Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / Рамазонда ҳайз кўрган аёл…

Рамазонда ҳайз кўрган аёл…

Аллоҳ таоло ўзининг буюк ҳикмати тақозосига кўра, Одам алайҳиссаломнинг қизларининг бачадонидан қон оқишини уларнинг тақдирларига битди. Ҳар ойда оқадиган бу қон умум аёлларнинг бачадонларини тозалаб туради. Буни шаръий истилоҳда “ҳайз” деб номланади. Шунингдек, унинг акси эса, “туҳр”, яъни поклик дейилади.

Ҳайз луғатда «оқиш» деган маънони билдиради. Шариатда эса балоғатга етган аёлнинг раҳми ичидан туғишсиз, беморликсиз, муайян муддатда чиқадиган қон – бу ҳайздир. Одатда, ҳайзнинг ранги қорамтир, ўзи ҳароратли ва оғриқ ила келадиган бўлиб, ҳиди нохуш бўлади.

Аёлларда ҳайз ва нифос қонини келиши шаръий узрлардан бўлиб, Аллоҳ таоло мусулмонларга фарз қилган беш Ислом арконларини адо этишдан улар авф этиладилар. Улар ҳайз ва нифос даврида намоз ўқимайдилар ва рўза тутмайдилар, чунки бу даврда улардан ушбу икки фарз соқит бўлади. Лекин бу дегани, аёл Рамазон ойини буткул телевизор кўриш ёки ижтимоий тармоқлардаги тийиқсиз суҳбатлар каби беҳуда ишлар билан ўтказиб юборса бўлаверади, дегани эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг йўлида беморликлари сабаб ғазотга чиқа олмаганлар ҳақида шундай деган эдилар:

إن بالمدينة رجالا ما قطعتم واديا، ولا سلكتم طريقا إلا شركوكم في الأجر، حبسهم العذر

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага яқинлашганларида улар ҳақида шундай деган эдилар: «Мадинада шундай кишилар борки, сизлар қаерга борган бўлсангиз, қай бир водийни босиб ўтган бўлсангиз, улар сизлар билан бирга бўлдилар, уларни узр ушлаб қолди».

Улар шаръий узр сабабли чиқа олмадилар. Зеро уларга ҳам ғазотга чиққанларнинг савоби берилади. Чунки улар ҳақиқатда чин дилдан ғазотга чиқишни ирода қилган эдилар.

إذا مرض العبد أو سافر كتب الله تعالى له من الأجر مثل ما كان يعمل صحيحا مقيما

«Агар банда касал бўлса ёки сафар қилса, унга муқим ва соғломлигида қилиб юрган амалларининг ажри ёзилади».

Ҳайз – касаллик ёки руҳий тушкунликка ва умидсизликка олиб борадиган айб эмас, балки у Одам алайҳиссаломнинг қизларининг тақдирларига битилган хукмидир.

Аёл ҳайз кўриш даврида турмуш ўртоғи ва фарзандларига намозни эслатиб туриши, уларни намозга уйғотиши, фарз ва нафл намозларга қизиқтириши, яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариб туриши, муборак Рамазон ойининг фазилатлари ҳақида айтиб бериши, ажр-савоб бериладиган солих амалларга ундаши, шунингдек, истиғфор, тасбеҳ, таҳлил, таҳмид каби Аллоҳнинг зикри ила машғул бўлишлари мумкин.  Намоз вақти бўлган пайтда таҳорат қилиб одатда намоз ўқийдиган жойида тасбеҳ айтиб ўтириши мустаҳаб бўлади.  Баъзи мўътабар уламолар мазкур мустаҳаб амални қилган аёлга энг яхши ўқиган намозининг ажри ёзилади, деганлар. Бундан ташқари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиши, муаззиннинг азон калималарини эшитганда жавоб бериб туриши, дуо ижобат бўладиган вақтлардан фойдаланиб дуолар билан машғул бўлиши, турмуш ўртоғи ва болалари учун саҳарлик ва ифторлик таомларини тайёрлаб бериши мумкин.

من فطرصائماً كان له مثل أجره غير أنه لا ينقص من أجر الصائم شيئاً

“Ким бир рўзадорга ифторлик қилиб берса, унга ўша рўзадор эга бўлган савобдан бирон нарса камайтирилмаган ҳолда берилади”.

Қолаверса, савоб умидида фақир-мискинларга кўпроқ садақалар бериши, уларни таомлар билан сийлаши мумкин.

Ҳайз даврида аёл-қизлар Қуръони Карим оятларини тиловат қилмайдилар.

عن ابن عمر رضي الله عنه عن النبيّ صلي الله عليه و سلّم قال لا تقرا الحائض و لا الجنب شيئا من القران

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳайзли аёл ва жунуб Қуръондан ҳеч нарса ўқимайди”, дедилар (Термизий ривояти).

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, аёллар ҳайз кўриш даврида муборак Рамазон ойини дам олиб ҳузур-ҳаловатда ўтказиб юборишлари керак дегани эмас, ҳайз кўриш аёлларни ажр-савоб жамғариб олишарига қаршилик қилмайди.

Аллоҳ таоло барча муслима опа-сингилларимизни динларининг талаби бўлган ҳукмларга амал қилиб яшаш бахтига муваффақ қилсин!

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди
имом-хатиби Авазхўжа Бахромов
манбалар асосида тайёрлади

[carousel-horizontal-posts-content-slider]