Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Сизга қўнғироқ қилмайман!

Сизга қўнғироқ қилмайман!

Бир бой одам кечки овқатдан кейин сайрга чиқишни одат қилган эди. Бир оз юргач ҳуфтон намозини ўқиш учун масжидга борарди. Бугун ҳаво совуқ бўлгани учун кўп юргиси келмади ва масжидга кириб қўя қолди.

Масжиднинг бир бурчагида йиғлаб, ёлвориб дуо қилиб ўтирган бир кишига кўзи тушди. Чидаб туролмай ундан бу ҳолининг сабабини сўради.

“Қарз юки ёмон экан, биродар. 200 АҚШ доллари қарзим бор. Шу ҳожатимдан ҳалол йўл билан қутулиш учун, мушкулимни осон қилишини сўраб, Яратганга илтижо қиляпман”, – деди ҳалиги киши.

Бой киши индамасдан масжиддан чиқиб, уйидан айтилган пулни олиб келиб ҳожатмандга беради. Бу унинг учун унчалик сезиларли маблағ эмас эди… Пулни бергач, қалбида ажиб бир ҳотиржамликни ҳис қилиб, ўша одамга агар мободо яна эҳтиёж туғилса, ёрдамини аямаслигини таъкидлаб, телефон рақами ёзилган қоғозни узатди…

Пулни олган мусулмон унга қарата: “Сизга қўнғироқ қилмайман!” – деди. Сабабини сўраганда эса бутун умрига татигувлик дарс бўладиган сўзларни эшитди: “Телефон рақамингизни олмайман. Чунки бу қалбимдаги ихлосимга зарар етказиб қўйиши мумкин. Аллоҳга эмас, сизга боғланиб, сиздан умид қиладиган бўлиб қолишим мумкин. Шунинг учун эҳтиёжим бўлса, уни раво қилишини сўраб яна Роббимга ёлвораман. Ҳудди ҳозир сизни менинг олдимга юбориб, қалбингизга солиб қўйгани каби, бошқа муаммоларимни ҳам Ўзи ечгувчидир!” – деди.

Субҳаналлоҳ!

Бу ҳикояни ўқиган ҳар бир инсон чуқур ўйга толиши ва ўзи учун муҳим хулосаларни чиқазиши тайин:

1. Инсон Аллоҳга чин ихлосла иймон келтириши, ҳар бир нарса Яратганнинг эрки – иродаси билан бўлишига чин дилдан ишониши лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадисни ўқиган кишининг қалби қувончга, умидга тўлиши тайин: Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Сизнингча кимнинг иймони ажойиб?” – дедилар. 
“Фаришталарники”, – дейишди. 
“Улар Роббиларининг олдида туриб иймон келтирмасалар, қандай бўлади?” – дедилар. 
“Набийларники”, – дейишди. 
“Уларга ваҳий тушиб туриб иймонга кемасалар, қандай бўлади?” – дедилар. 
“Бизники”, – дедилар. 
“Мен ораларингизда туриб иймон келтирмасаларингиз, қандай бўлади?” – деб туриб, сўнгра ўзлари жавоб қилдилар: 
“Мен учун халойиқнинг ичида иймони ажойиби сизлардан кейин, саҳифалардаги китобга иймон келтирган қавмлардир”, – дедилар” (
Ҳоким ривоят қилган).

2. Кишининг телефон рақамини олмай, Аллоҳ таолога бўлган таваккулини исбот қилди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган, Парвардигорларигагина (барча ишларида) таваккул қиладиган, намозни баркамол ўқийдиган ва ризқ қилиб берганимиздан (садақа ва) эҳсон қиладиган кишилардир. Айнан ўшалар ҳақиқий мўминлардир” (Анфол сураси, 2 – 4-оятлар).

3. Телефон рақаминининг берилиши унга том маънода бир имтиҳон эди ва у синовдан хайр билан ўтди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Ёки музтар (чорасиз) одам дуо қилганда ижобат этадиган, ёмонликни аритадиган ҳамда сизни ер юзида халифа қиладиган Зот яхшими? Аллоҳдан бошқа яна илоҳ борми? Қанчалар оз эслайсизлар-а!” (Намл сураси, 62-оят).

4. Аллоҳ дуоларни ижобат қилгувчи Зотдир. “Роббингиз: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман…”, деди” (Ғофир сураси, 60-оят).

5. Роббимиз бизларни кутилмаган ердан ризқлантирувчи Зотдир. Қуръони каримда шундай мараҳамат қилинади: “Ким Аллоҳ таолога тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур” (Талоқ сураси, 2-3 оятлар).

6. Аллоҳ таоло бу ҳикояни ўқиган, эшитган бандаларига дарс бўлишини таъминлади. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Қайси бир мусулмоннинг дуосида гуноҳ ҳам, қариндошлик алоқасини узиш ҳам бўлмаса, У Зот унга бунинг сабабидан уч (хислат)дан бирини беради: Ё сўраган нарсасини тезда беради. Ёки унинг учун охиратга олиб қўяди. Ёхуд унга тенг ёмонликни ундан даф қилади”.

“Ундоқ бўлса, (дуо) кўпайтирилар экан-да?”, деди.

“Аллоҳ кўпайтирувчироқдир”, дедилар” (Бухорий “Адабул-муфрад”да ривоят қилган). 

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзини яхши танийдиган, фақат Ўзигагина таваккул қиладиган, ихлосла дуо, зикр қиладиган содиқ бандаларидан қилсин!

Бекобод тумани “Амир Ҳамза” жоме масжиди имом-хатиби Абдулахад Саиджахонов

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

[carousel-horizontal-posts-content-slider]