Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / СЕНИ ҚУТҚАРГАН – АЛЛОҲ!

СЕНИ ҚУТҚАРГАН – АЛЛОҲ!

Баъзи инсонлар шу қадар исёнга кетадики, ўзинигина эмас, балки оламларни яратган Зотни ҳам инкор қилади.

«Аллоҳ ҳар бир нарсани яратгувчидир ва У ҳар бир нарсага вакилдир» (Зумар сураси, 62-оят).

* * *

Даҳрий (атеист, худосиз)лардан бири Жаъфар Содиқ раҳимаҳуллоҳ олдида Аллоҳни инкор қилди. Жаъфар Содиқ унга:

– Ҳеч кемага миниб, денгизнинг улкан ва даҳшатли тўлқинларини кўрганмисан? – деди. Ҳалиги одам:

– Ҳа, бир марта шундай бўлган, кемага минганимда шамол қутуриб, денгиз кучли тўлқинланган, кемани синдириб, денгизчилар ҳалок бўлган эди. Мен кема ёғочларидан бир парчасига осилиб омон қолганман, – деди.

– Ўша пайтда тирик қолишни умид қилганмисан? – деди.

– Албатта, умид қилганман.

– Кимдан умидвор бўлгансан?

Зиндиқ индамай қолди. Жаъфар Содиқ:

– Ўша вақтда сен умидвор бўлган Зот Аллоҳдир! Сени чўкишдан қутқариб қолган ҳам Аллоҳдир!

Шунда ҳалиги инсон имон келтириб мусулмон бўлди.

* * *

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни бир тўда даҳрийлар ўлдиришга қасд қилиб, пайт пойлаб юришар эди. Бир куни у зот масжидда ўтирганида, ҳалиги даҳрийлар имомни ўлдириш учун қилич яланғочлаб келишди. Имом Абу Ҳанифа уларга:

– Аввал бир масалага жавоб беринглар. Сўнгра хоҳлаган нарсангизни қилаверинглар, – деди.

– Нима масала экан? – дейишди улар.

– Денгизда бошқарувчисиз бир қайиқ бор. Ушбу қайиқни уммоннинг улкан тўлқинлари ва даҳшатли шамоллари орасидан бошқарувчисиз ҳолатда, ҳалок бўлмай сузиб ўтиб кетиши ақлга тўғри келадими?

– Йўқ, бу ақлга тўғри келмайди.

– Субҳаналлоҳ! Денгиздан биргина кема бошқарувчисиз сузиб ўтиши мумкин эмас бўлса, унда ушбу пастки (ер аҳли) ва юқори олам (осмонлар) аҳллари турлича аҳволлари ила Яратувчисиз қандай қоим турар экан?

Ҳалиги даҳрийлар бу сўзни эшитиб йиғлай бошлашди. Сўнгра тавба қилишди ва мусулмон бўлишди.

* * *

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳдан баъзилар Аллоҳ борлигига далил сўрашди. У киши:

– Дарахт баргининг таъми, ҳиди ва ранги сизларни наздингизда бир хилми? – деб сўради.

– Ҳа албатта.

– Дарахт баргини ипак қурти ейди ва ундан ипак чиқади. Асалари ҳам ейди ва ундан асал чиқади. Қўй ҳам ейди ва ундан қумалоқ чиқади. Кийик ҳам ейди ва қорнида мушкка айланади.

Биргина баргнинг табиатини бунчалар хилма-хил қилиб ўзгартираётган ким?!

Улар бу гапларни эшитгач, Имом Шофеъийнинг сўзларини тасдиқлашди ва мусулмон бўлишди.

* *  *

Аъробий (содда ва қўпол инсон)дан сўрашди:

– Аллоҳнинг борлигига бирон далил борми?

– Қўй қумалоғи қўй борлигига, сигир тезаги сигир борлигига, оёқ излари уни эгаси борлигига далолатдир.

Шунингдек, ўта улкан осмонлару ер, бепоён денгизлар Яратувчи Зот борлигига очиқ ойдин далилдир!

«Аллоҳ барча нарсани яратгувчидир ва У танҳо ғолибдир» (Раъд сураси, 16-оят).

Бугун Аллоҳ таолонинг борлигини, барча нарсани У яратганини инкор этувчилар, чексиз коинот, миллиардлаб юлдузлар, миллионлаб галактикаларнинг мана шундай низом билан ҳаракатланишига бир назар солсин.

Уларни бундай низомга солиб қўйган Зот бор!

Машинангизни ўт олдириб, чорраҳадан ўтиш учун ҳайдаб, ўзингиз тушиб қолсангиз нима бўлади? Албатта, автоҳалокат содир бўлади.

Биргина уловимиз бошқарувчисиз ҳалокатга юз тутар экан, одамларни яратиб, уни мана шундай низомга солиб қўйган Зот бор, У Аллоҳдир!

Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ тайёрлади.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]