Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Bo'limsiz / Оммавий хатарлар. Таҳдидлар. Муаммолар. Ечимлар (биринчи мақола)

Оммавий хатарлар. Таҳдидлар. Муаммолар. Ечимлар (биринчи мақола)

Бугунги глобаллашув даврида миграция жараёнининг жадаллашиши, ахборот алмашинувининг ривожланиши юқори босқичга кўтарилди. Танганинг икки тарафи бўлганидек бу жараён ўзининг ижобий натижалари билан биргаликда салбий жиҳатларини ҳам намоён қилмай қолмади. Ўзига хос баъзи муаммолар ҳам кўриниш бера бошлади. Ушбу мақолада юртимизга таҳдид солиши мумкин бўлган ғоя ва мафкуралар ҳамда улар ортидан келиб чиқадиган муаммоларнинг таҳлили борасида сўз юритамиз.

Жамият онгига қандай таъсир ўтказилади?

Жамиятимизга салбий таъсир ўтказиши мумкин бўлган ғоя ва мафкуралар ҳақида сўз юритишдан олдин турли ғоялар инсонлар онгига қандай таъсир ўтказиши, жамият онги учинчи қўл тарафидан қандай усуллар ёрдамида бошқаришга уринилиши ҳақида тўхталиб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, қарши тарафнинг тактика ва услубларини англай олиш ғалабанинг асосий омилидир.

Инсонларнинг онгини ҳийла-найранг билан бошқаришга уриниш, уларга турли ғояларни пропаганда (муайян ғоя ва назарияларни ёйишга уриниш, тарғибот) қилиш ва психологик таъсир ўтказиш манипуляция деб аталади. «Манипуляция» сўзи лотинча «манус»– қўл (манипулус – кафт, ҳовуч) сўзидан келиб чиққан. Ушбу сўз луғатда қўлда эпчиллик билан бажариладиган фокус ва найрангларга нисбатан қўлланилади.

Социологлар манипуляция ҳолатига турли хил таъриф беришган. Хусусан, С. Кара-Мурза ушбу атамага қуйидагича таъриф беради: «Манипуляция – замонавий тилда кўчма маънода ишлатилади ҳамда инсонларга худди оддий буюмлар каби муомала қилишни англатади». (Сергей Кара Мурза, «Манипуляция сознанием. ХXI век», «Алгоритм» 2015, 11 с.)

Юқоридаги маълумотлар орқали манипуляциянинг маъноси инсонлар онгини кўзбойлоғичлардек ўйнатишга уриниш эканлигини тушунишимиз мумкин. Ушбу сўз фақатгина ёмонлик қилиш, зарар бериш маъносини англатмаслигини ҳам эслатиб ўтишимиз лозим бироқ, манипуляциянинг натижаси салбий бўлади. Чунки, бу орқали инсонларнинг онгини ўзлари хоҳламаган тарафга бурилади, мукаррам инсон зотини оддий предметлар каби ўйин қилишга уринилади. Бу эса инсониятга нисбатан таҳқирлаш ва ҳурматсизликдир.

Замонавий психология ва социологиянинг инсонлар учун фойдали ютуқлари бир талай бўлиши билан биргаликда ушбу ютуқлар баъзи кимсалар тарафидан ўзларининг маълум манфаатлари йўлида қўлланилаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бугунги кунда одамларнинг онгини бошқариш, уларнинг онгига ўзлари хоҳламаган ғояларни қандай сингдирилиши борасида ўйлаб чиқилган концепцияларнинг энг машҳури шубҳасиз, «Овертон ойнаси» дир. Ушбу концепция америкалик юрист, жамоат арбоби Ж. Овертон (1960-2003) томонидан ишлаб чиқилган ва номи ҳам унинг хотираси учун қўйилган. Унга кўра, жамиятга умуман бегона бўлган, кескин рад этиладиган турли хил ғоялар уларга аста-секин сингдириб борилади ва бу бир неча босқичда амалга оширилади:

• Умуман ўйлаб бўлмайдиган даражадаги таъқиқ

• Радикал равишда рад этилади

• Ўйлаб кўрса бўлади

• Асоси бўлиши мумкин, бекор гап эмас

• Одатий нарса

• Ростдан ҳам шундай

Демак, аввалига умуман ўйлаб бўлмайдиган даражадаги ғоя жамият ўртасига ташланади, аста-секинлик билан ёйиб борилади, радикал таъқиқларга учрайди. Айни шу радикал ҳолдаги қаршиликларнинг ўзи кейинги босқич эшигини очиб беради. Кейинги босқичда айни мавзу борасидаги баҳслар кўпаяди, ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинади. Кейинчалик бу инсонлар кўзига оддий нарсадек кўрина бошлайди ва охир-оқибат кўпчилик инсонлар ўзларининг онгларига сингдирилган ғояга ишониб, ростдан ҳам шундай эканлигини ўйлай бошлашади. Ушбу босқичлар бир-икки йилда эмас, узоқ муддатда амалга оширилади. Уларни амалга ошишида кўпчилик билиб ёки билмасдан хизмат қилади: ОАВ бу ҳолатни ёритади, радикал тарзда рад этилган воқеалар, конфликтлар ҳақида хабарлар берилади, ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинади, ўзини «санъаткор» деб номлайдиган бир тоифа қизиқчи ва шоуменлар айни шу мавзуларни кўтариб чиқади, ижтимоий тармоқларда бу борадаги постлар кўпаяди ҳамда муҳокама қилинади ва ҳоказо.

Ғоялар қандай сингдирилиши ва жамият онги қандай бошқарилиши ҳақида қисман бўлсада билиб олдик. Ҳар қандай дарднинг шифоси бўлганидек, ҳар қандай муаммонинг ҳам ечими бўлади. Аввало, юртимиз ва халқимизга хавф солиши мумкин бўлган, миллатимизни издан чиқариб юборадиган муаммолар ҳақида сўзлашсак. Шундан сўнг жамиятимиз ҳолатидан келиб чиққан ҳолда муаммоларга ечим излашга ҳаракат қиламиз.

(Давоми бор)

Ангрен шаҳар бош имом-хатиби

Яҳёхон Бобохонов

[carousel-horizontal-posts-content-slider]