Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ислом тарихи / Қози Шурайҳ. Ибратли ҳикоя

Қози Шурайҳ. Ибратли ҳикоя

Шурайҳ ибн Хорис Киндий. Яманда таваллуд топган. Отаси вафот этганда ёши 10 да эди. Мол-мулкига амакиси эга чиқди. Катта адолатсизликни ҳис этган Шурайҳ бундан кейинги ҳаётида адолат қилиб яшашни ўзига мақсад қилди.

Кунларнинг бирида Шурайҳ Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳунинг Яман аҳлини Исломга  даъват қилаётганини эшитди ва дин ҳақида сўраб билиш учун у киши томон шошди…

Шурайҳ: “Менга китобингиздан бирон нарса тиловат қилиб берсангиз?” деди. Али розийаллоҳу анҳу: “Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади, дея Наҳл сурасининг 90-оятини ўқиди: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур”. Кейин яна қўшимча қилиб Нисо сураси 58-оятини ўқиб берди: “Агар одамлар оарсида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қилур”. Шурайҳ оятларни тинглагач: “Пайғамбарингиз алайҳиссалом адолат ҳақида нима дейди?” деб сўради. Ҳазрат Али Шурайҳнинг адолатсизлик қурбони бўлганини эшитган эди. Шу сабаб муносиб бир ҳадис келтирди: «Набий алайҳиссалом айтадилар: “Ҳузуримга хусуматлашиб келасиз. Мен ҳам сизлар каби башарман. Шояд бирингизнинг хужжати бирингизнинкидан устун келса. Мен сизлардан эшитганим бўйича ҳукм чиқараман. Кимга бирдорининг ҳақини ҳукм қилиб берсам, уни олмасин. Сабаби мен унга қиёмат кунида у билан бирга келадиган олов бўлагини ажратиб бераман”». Буларни эшитган Шурайҳ: “Аллоҳга қасам, бундан кўра ҳақроқ ва адолатлироқ бирор нарсани эшитмаганман”, дея шаҳодат келтирди.

***

Шурайҳ Исломга кирганида 30 ёшда эди. Лекин Мадинаи мунавварага 5 йил ўтиб сафар қилди. Йўлда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг вафотлари ҳақидаги хабарни эшитди. Унга Набий алайҳиссалом билан дийдорлашиш насиб этмади. Шундай бўлса-да, барча вақтини Қуръони карим ва суннати мутаҳҳарода адолат борасида келган хабарларни ўрганишга сарфлади.

Бир куни эшик тақиллади. Чиқиб қараса, Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу турибди. Халифа бундай гап бошлади: “Сўзимни тингла. Сени танимайман. Лекин мана бу от сотувчи ўзи билан мен орамда ҳукм чиқариб беришингни сўрамоқда. Шундай экан, уйимга юр”, деди. Шурайҳ: “Аллоҳга қасам, ҳақ талашувчилардан бирор бирининг уйига бормайман, ҳатто у халифа бўлса ҳам”, деди. Умар ибн Хаттоб Шурайҳга назар солар экан, унинг саботи ва мантиқидан ҳайратланди.

Кейин ҳаммалари Шурайҳнинг хонадонига киришди. От сотувчи бундай сўз бошлади: “Мўминлар амири мендан от сотиб олди. Бир неча дақиқадан кейин отни келтириб, пулини қайтариб беришимни талаб қилди”, деди. Умар ибн Хаттоб: “Ҳа рост. Лекин у касал отни сотиб мени алдади”, деди. Шурайҳбил халифадан: “Отни сотиб олаётганингизда унда касаллик аломатлари бормиди?” деб сўради. Ҳазрат Умар: “Йўқ”, деди. Шурайҳ: “У ҳолда сотиб олган нарсангизни олиб кетинг ёки сотиб олганингизни қайтариб беринг”, деди. Ҳазрат Умар: “Бу билан нима демоқчисан?” деб сўради. Шурайҳ бундай изоҳ берди: “Яъни, сотувчида сизнинг ҳақингиз йўқ. Ё отни ҳозироқ олиб кетасиз ёки эгасига олган вақтингиздаги каби саломат топширасиз”. Ҳазрат Умар сукут сақлади. Шурайҳнинг мантиқи ва шижоати ҳақида фикрлаб: “Аллоҳга қасам, сен қандайин ҳам яхши қозисан. Ушбу ҳикматни қаердан келтирдинг”, деб сўради. Шурайҳ: “Қуръони карим ва суннати мутаҳҳародаги адолат ҳақидаги ҳукмларини ўн етти йил ўргандим”, деди. Шундан сўнг халифа уни Куфага қози этиб тайинлади.

