Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатган беш амал (бир ҳадис шарҳи)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатган беш амал (бир ҳадис шарҳи)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, ҳаёт тарзлари биз мўмин-мусулмонлар учун катта ибрат мактабидирки, У зотнинг ҳар бир сўзлари ва қилган амаллари олам-олам маъно ва ҳикматга бойдир. Қуйида танишиб шарҳламоқчи бўлган ҳадиси шарифимиз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биз умматларига таълим бериб айтган беш амаллари ҳақидадир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
Ким мендан ушбу калималарни қабул қилиб олиб уларга амал қилади ёки уларга амал қиладиган кишига ўргатиб қўяди?

Абу Ҳурайра : “Мен эй Аллоҳнинг Расули” дедим.

У зот қўлимдан тутдиларда бешта нарсани санадилар. Айтдиларки: “Ҳаромлардан сақлангин, инсонларнинг энг ибодат қилувчироғи бўласан, Аллоҳ сенга тақсимлаган нарсага рози бўлгин, инсонларнинг энг бойроғи бўласан, қўшнингга яхшилик қилгин мўмин бўласан, ўзинг учун яхши кўрган нарсани инсонларга ҳам яхши кўргин муслим бўласан, кулгуни кўпайтирма, чунки кулгунинг кўпи қалбни ўлдиради”.                 

( Термизий ривояти)

Биринчи насиҳатларида ибодат қилишга тарғиб қилиб шундай деганлар:

  1. «Ҳаромлардан сақлангин, инсонларнинг энг ибодат қилувчироғи бўласан». Ушбу сўзлари билан ибодатнинг ҳақиқий маъносини баён қилганлар. Чин кўнгилдан Аллоҳ таолога бўйин эгиб, У рози бўладиган амалларни қиладиган киши, аввало, У зот ман қилган нарсалардан тийилиши лозим бўлади.

Бу ҳақда Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: «Обидлар Аллоҳ қайтарган нарсани тарк қилишдан кўра афзалроқ бирор нарса билан ибодат қила олмайдилар».

Али ибн Абу Толиб: “Энг улуғ тақво ҳаром нарсадан қўл тортишдир”, деб зикр қилганлар.

Мана шу ўринда, Абу Исҳоқ Зуҳурийнинг тақвони тасвирлаб берган мисолларини айтиб ўтишлик, мақсадга мувофиқ бўлади. Улар: “Олам бир дарёдир, унинг қирғоғи – охиратдир, Ул дарёнинг кемаси – тақводир. Одамзоднинг ҳаммаси мусофирдир”, деб бизларга жуда гўзал ўхшатиш орқали таълим бермоқчи бўлганлар.

Дарҳақиқат, охират бу дунёнинг сўнгги манзили, қирғоғи ҳисобланади. Инсонларнинг барчаси эса мусофир бўлиб мана шу дарёда сузишга маҳкумдир. Фарқи шундаки, инсонлар ўзига тақво номли кемани танлаб олсалар қирғоқга эсон-омон етиб оладилар, акс ҳолда, дунё дарёсига ғарқ бўлиб охират қирғоғини топгунча, умрини беҳудага сарф этган бўладилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.)нинг ҳам шундай сўзлари бор:
– Аллоҳ фарз  қилган ибодатни адо эт, инсонларнинг энг обиди (кўп ибодат қилувчиси) бўласан;
– Аллоҳ ман этган нарсалардан узоқ юр, инсонларнинг энг зоҳиди бўласан;
– Аллоҳ сенга берган ризққа рози бўл, инсонларнинг энг бойи бўласан.

Ушбу сўзларнинг хулосалари шуки, мусулмон киши аввало ҳаромлардан сақланиши, агар бирор ҳалол нарсага ҳаром аралашиб қолса, унинг ҳаромлигини устун қўйиб ундан тийилиши лозим. Мана шунда киши тақводор саналиб, мусулмонларнинг энг ибодатлироғи бўлиш шарафига эришар экан.

