“Экологик хавфсизлик муаммоси
аллақачонлар миллий ва минтақавий доирадан
чиқиб, бутун инсониятнинг умумий муаммосига
айланган. Табиат ва иснон ўзаро муайян
қонуниятлар асосида муносабатда бўлади. Бу
қонуниятларни бузиш ўнглаб бўлмас экологик
фалокатларга олиб келади”.
Ислом Каримов.
Шубҳасиз, экология бугуннинг энг глобал муаммоларидан бири. Глобал сўзи умумбашарий ўта мураккаб жараёнлар мажмуини англатади. Экология муаммоси ва унинг салбий оқибатлари, жумладан, озон қатламининг торайиши, унинг натижасида иқлимнинг ўзгариши, чўл ёки ботқоқликларнинг кўпайиш ва камайиши, ўрмонларнинг йўқолиб бориши, табиий офатларнинг сони ва кучини тобора ортиб бориши, турли юқумли касаллик ва хавфу хатарларнинг пайдо бўлиши, радиоактив ифлосланиш, буларнинг барчаси атроф-муҳитга совуққонлик билан ҳурматсиз ва шафқатсизларча муносабатда бўлиш оқибатида юзага келмоқда. Инсон бу ҳақиқатни тан олмай асло иложи йўқ.
Атрофга боқайлик, Яратганнинг санъатидан бирор бир нуқсон топиш имкони бормикин… Шубҳасиз, йўқ! Аллоҳ таоло ер куррасини том маънода тузатиб ва безатиб яратган. Ундаги жамики нарсаларни ўз ўрнига қўйди. Шу тариқа инсон зотини ҳам яратиб, уни бутун борлиқ ичида энг улуғ мақомга кўтарди. Кеча ва кундуз, ер ва осмон, улар ўз ичига олган барча борлиқни маржон мисол бир тизимга солиб, барчасини мана шу инсон манфаати йўлида буйсиндириб қўйди. Ҳамма-ҳаммаси инсон учун хизмат кўрсатади.
Энди бир тасаввур қилиб кўрайлик, сиз-у бизга шунча инъомларни ато этган Зот бунинг эвазига бизнинг зиммамизга қандай вазифаларни юклаши мумкин эди…
Ҳа, тоғларданда оғир талаб ва бурчларни.
Иш шундай бўлдими… Йўқ, албатта! Меҳрибон Аллоҳ таоло буларнинг эвазига биздан фақатгина бир нарсани, у ҳам бўлса ўзимизга фойда бўлган, У Зотга фойда-зиёни бўлмаган нарса, яъни – инсоннинг саодатли ҳаёт кечириши учун ҳар бир нарсани тартиб ва маромга солганидан кейин улардан ўз ўрнида унумли ва самарали фойдаланиш, уларга нисбатан бузғунчи ва кўрнамакларча муносабатда бўлмаслик талабини қўйди.
Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай дейди:
“Ва (Ер курраси) ислоҳ қилинганидан сўнг унда фасод (бузғунчилик ишларини) қилманг! …”. “Аъроф” сураси, 56-оят.
Энди биз ана шу жиҳатдан тузатиб-безатилган ер юзида инсондек иш тутмоғимиз керак. Аллоҳ таоло тузаб, тартибга солган нарсалардан тўғри фойдаланмаслик айни бузғунчилик экани, куни келиб унинг ҳам жавоби борлигини ёдда тутмоқ даркор.
Аллоҳ таоло ўз каломида шундай дейди: “Сўнгра, ўша кунда (қиёмат куни) албатта, (сизларга берилган ҳар бир) неъматлардан (қандай ва қайси мақсадда фойдаланганингиз ҳақида сўзсиз) сўраласизлар”. “Такасур” сураси, 8-оят.
Кўпни кўрган доно халқимизнинг “Ҳар нарсанинг ҳам савол-жавоби бор”, деган пурмаъно сўзлари ҳам бежизга айтилмаган.
Айни ҳақиқатки, бугун кимдир дуч келган жойга, ҳатто, оқиб турган тоза ариқ сувига ҳам турли маиший чиқиндиларни оқизган, ариқ ёки кўча ён бағрига ҳайвон ахлатларини очиқ ҳолда тўплаб қўйган, яна кимдир хазон мисол ашёларни ёқиб, мусаффо ҳавони заҳарлаган.
Хонадондаги чиқинди оқова сувларини кўчага ёки ариқларга боғлаб қўйганлар ҳам йўқ эмас. Яна кимдир гулзорларни пойхон қилган, кўчатларнинг шохларини синдириб кетган. Яна кимлар нимадир қилган ва қилмоқда…
Балки, бу ишлар оддий ёки арзимас хатодек туюлар… Аслида барча катта хатолар кичигини менсимасликдан бошланади. Ҳамон ёдимда, яқин-яқинга қадар яйловларда чорва боқиб, чанқаган вақтда ариқдан энгашиб сув ичилар, қорин очса нонни оқиб турган ариқ сувига ивитиб ейилар эди.
Бугунчи… Ариқларда ҳатто қўл ювишга ҳам журъат этолмайсан киши. Бу қилмишлар эртанги авлодлар ҳақига хиёнат қилиш эмасми…
Бир одам йўлда кета туриб, улуғ ёшли инсоннинг дарахт кўчати экаётганини кўрди ва ажабланиб сўради: “Ёшингиз бир жойга борга бўлса, бу кўчатни экишдан нима наф…”.
У бунга жавобан: “Мен ҳам ўзимдан олдинги инсонлар эккан дарахтлар мевасидан еб баҳра олганман”, деб жавоб қилган экан.
Хулоса Ўзингизда…
Зангиота тумани бош имом-хатиби
НУРАЛИ Мавланов