Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / САБР ҚИЛИШ ЮКСАК ФАЗИЛАТДИР

САБР ҚИЛИШ ЮКСАК ФАЗИЛАТДИР

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла РАУПОВ билан суҳбат

– Ассалому алайкум, домла. Аввало, сизни ушбу мартабага тайинланганингиз билан муборакбод этиб, масъулиятли вазифангизни шараф билан бажаришда муваффақиятлар тилаймиз. Сиз билан бугунги замон кишиси, айниқса, ёшларда етишмай турган бир фазилат, яъни сабр ҳақида суҳбатлашсак. Чунки жамиятда юзага келаётган асосий муаммолар ана шу тушунчага бўлган эътибор сустлиги ёки етарли эмаслигида кўринади. Шу боис сабр ўзи нима эканини бир эслаб ўтсак…

– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Табрик ва тилакларингиз учун ташаккур. Масъулиятли вазифа зиммамизга юкланган экан, Аллоҳ икки оламда юзимизни ёруғ айласин.

Сабр – ин сон учун берилган неъматлардан биридир. Инсон сабр қилса, Аллоҳ таоло савобларини кўпайтириб беради. Уларнинг мартабаларини олий қилади. Аллоҳ таоло Зумар сурасининг 10-оятида: «(Эй Му ҳаммад!) Менинг имон келтирган бандаларимга айтинг: “Парвардигорингиздан қўрқингиз! Бу дунёда эзгу иш қилган зотлар учун (охиратда) чиройли (оқибат – жаннат) бордир. Аллоҳнинг Ери кенгдир. Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур”», деб марҳамат қилган.

Бу ояти каримани тафаккур қилсак, сабр қилувчиларнинг мартабасидан ҳайратга тушамиз. Сабр қилувчиларнинг ажри беҳисоб бўлади. Бу гап Ҳақнинг Каломида айтилаётганига диққат қилишнинг ўзи сабр одам учун бир нажот эканига етарли далилдир.

Саид ибн Жубайр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилган: “Бандаларнинг Аллоҳ таолога энг яхшиси – мусибат келганда сабр қилувчи ва неъмат берилганда шукр қилувчисидир” (Имом Аҳмад ривояти).

– Яқинда бир ҳикматли ривоят тингладим. Унда одам ўзига берилган сон-саноқсиз неъматларни тез эсидан чиқариб, унга берилмагани ҳақида қайғуриш ҳолати кўп учраши гўзал тарзда ифодаланган экан…

– Ривоят деганингизга эсимга тушди. Саъдий Шерозий “Гулистон” асарида қуйидаги ҳикояни келтиради: Узоқ йўл босиб келаётган мусофир киши оёқ кийими эскириб кетганидан нолиб, ўз-ўзига “шунақа ҳам ночор одам бўламанми?” дея ҳоли хароблигидан афсусланди. Нолиганча шаҳар дарвозасига яқинлашар экан, дарвоза олдида тиланчига кўзи тушди. Унинг икки оёғи ҳам йўқ эди.

Мусофир: “Мен-ку, пойабзалим йўқлиги учун ношукурлик қилибман, оёқларим йўқ бўлса, нима қилардим, мендан ҳам ночор одамлар бор экан-ку!” – деб тавба қилиб, шукрона келтирди. Демак, бирор нарсага етиша олмаган одам, аввало, ўзидаги мавжуд нарсаларга назар солиши ва борига шукрона айтиши лозим экан.

Чунки Раббимиз шукр қилувчига неъматини зиёда қилиши ҳақида оятлар бор. Шукр қилувчи кишида меҳр-мурувват, инсоф-диёнат, қаноат, сабр каби фазилатлар бўлади. Бу хулқлар эса инсонни дунё ва охират саодатига бошлайди.

– Бу дунёда бандага етган мусибат Аллоҳ таолонинг қулига яхшиликни раво кўриши ҳисобланади. Аммо инсон бошига кулфат тушганда бу ҳикматни унутиб қўяди. Баъзан аза бўлган хонадонда дод-фарёд баробарида тил билан ҳам Аллоҳга исён қилиб, билиб-билмай гуноҳкор бўлаётган кишиларни кўрамиз. Биров очликка, биров дардга сабрли бўлиши мумкин. Аммо юқоридаги ҳолатда сабрсизлик кўпроқ учрайди. Демак, сабрнинг ҳам турлари бор экан-да

– Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Қайси бир бандага Аллоҳ таоло яхшиликни раво кўрса, унга шу дунёнинг ўзида жазо ва уқубат беради. Ёмонликни раво кўрса, гуноҳини қиёматга қолдиради” (Имом Термизий ривояти).