Орадан вақт ўтди. Халифа Умар оламни тарк этди. Шурайҳ ҳазрат Усмон ва ҳазрат Али розийаллоҳу анҳумо даврида ҳам Куфада қозиликни давом эттирди.

***

Али розийаллоҳу анҳу ўз даврида шаҳар пойтахтини Куфага кўчирган эди. Кунларнинг бирида бир яҳудий билан Шурайҳнинг ҳузурига келди. Халифа яҳудийни унинг совутини ўғирлашда айблаётган эди. Яҳудий эса буни тан олмасди. Шурайҳ ҳазрат Алидан: “Совут сизники эканини тасдиқловчи иккита гувоҳ келтиринг”, деди. Ҳазрат Али: “Ўғлим Ҳасан билан хизматчим бунга гувоҳ”, деб жавоб берди. Шурайҳ: “Мен фақат хизматчининг гувоҳлигини оламан. Ўғлингизникини эса йўқ”, деди. Қозининг гапидан ҳазрат Али ранжиди ва: “Нима, Набий алайҳиссалом: “Ҳасан ва унинг иниси (яъни, Ҳусайн) жаннат йигитларининг саййидларидир”, деб айтган ўғлимнинг гувоҳлигини олмайсизми?!” деди. Шурайҳ: “Бу айтганингиз охиратда юз беради. Лекин мен иккингиз орасида дунёда ҳукм чиқараман. Ҳеч қачон фарзанднинг гувоҳлигини олмайман”, деди. Ҳазрат Али: “Лекин бошқа гувоҳим йўқ”, деганди, Шурайҳ: “Сизни ҳақ эканингизни сезиб турибман. Шунингдек, бирон марта ёлғон гапирганингизни ҳам биламан, лекин мен фақат икки кишининг гувоҳлиги билан ҳукм чиқара оламан. Шундай экан, совут яҳудийники”, деди. Халифа билан қозининг гапларни тинглаб турган яҳудий ҳайратдан ёқа ушлади ва: “Мусулмонлар қозиси мусулмонлар халифаси зиддига ҳукм чиқармоқдами? Эй мусулмонлар халифаси, мана, совутни олинг. Аллоҳга қасам, бу сизнинг совутингиз, уни мен ўғирлагандим. Аллоҳга қасам, бу дин эргашишликка ҳақлидир”, деб шаҳодат калимасини келтирди.

Орадан яна вақт ўтди. Бир сафар Шурайҳ қарз масаласида ҳукм чиқарди. Жавобгарларнинг бири ўғли эди. Шурайҳ унга қамоқ ҳукмини берди. Қамоқда ўғлини зиёрат қиларкан, яхши кўрган таомни келтирганини айтди. Шунда ўғил: “Менга ҳақиқатдан ҳам ачинасизми?” Шурайҳ: “Ҳа, албатта, ахир яккаю ёлғиз ўғлимсан”, деди.  Ўғил: “Ундай бўлса, нима учун бир ой қамоқ муддатини ўташимни буюрдингиз?” деб сўради. Мушфиқ ота: “Сабаби дўстингнинг қарзига зомин бўлиб, кейин уни эгасига топширмасдан қочиб кетгансан. Қочиб кетгани учун зоминга иқоб бериш лозим”, деди. Ўғил: “Лекин айтганингиздек, мен ягона ўғлингизман!” деди ёлвориб. Шурайҳ: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Агар Фотима бинти Муҳаммад ўғрилик қилганида, албатта, қўлини кесардим”, деганларини эшитмаганмисан?” дея ўғлини тинчлантирди.

***

Шурайҳ 60 йил мобайнида Куфада қозилик қилди. Ёши 107 етганда ҳам одамлар орасида адолат ва ҳикмат билан ҳукм қилишда давом этди. Ёш авлодга қозилик мантиғини таълим берди. Зайд ибн Муовия Куфага Ҳажжожни волий этганини эшитгач, вазифасини тарк этди ва: “Шаҳар волийси золим бўлган ҳолда, мен адолат билан ҳукм чиқаришга қодир бўлмайман. Ҳажжож кабилар ҳукм ишларига аралашади. Буни мен ҳеч қачон қабул қилмайман”, деди.

Қозилик ишидан кетганидан бир ой ўтиб Шурайҳ оламдан ўтди. Гўёки у дунёда қози бўлиш учун яшагандек эди.      

Тошкент ислом институти талабаси

Анваров ЭЛЁРБЕК таржимаси

[carousel-horizontal-posts-content-slider]