Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ОИЛАДАГИ ҲАҚЛАР (биринчи қисм)

ОИЛАДАГИ ҲАҚЛАР (биринчи қисм)

Ота-она, қайнота-қайнона мажбуриятлари ва ҳақлари

Аллоҳ таолога ҳамду сано бўлсинки, инсониятга оила аталмиш муқаддас даргоҳни берган. Бу неъмат, аввало, икки бегона шахснинг никоҳ деб аталмиш Аллоҳ берган илоҳий қонун асосида жамланиши ила барпо бўлади.

Бино бўладиган бу уй муҳаббат билан бўлса-да, аммо келгуси ҳаёт сабр, кечириш ва ҳалимлик асосида давом этишини суннат қилган Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавотлар бўлсин.

Инсонга оила сабабли бериладиган неъмат бу фарзанд бўлиб, унинг ҳақлари ва мажбуриятларини ҳам Аллоҳ таоло белгилаб қўйган.

Фарзанд вояга етиши ва лаёқатли бўлиши билан ота-она уни уйлантиришга ёки турмушга узатишга этибор қаратади. Ўғилга солиҳа, оқила келин, қизга солиҳ ва муносиб куёв танлаш ота-онага катта масъулият юклайди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “У, сувдан башар яратган ва уни насл-насаб, қуда-анда қилиб қўйган Зотдир. Раббинг қодирдир” (Фурқон сураси, 54-оят).

Бу оятда Аллоҳ таоло эркакни насаби орқали, аёлни қуда-анда орқали инсоният тарқалишига сабабчи қилгани баён этилган. Ота-онанинг ҳақлари билан қайнота-қайнонанинг ҳақлари бирдир.

Қайнота-қайнона ҳам ота-она мақомида бўлгани боис келинлар уларга ҳизмат қилишлари фазилат ва ҳалимликдир.

Ёши катталаримизни ҳурмат қилиш мусулмончиликнинг одобидир. Ким ёши катталарни таҳқирласа, ўша ёшга етганда ўзи ҳам таҳқирланади.

Ота-онага “уфф! дейилмаслиги Қуръони каримда буюрилган.

Икки тарафнинг ҳам ҳақлари бўлганидек, мажбуриятлари ҳам бор.

Келин қиз ўрнида. Иссиқ жон иситмасиз бўлмаганидек, келин ҳам бемор бўиши мумкин. Беморлигида унга ғамхўрлик қилиш аввало инсонийлик, қолаверса, набиралар ва ўғилнинг умр йўлдоши сифатида силаи раҳм ҳисобланади.

Келиннинг ҳам Аллоҳ ҳузурида бандачилик мажбуриятлари бор. Намози, рўзаси, таҳажжуди, Қуръоний вазифаларига тўсқинлик қилишга уриниш Аллоҳга исён ва бандасига зулмдир.

Набиралар омонатдир. Аслида, ўғил ва келин ота-она ва қайнона-қайнотага ҳизмат этаётган пайтида набираларни илмга ва манфаатли ишга жалб қилиш омонатни асраш бўлса, бола тўполон қилмасин, деб маънисиз ва беодоб мультфильм ёки фильмлар билан уни банд этиш айни хиёнатдир.

Келиннинг ота-онаси, қариндош-уруғларидан алоқасини узиш ҳам мумкин эмас. Ота-онасини ҳар ҳафта, жуда бўлмаса 15 кунда зиёратига юбориш шартдир. Бошқа яқинлари билан кўпи билан бир йилда дийдорлашишга рухсат бериш керак.

Келин уйдаги ҳамма ишни қилишга мажбур эмас. Унинг энг муҳим вазифаси Аллоҳга қуллик бўлса, кейингиси бу турмуш ўртоғи ва фарзандининг ҳизматидир.

Қайнона-қайнота келинни ишлашга, пул топишга мажбурлаши ёки топиб келган пулини олиб қўйиши зулмдир.

Ота-онасимиз деб келинга ҳаддан ташқари юкларини ташлаб, бир кунда 4-5 хил таомлар пиширтириш ҳам чегарадан чиқиш ҳисобланади.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳақларга роя этадиган қилсин!

Зафар қори МАҲМУДОВ,

Зангиота тумани “Абдуллоҳ ибн Равоҳа” жоме масжиди имом-хатиби,

Тошкент ислом институти Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

[carousel-horizontal-posts-content-slider]