.

Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Айни пайтда Тошкент шаҳри бош имом-хатиби ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Жасур домла Раупов Тошкент вилояти бош имом-хатиби лавозимига тайинланди. Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Усмонхон Алимов нутқ сўзлади.

Унда Тошкент вилоятида динимиз равнақи йўлида олиб борилаётган ишларнинг таҳсинга лойиқлиги, хусусан жами 4 та масжид давлат рўйхатидан ўтганлиги, бундан ташқари, вилоятдаги 60 та масжидларда таъмирлаш ишлари олиб борилгани ҳамда диний таълим олаётган илм аҳлларига «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ва ҳомийларни жалб этган ҳолда уларнинг тўлов-шартнома пуллари тўлаб берилаётгани таъкидлаб ўтилди.

Айниқса, бу ишларни амалга ошишида марҳум Хайруллоҳ домла Турматовнинг катта ҳиссаси борлиги айтилди.

Сўнгра, муфтий ҳазратлари Усмонхон Алимов янги вилоят бош имом-хатибнинг таржимаи ҳолини ўқиб эшиттирдилар.

Жасур домла Раупов Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва Андижон давлат университетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1997 йилда «Кўкалдош» мадрасасида ўқитувчиликдан бошлаган.

Шунингдек, 1999 йилдан бошлаб Тошкентдаги бир неча масжидларда имом-хатиб вазифаларида ишлаган. Хусусан, 2017-2019 йилларда «Ислом ота» масжиди имом-хатиби вазифасида, 2019 йил декабрида Чилонзор туманидаги «Носирхон» жоме масжиди имом-хатиби вазифасида фаолият кўрсатган. 2010 йилдан буён эса Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари лавозимида ҳам фаолият юритиб келган.

Шунингдек, Жасур домла Рауповнинг жамоатчилик ишларида ҳам фаол экани, у Россия ва Қозоғистон давлатларида хизмат сафарида бўлиб, халқлар дўстлиги ва динимиз равнақи йўлида фаоллик кўрсатгани, айни бир вақтда Олмазор туманида Маърифат тарғибот марказига ҳам раҳбар вазифасида хизмат қилаётгани ҳақида маълумотлар берилди.

Сўнгра Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов ҳам нутқ сўзлади:

– Аввало Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита раҳбариятига шундай тажрибали ва илмли инсонни вилоятимизга имом-хатиб қилиб юборганликлари учун миннатдорлик билдираман, – деди Рустам Холматов. – Ўз навбатида, марҳум дўстимиз, ажойиб инсон, ниҳоятда ватанпарвар олим Хайруллоҳ домла Турматовни ушбу лаҳзада эсламай бўлмайди. У ўзининг меҳнат фаолияти давомида вилоятимизда динимиз равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилди. Унинг хотираси бир умр қалбларимизда сақланиб қолади. Янги раҳбарни ҳам ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаймиз.

Жасур домла Рауповга динимиз равнақи йўлида астойдил хизмат қилишларида Аллоҳ таолодан куч-қувват ва улкан муваффақиятлар тилаймиз.

Тошкент вилояти вакиллиги матбуот хизмати