Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ҳадис / ШИРККА ТЕНГЛАШТИРИЛГАН ГУНОҲЛАР

ШИРККА ТЕНГЛАШТИРИЛГАН ГУНОҲЛАР

Муғира ибн Шуъба розийаллоҳу анҳу ривоят қилади Абдураҳмон ибн Абу Бакра розийаллоҳу анҳу отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларга энг катта гуноҳларнинг хабарини берайинми?” дея уч бор такрорладилар. Биз: “Бош устига (қандай яхши бўларди) ё Расулуллоҳ!” дедик. У зот алайҳиссалом: “Аллоҳ таолога ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, деганлари ҳолда суяниб турган жойларида ўтириб қолдилар ва: “Огоҳ бўлинг, ёлғон сўзлаш, ёлғон гувоҳлик бериш. Огоҳ бўлинг, ёлғон сўзлаш, ёлғон гувоҳлик бериш”, дея давом этаверганларидан, биз кошки у зот энди тўхтасайди, деб қолдик» (Имом Бухорий ривояти).

Ҳадисда ширк билан бир қаторда ота-онага оқ бўлиш, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бериш оғир эканининг хабари берилмоқда. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнингуч бор такрорлашлари таъкиддир. Яъни, эшитувчи қаттиқ огоҳ этилиб, келиши мумкин бўлган хатардан ҳушёр тортмоғи учундир. Шубҳасиз, Аллоҳ таолога ширк келтириш энг катта гуноҳдир. Энди унга ёнма-ён фарзанднинг ота-онага оқ бўлиши, яъни улардан бирини ё ҳар иккаласининг дилини оғритиши, норози қилишидир. Чунки ота-она фарзанднинг ҳаётда бор бўлишига сабабчи ва уни тарбиялаб вояга етказган шахс ҳисобланади (“Умдатул қори шарҳи Саҳиҳил Бухорий”).

Фарзанднинг ота-онасига қилган ҳар бир хатти-ҳаракат мукофотсиз ёки жазосиз қолмайди. Уларга энг юксак одобни кўрсатиш зарур. Жумладан, улардан олдин ўтиб юрмаслик, аввал ўтирмаслик, исмларини айтмаслик ва улар олдида овозини баланд кўтармаслик кабилар муҳим одоблар саналади.

Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилади: «Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу икки кишини кўриб, улардан бирига: “Бу сенга ким бўлади?” деб сўради. У: “Отам”, деди. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу: “Уни исми билан чақирма, ундан олдига ўтиб юрма ва биринчи бўлиб ўтирма”, деди» (Имом Бухорий ривояти).

Ҳадис матнида келган “катта гуноҳлар” калимаси ҳақида уламолар ихтилоф қилишган. Айримлар гуноҳларнинг катта-кичиги бўлмайди. Аллоҳ ман этган ҳар бир нарса гуноҳи кабирадир, деса, бошқа кўплаб уламолар куфрдан бошқа гуноҳлар ўрнига қараб катта ва кичик бўлади, дейди.Энг катта ва кечирилмас гуноҳ эса ширкдир. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: «Албатта, Аллоҳ ўзига (бирор нарса) шерик қилинишини кечирмайди. Бундан ўзга (гуноҳлар)ни (Ўзи) хоҳлаган кишилар учун кечиргай. Кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у (тўғри йўлдан) жуда узоққа адашибди» (Нисо сураси, 116-оят).

Ҳақ таолога лойиқ бўлмаган нарсаларни Унга нисбат бериш ширк бўлади. Пайғамбарлар ёки илоҳий китоблардан бирини ё барчасини инкор этиш, ҳалолни ҳаром ёки ҳаромни ҳалол дейиш каби хатоликлар бандани куфрга бошлайди. Аллоҳ таоло огоҳлантиради: «Нуҳ қавми (Нуҳни ва ундан олдин ўтган) пайғамбарларни инкор этди» (Шуаро сураси, 105-оят); «(Гап) шудир. Кимки Аллоҳ ҳаром этган нарсаларни катта гуноҳ деб билса, бас, бу Парвардигори наздида ўзи учун яхшидир. Сизлар учун (ҳаром эканлиги) тиловат қилинадиган нарсалардан бошқа (барча) чорва моллари ҳалол қилинди...» (Ҳаж сураси, 30-оят).

Катта гуноҳларга азоб бўлганидек, кичик гуноҳларга ҳам азоб бор. Чунки кичкина гуноҳ ҳам кўпайгани сайин катталашиб боради. Имом Ғаззолий айтади: “Фиқҳда катта ва кичик гуноҳларнинг ўртасидаги фарқни инкор этиш дуруст эмас” (“Ал-Басит”).