Уламолар сабрни уч турга бўлишган: биринчиси, мусибатларга сабр қилиш. Маълумки, инсон ҳаёти тинимсиз курашлардан иборат. Бу дунёда турли-туман қийинчиликларга дуч келамиз. Ушбу кураш ларда кишининг зафар қучиши унинг сабр-матонатига боғлиқ бўлади.

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий алайҳиссалом қабр устида йиғлаб ўтирган аёл олдидан ўтиб қолдилар ва унга: “Аллоҳдан қўрқ ва сабр қил!” – дедилар. Шунда у аёл Набий алайҳиссаломга: “Нари тур! Зеро, менга етган мусибат сенга етмаган ва менинг мусибатим қай даражадалигини билмайсан ҳам”, – деди. У аёлга: “Бу киши Пайғамбар алайҳиссалом бўладилар”, – дейишди. Бояги аёл айтган сўзларидан пушаймон бўлиб, узр сўраш учун Набий алайҳиссаломнинг уйларига келди ва у ерда соқчиларни кўрмади. Бу аёл Пайғамбаримизни подшоҳлардек яшайди ва эшиги олдида дарвозабонлар туради, деб ўйлаганидан ажабланди. Набий алайҳиссалом билан кўришгач: “Мен Сизни танимабман”, – деди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳақиқий сабр – биринчи зарбадаги сабрдир!” – дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Демак, инсоннинг бошига қандай мусибат келса ҳам, унинг илк дақиқаларидан сабр қилиши – ҳақиқий сабр экан. Бундай сабрга Аллоҳ таоло жаннатни ваъда қилган. Сабртоқат туфайли жаннатга киришнинг бир нечта шартлари бор. Булар: мусибатнинг илк дақиқаларида сабр қилиш; сабр қилгани учун Аллоҳдан савоб умидида бўлиш ҳамда шикоятни тарк этиш. Зеро, Абдулқодир Жийлоний: “Эй фарзанд, бало-мусибат сени ҳалок қилиш учун эмас, сабрингни синаш учун келади”, деганлар.

Кейингиси, гуноҳ-маъсиятлардан тийилишда сабр қилиш. Бунда инсон нафсини ҳаром сўз ва ишлардан тияди. Масалан, бир киши нафсига эргашиб, зино қилишмоқчи бўл са, шунда у бу ишдан тийилса, мана шу “гуноҳ дан сабр” дейилади. Миср ҳокимининг хотини Юсуф алайҳиссаломни зинога чорлайди, эшикларни беркитади, “Бери кел!” – деб ўзига чорлайди. Шунда Юсуф алайҳиссалом: “Агар мен хожамга (яъни сенинг эрингга) хиёнат қилсам, золимлардан бўлиб қоламан”, – деб унинг истагини рад этади. Аллоҳдан паноҳ сўрайди ва сабр қилади. Бунинг эвазига Юсуф алайҳиссалом икки оламда нажот топиб, улуғ даражаларга кўтарилади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “…кимки Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва ҳисобот бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳаволанишдан қайтарган бўлса, бас, фақат жаннатгина (унга) макон бўлур”, деган (Нозиот сураси, 40–41-оятлар).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёмат куни Арш соясига олинувчилар қаторида: «Насл-насабли, чиройли аёл зинога чорлаганда, “Мен Аллоҳдан қўр қаман!” – деб, аёлнинг истагини рад этган киши»ни ҳам зикр қилганлар.

Учинчиси, тоат-ибодатларда сабрли бўлиш. Бунда инсон ўз нафсини тоатга ун дайди, мажбур қилади. Масалан, бир киши намоз ўқимоқчи, аммо нафси уни дангасалик ва ялқовликка ундаб турибди. Ана шу пайтда нафсидан ғолиб келиб, Аллоҳ таоло фарз қилган ибодатни бажарса, бу ҳам сабр дейилади.

Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу ярим тунда туриб намоз ўқир, тонг ёришмасдан аёли ва болаларини уйғотиб ушбу оятни ўқир эди: “Аҳлингизни намоз (ўқиш)га буюринг ва (ўзингиз ҳам) унга (намозга) бардошли бўлинг! Сиздан ризқ сўрамаймиз, (аксинча), Биз сизга ризқ берурмиз. Оқибат (яхшилиги) тақво (аҳли)гадир(Тоҳо сураси, 132-оят).

Фикр қилган кишига мана шу далилларнинг ўзи етарлидир. Зеро, Аллоҳнинг амрисиз кипригини ҳам қимирлата олмайдиган ожиз инсон тоқатидан ташқари ишларга дучор қилинмаслиги оят билан собитдир. Раббимизнинг меҳрибонлигини ҳис этмай, сабрсизлик қилса, фақат ўзига зиён етказиши мумкин.

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ

суҳбатлашди.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]