Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / САВОБНИ ЙЎҚҚА ЧИҚАРМАЙЛИК!

САВОБНИ ЙЎҚҚА ЧИҚАРМАЙЛИК!

Ёмонликдан қайтариш

Халқимиз эҳтиёжманд кишиларга ёрдам беришга доимо шай, саховатли. Юртдошларимиз орасида савоб ишлар қилиб, одамларга, элга нафи тегишини ҳаётининг мазмунига айлантирган солиҳлар кўп. Бироқ орамизда яхшиликларини миннат қилиб, савоб амалларини йўққа чиқарувчи инсонлар ҳам учраб туради.

Миннат туфайли қилган эзгу амалларимизга соя тушади, саховатимизга путур етади. Бу ҳақда Аллоҳ Қуръони каримда бундай дейди: «Остидан анҳорлар оқиб турадиган, хурмою узумлари бор, турли хил мевалари мўл боғ эгаси кексайиб, нотавон (ёш) болалари билан қолган пайтида ўша боғини оловли тўфон уриб, ёниб кетишини хоҳлайдими?! Тафаккур қилурсиз, деб, Аллоҳ ўз оятларини сизларга шундай баён қилади» (Бақара сураси 266-оят).

Бу ерда Аллоҳ йўлида қилинган хайрли ишлар, савоб амаллар мевазор боққа қиёс қилиниб, ўтли бўрон боғни куйдирганидек, садақа ва саховат кетидан қилинган миннат солиҳ амалларни йўққа чиқариши айтилган. Демак, ҳар бир мўмин киши “мен сенга фалон яхшиликни қилган эдим, лекин сен билмадинг”, деб ҳеч қачон миннат қилмаслиги керак. Аввало, яхшилик биров билиши учун қилинмаслигини теранроқ англаш зарур. Зеро, “Яхшилик қил – дарёга ташла, балиқ билар, билмаса – Холиқ”, “Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин” каби ҳикматли гаплар бежиз айтилмайди.

Миннат яхшилигимиздан манфаат кўрган кишига салбий таъсир кўрсатади. Кўнгли ўксийди, қаттиқ ранжийди. Сиздан яхшилик кўрган ўша кунига лаънатлар айтиши ҳам мумкин. Бобомиз Алишер Навоий “Маҳбубул қулуб” асарида бундай кишиларнинг кўнглидан нималар кечишини гўзал тарзда баён қилган:

Бу бедод аҳлидин гар жон бериб махлас эрур мумкин,

Қилиб жони фидо, биллаҳки, миннат қўйғамен жонға.

Яъни, мутафаккир шоир миннат қилувчи кимсаларни золимга тенглайди. Улардан ҳатто жонини бериш эвазига халос бўлиш мумкин бўлса ҳам, бунга бажонидил тайёр эканлигини айтади.

Миннат барча хайрли амалларимизни ювиб кетар экан, бунга доимо эътиборли бўлайлик. Беш кунлик дунёда билиб-билмай бировнинг кўнглини оғритиб кўйишдан ўзимизни тияйлик. Яхшилигимизни пеш қилиб, Яратганнинг олдида гуноҳга қолмайлик.

Каримқул МАВЛОНОВ,

Бекобод тумани

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan