Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ОЛИЙЖАНОБЛИК БЕЛГИСИ

ОЛИЙЖАНОБЛИК БЕЛГИСИ

Кел, эй комил, камол этсанг диёнат,

Кишиға қилмағил ҳаргиз хиёнат.

Узатмас бўлсанг анга дасту алтоф,

Нечук бўлғай мусулмонлиғда инсоф.

Сўфи  ОЛЛОЁР

Ислом дини инсонлар ўртасидаги муносабатларда ҳамиша инсоф, адолат, ҳалоллик ҳукмрон бўлишини талаб этади ва мусулмонларни шунга чорлайди. Бу муносабатлар инсонни камолот сари етаклайди.

Халқимиз орасида: “Дунёни обод қиладиган ҳам, барбод қиладиган ҳам инсон. Инсонни одам қиладиган ҳам, адо қиладиган ҳам инсоф”, деган нақл бор. Инсоф ҳаддан ошмасликдир. Баъзан инсоф ҳақида гапирамиз-у, аммо асли унинг нима эканини кўпчилигимиз яхши билмаймиз. Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Инсоф  ила  адл  қасрини  қур” деган сўзи замирада кўп маъно яширинган.

Ҳар бир инсоннинг инсофли бўлишида, аввало, унинг оиласидаги муҳит, ота-она ва мактабдаги ўқитувчи-устозларининг таълим-тарбияси катта аҳамият касб этади. Инсон ҳар бир ишда, гапда инсофли бўлиши керак. Инсоф бу фақат ҳақиқатни айтиш эмас, балки кишиларнинг кўнглини топа билиш ва уларга меҳрибонлик кўрсатишдир.

Ҳукамолар айтадилар: “Ўн хислатни қўлдан бермаслик лозим: тўғрилик, ҳалоллик, инсоф, мулойимлик, кексаларни ҳурмат қилиш, кичикларга шафқат қилиш, қаноатли бўлиш, вафодорлик, иффат ва адолат”. 

Ислом  дини кишиларни инсофга одатлантириш учун амалий услубни йўлга қўйган бўлиб, унинг асоси Қуръони каримда келганидек, мўминларнинг ўзаро ака-ука эканликлари, шунингдек, ҳадиси шарифларда айтилганидек, уларнинг ўзаро муносабатларида бамисоли бир тана каби эканликлари ҳақидаги ўгитлардан иборат.

Жамият аъзолари гўё бир тана экан, улардан бирига нисбатан содир қилинган инсофсизлик ва зулм жамиятнинг бошқа аъзоларига ҳам таъсир қилиши муқаррар. Шу боис динимиз таълимотида инсоф инсоний алоқаларни муҳофаза қилишнинг асосий воситаси қилиб белгиланган.

Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу ўғли Ҳасан розияллоҳу анҳуга инсоф борасида бундай ўгитлар билан насиҳат қилган эканлар: “Эй ўғлим! Ўзинг билан ўзгалар ўртасидаги муомалангда ўз нафсингни мезон қил. Ўзинг учун яхши кўрган нарсангни биров учун ҳам яхши кўр. Ўзинг учун ёмон кўрган ишни бировга нисбатан ҳам раво кўрма. Ўзингга зулм қилинишини ёқтирмаганинг каби бировга ҳам зулм қилма. Ўзингга (Аллоҳ томонидан) эҳсон-яхшилик қилинишини севганингдек, ўзгаларга ҳам эҳсон-яхшилик қил. Билмаган нарсангни гапирма. Билган нарсангни гапир. Ўзингга қарата  айтилишини ёқтирмаган сўзингни бировга ҳам гапирма”.

Демак, ёлғон гапирмайлик. Бирор нарсамиз ўғирлашини ёмон кўрамизми, демак, бировдан биз ҳам ҳеч нарса ўғирламайлик. Биров бизга кибр қилиб, ерга уришини истамаймизми, демак, биз ҳам ўзгаларга таҳқиромуз ва такаббурона муомала қилмайлик. Ҳар доим ўзгаларга нисбатан қиладиган муомалаларимизда ўзимизга ўзимиз: “Мен шу муомалани  ўзим учун бўлишига рози бўлармидим?” деган савол қўяйлик. Мана шу ИНСОФдир. 

Инсоф, ҳалоллик, адолат ва виждон тушунчалари Исломнинг барҳаёт таълимотларида бот-бот таъкидланган тушунчалар бўлиб, уларга доимо риоя қилишимиз, одамлар билан ўзаро муомала ва муносабатларимизда оғишмасдан амал қилишимиз лозим бўлган маънавий мезон ҳисобланади.

Агар инсоф ва адолатни, ҳалоллик ва виждонни ўзимизга мезон қилсак, дунёю охират яхшиликларига эга бўламиз, жамиятимиз янада жипслашади, Ватанимиз гуллаб яшнайди. Аллоҳ таоло барчамизни инсофли, адолатли  айласин!

                                                                                                                              Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,

 Янгийул тумани “Имом Султон” жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

[carousel-horizontal-posts-content-slider]