Иккинчи насиҳатларида бойликнинг ҳақиқатини баён қилиб шундай деганлар:

  1. «Аллоҳ сенга тақсимлаган нарсага рози бўлгин, инсонларнинг энг бойроғи бўласан». Ушбу сўзлари билан ҳақиқий бойлик мол мулкнинг кўплиги эмас, балки нафснинг тўқлиги эканини тушунтирганлар. Яъни дунёда бахтли яшаш учун мол-мулкнинг кўп бўлиши эмас, балки ўзига тақсимланган ризққа қаноат қилиш сабаб бўлади. Чунки тақсимланган ризққа рози бўлиш қалбга роҳат бағишлайди. Шу сабабли қаноатли киши тинч осойишта ҳаёт кечиради. Қаноат ҳақида кўплаб ҳикматли сўзлар айтилган:

Бишр Ҳофий роҳматуллоҳи алайҳ: «Қаноат фақат мўминнинг қалбида бўладиган мулкдир,» деганлар. Бундай дейишларига сабаб фақатгина чин мўмин кишигина ризқни Аллоҳдан деб билади ва камига сабр қилади, кўпига шукр қилади. Асло Аллоҳ тақсимлаган ризқига ношукурлик қилмайди.

Саъдий Шерозий эса: “Қаноат кишини қудратли қилур”, деб таъкидлаган эканлар.

Зуннун Мисрий роҳматуллоҳи алайҳ: «Ким қаноат қилса, замондошларидан хотиржам бўлади, яқинлари орасида обрўси баланд бўлади,» деганлар.

Абу Ҳозим семиз қўйнинг гўштини сотиб турган қассобнинг ёнидан ўтиб қолдилар. Қассоб унга: “Эй Абу Ҳозим гўштдан олинг жуда яхши гўшт”, деди. Абу Ҳозим унга: “Ёнимда дирҳамим йўқ”, деб жавоб бердилар. Қассоб: “Пулини кейин берсангиз ҳам майли”, деди. Шунда у зот: “Мен учун сизга кейин бергандан кўра нафсимга кейин берганим яхшироқдир”, деб жавоб бердилар. Бу – Абу Ҳозим ўз нафсига устун бўлганлиги ва қаноатли эканлигининг бир мисолидир.

Учинчи насиҳатларида комил мўминнинг сифатини баён қилиб, шундай деганлар:

  1. «Қўшнингга яхшилик қилгин, мўмин бўласан». Яъни, қўшнисига яхши муомала қилган, яхши ишларида кўмакчи бўлган киши комил иймон эгаси бўлади.

Инсон  боласи  ўзининг кундалик  ҳаётида,  истайдими-йўқми,  доимий  равишда  алоқада  бўлиб турадиганлардан  бири – қўшнилардир.  Кишининг  ҳаёти  осойишталиги, бахти,  қувончи  кўпинча  қўшни  билан  кечадиган  алоқаларга  ҳам  боғлиқ бўлади.  Агар  Аллоҳ  таоло  бандага  яхши  қўшни  ато  қилса,  кўпгина яхшиликларга  сабаб  бўлади.  Аксинча,  ёмон  қўшнидан  ҳар  хил  ёмонлик кутишнинг ўзи турмуш ҳаловатини кетказади. Шунинг  учун  ҳам  Набий  соллаллоҳу  алайҳи  васаллам:  «Мусулмон кишининг  саодати  кенг  маскан,  солиҳ  қўшни  ва  яхши  уловдадир», деганлар.