Катта гуноҳларнинг баъзиси бошқасига қиёсланса ёки зарарига қаралса, улардаги катта-кичиклик намоён бўлади. Ҳадисда ота-онага оқ бўлиш ёлғон гапириш ва ёлғон гувоҳлик бериш ҳам ширкка тенглаштирилмоқда. Чунки ота-онанинг фарзандни дунё келтириб, тарбиялаб вояга етказишда чеккан заҳматларини ҳеч нарса билан баҳолаб бўлмайди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз отасидан шикоят қилган бир кишига: “Сен ҳам, молинг ҳам отангникидир”, дея танбеҳ берганлар (Имом Ибн Можа ривояти).

Ёлғон сўзлаш, ёлғон гувоҳлик беришда улкан хатарлар бор. Биргина айтилган ёлғон бир инсон ҳаётига  нуқта қўйиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўмин ёлғончи бўлмаслигини таъкидлаганлар. Абу Бакр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда: “Ёлғон имондан четлатувчидир”, дейилади (Имом Байҳақий ривояти).

Одамлар орасида ёлғон гапириш ва ёлғон гувоҳлик кўп ва осон содир бўлади. Чунки инсонлар кўпинча бу гуноҳни енгил санайди, бепарволик қилишади. Ҳолбуки, бандалар кўпам эътибор бермайдиган бу икки гуноҳ адавот, гина-кудурат ва ҳасад каби бир қанча иллатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Аслида, ширкдан кўра, жамият учун ёлғоннинг зарари кучлироқдир (Муҳаммад ибн Аҳмад Айний).

Харим ибн Фотик айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозини ўқидилар. Сўнгра кетаётиб, тўхтадилар ва: “Ёлғон гувоҳлик бериш Аллоҳ таолога шикр келтириш билан тенг қўйилди”, дея уч бор такрорладилар. Кейин: «Бас, бутлардан иборат нажосатдан узоқлашиб, ёлғон сўздан ҳам четда бўлингиз! Аллоҳга чин ихлос қилиб, Унга ширк келтирмаган ҳолингизда (мазкурларни бажаринг)! Кимки Аллоҳга ширк келтирса, бас, у гўё осмондан қулаган ва уни қушлар (ўлжа қилиб) олиб кетган ёки уни (қаттиқ) шамол йироқ жойга учириб кетган (жонсиз нарса) кабидир» оятини (Ҳаж сураси, 30–31) тиловат қилдилар (Имом Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти).

Ширк билан тенглаштирилган бу икки гуноҳнинг оғирлик даражаси ундан жабр тортган одамнинг ҳисобига кўра белгиланади. Яъни, ёлғон сўз ёки ёлғон гувоҳлик сабаб қанча кўп фосидлик содир этилса, унинг жазоси оғирлиги ҳам катталашиб боради. Ибн Арабий айтади: “Ёлғон тўрт қисмга бўлинади: биринчиси, Аллоҳ таолога нисбатан ёлғон тўқиш. Ун (нинг азоби)дан қаттиқроғи бўлмайди. Қуръони каримда бундай огоҳлантирилган: «Ахир, Аллоҳ шаънига (ширк ва фарзандни нисбат бериб) ёлғон сўзлаган ва ростгўйликни (ваҳийни) ўзига келган пайтидаёқ инкор этган кимсадан кўра ким ҳам золимроқдир ёки жаҳаннамда кофирлар учун жой йўқми?!» (Зумар сураси, 32-оят). Иккинчиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан ёлғон тўқиш. У ҳам юқоридагига ўхшаш оғирдир. Учинчиси, инсонларга нисбатан ёлғон тўқиш. Яъни, ёлғон гувоҳлик бериш. Масалан, айбсиз бир кишини айбдор қилиш ёки унинг айбини бекитишни кўзлаб ёлғон гувоҳлик беради. Тўртинчиси, инсонларга ёлғон сўзлаш. Бу борада молиявий муомала масалаларидагиси энг оғиридир…”   

Ҳадис матнида гувоҳликни яшириш зикр этилмаган бўлса-да, у ҳам ёлғондан гувоҳлик беришга ўхшайди. Чунки унинг ҳукми ҳам шунга қиёс қилинади. Зеро, ҳақни ботил қилиш учун ёлғон гувоҳлик бериш ҳаром қилинган экан, яшириш ҳам шунинг каби зарарларни келтириб чиқариши табиий.

Инсон ширк келтириш билан мусулмонликдан чиқади, яъни у банда мўмин дейилмайди. Ота-онага оқ бўлиш ёки ёлғон сўзлаш ё ёлғон гувоҳлик беришнинг ширк билан тенглаштирилиши, демак, у гуноҳларнинг жазоси кучли, ҳисоб бериши қаттиқ эканини билдиради. Айни замонда бу уч гуноҳ ҳам жамиятимизда урчиётган иллатлардан бирига айланиб бораётганидан хавфсираш муболаға эмас. Шундай экан, ҳар биримиз билмаган, баъзан билган ҳолимизда ҳам мазкур гуноҳларга қўл ураётганимиз ачинарлидир.

“Умдатул қори шарҳи Саҳиҳил Бухорий” ва “Фатҳул борий шарҳи Саҳиҳил Бухорий” китоблари асосида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 АбдувоҳидЎРОЗОВ тайёрлади.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]