Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Раҳмон Аллоҳнинг сифатидир

Раҳмон Аллоҳнинг сифатидир

Силаи раҳм қариндошлик алоқалари ҳақида Ислом динида мукаммал сўз юритилган. Уламоларимиз бу ҳақда жуда кўплаб китоблар ёзиб қолдиришган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда «Қариндошингни ҳаққини бер» деб буюрган. Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳам ҳаётлари давомида қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш, уларга силаи раҳм кўрсатиб, бизларга намуна бўлганлар ва тавсиялар берганлар.

Қариндошларга яхшилик қилишнинг муҳим жиҳатларидан бири шуки, қариндошига яхшилик қила олган ва бунда бардавом бўлган одам бошқаларга бегоналар ва таниган-танимаган инсонларга ҳам яхшилик қилади. Чунки у бу ишларни Аллоҳ буюрганини, Пайғамбар алайҳиссалом суннатларидан эканини, қилса ажру савобга эришишини, қилмаса қаттиқ гуноҳкор бўлишини ўйлаб туради.

Энди «силаи раҳм»ни қандай тушунишимиз керак. Силаи раҳм қариндоши унга яхшилик қилсагина, унга жавоб-мукофот тарзида яхшилигини қайтариш эмас, балки ҳақиқий «силаи раҳм» қариндоши унга ҳеч қандай яхшилик қилмай туриб ёки бу инсон унга яхшилик қиляпти-ю, қариндоши эса унга жавобан яхшилик қилмаса ва ёки зулм қилса ҳам яхшилик қилишга айтилади. Қариндошлик алоқаларини энг яхши савияга олиб чиқиш, ўзаро муносабатларни мустаҳкам тарзда олиб бориш, ҳар бир мўмин мусулмонга вожибдир. Бу вожибни қилиш лозим, қилмаса гуноҳкор бўлади. Бу — Аллоҳ таолонинг буйруғидир. Қариндошларга яхшилик қилиш моддий ва маънавий бўлиши керак.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак ҳадисларида: «Раҳм сўзи-Раҳмон сўзидан олинган», Раҳмон эса Аллоҳнинг сифатидир. Аллоҳ таоло Раҳмга ўзимнинг исмимдан чиқариб исм қўйдим, «Ким уни боғласа, уни боғлайман, ким уни узса, ундан алоқамни узаман» деганлар.

Қариндошлик ана шундай муҳим, таъкидланган ҳар бир мусулмонга вожиб бўлган масъулиятдир.

Исломда қариндошлик алоқаларини нафақат мусулмон бўлганларига балки у ғайри дин вакили ёки умуман динсиз, мушрик бўлса ҳам, алоқаларни яхшилашга тарғиб қилади. Бундан англашиладики Ислом дунёда энг мукаммал, энг бағрикенг, тинчлик, ҳамжиҳатликга чақирувчи диндир.

Ангрен шаҳар «Қорабоғ» жоме масжиди

имом-ноиби Абдурашид қори Исмаилов