Исломда  қўни-қўшниларнинг  ҳақлари  тўртта бўлиб,  улар:  қўшнига  азият  бермаслик,  қўшнини  ёмонликлардан  ҳимоя қилиш,  уларга  доимо  яхшилик  қилиш, қўшинидан  етадиган  азиятларга сабрда бўлиб, улар билан яхши қўшничилик қилиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшничилик ҳақларига риоя қилиш лозимлигини жуда кўплаб ҳадисларида қаттиқ таъкидлаганлар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳга қасамки мўмин бўлмайди, Аллоҳга қасамки мўмин бўлмайди, Аллоҳга қасамки мўмин бўлмайди, дедилар. Ким, эй Аллоҳнинг Расули дейилди. У зот: «Қўшниси унинг ёмонлигидан омонда бўлмаган киши» дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам навбатдаги насиҳатларида комил мусулмоннинг сифатини баён қилиб, шундай деганлар:

  1. «Ўзинг учун яхши кўрган нарсани инсонларга ҳам яхши кўргин муслим бўласан». Яъни комил мусулмон бўласан. Бу сўзлари билан ислом динининг бағрикенглигини, унинг бутун оламларга раҳмат эканини баён қилганлар. Зеро ислом дини инсонларнинг ирқи, миллати, насл-насабидан қаттъий назар барчага яхши гаплар айтишни ўргатади. Бу Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда таъкидланган амаллардандир.

Бошқа бир ҳадисларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин кишининг сифатини шундай баён қилганлар:

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Сизлардан бирингиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўрмагунича мўмин бўлолмайди.

Яъни киши комил мўмин бўлиши учун ўзига яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўриши лозим. Саъдий Шерозий инсонлар фақат ўзини ўйламаслиги, атрофдагиларнинг ҳам ғамини чекиши кераклигини таъкидлаб шундай мисраларни ёзганлар:

Ўзгалар ғамини чекмаса одам,
Анга нолойиқдир инсон, деган ном.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам навбатдаги насиҳатларида мўмин кишининг хулқи қандай бўлишини баён қилиб шундай деганлар:

  1. «Кулгуни кўпайтирма, чунки кулгунинг кўпи қалбни ўлдиради». Бу сўзлари билан мўмин киши учун ҳаёт беҳуда нарсаларга сарфлаб юбориладиган арзимас нарса эмас, балки солиҳ амаллар билан тўлдирилиши лозим бўлган ғанимат фурсат эканини баён қилганлар. Эътибор берадиган бўлсак «кулгунинг кўпи қалбни ўлдиради» дейилди. Бундан кулгуни мутлақо тарк қилиш эмас балки меъёрдан ортиқ кўп кулиш яхши эмаслиги тушунилади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам табассум билан кулганлар, саҳобалари ҳам кулганлар. Бунга қуйидаги ҳадислар мисол бўла олади:

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларининг ичи кўринадиган даражада оғизларини катта очиб кулганларини кўрмаганман. У зот табассум қилар эдилар.

Қатодадан (р. а.) ривоят қилинади: Ибн Умардан: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари кулишар эдими, деб сўрашди. У: “Ҳа, ваҳоланки иймон уларнинг қалбларида тоғлардан ҳам улканроқ эди”, деди.

Кулгуни жоиз ва ножоизлигига кўра икки турга ажратиш мумкин:

  1. Бирор нарсадан хурсанд бўлиб кулиш.
  2. Бировни камситиш ё обрўсини тўкиш мақсадида кинояли кулиш.

Бировни камситиш ё обрўсини тўкиш мақсадида кинояли кулишни шариат ман қилган. Бирор нарсадан хурсанд бўлган пайтдаги кулишнинг эса меъёрдан ортиғи ман қилинган. Яъни меъёрдан ортиб кетса қалбни ўлдирадиган кулгу бўлиб қолади.

Аллоҳ таоло барчаларимизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур насиҳатларини ҳаётимизда татбиқ этиб, уларнинг фойдасидан баҳраманд бўлишлик бахтини насиб этсин!

Қибрай тумани бош имом-хатиби,
«Дўрмон» жоме масжиди
имом-хатиби М.Миржалилов

[carousel-horizontal-posts-content-slider]