Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ОИЛА – ТАРБИЯ БЕШИГИ
Happy family with several members in education process

ОИЛА – ТАРБИЯ БЕШИГИ

Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 63-модда.

Инсон камолоти оиладан бошланади. Унинг жисмоний, руҳий ва ақлий ривожланишига болаликда пойдевор қўйилади. Ислом дини оила меваси бўлган фарзандни ҳали туғилмасидан тарбия қилишга киришишни тавсия қилади. Бу, энг аввало, ота-онанинг ўзидан одоб-ахлоқли, юксак маънавиятли, ҳалол-пок бўлишни талаб этади. Замонавий тиббиёт ҳам ҳомиладор аёлни ўз зурриёти билан кўпроқ мулоқотда бўлишга, унга ижобий таъсир этувчи амалларни қўллашга чақиради. Ҳомиланинг ташқи муҳитдан таъсирланиши ва илҳомланиши илмий томондан исботлатгани ҳам бор гап.

Жамиятнинг муҳим ва асосий бўғини ҳисоблаган оиланинг мавқеи кўп жиҳатдан унда вояга етаётган фарзандлар тарбиясига боғлиқдир. Ҳадиси шарифда “Фарзандларингизга замон талабига қараб тарбия беринглар, чунки улар келажак учун яратилгандирлар” (Ибн Можа ўзларининг Сунан китобларида ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят килганлар, шунингдек, Абу Довуд ҳам Сунан китобларида келтирганлар.), деб марҳамат қилинган. Демак, ота-она бўлиш бахтига муяссар бўлган инсон борки, ўғил-қизларини жисмонан соғлом, маънан етук, илм-маърифатли, касб-ҳунар эгаси қилиб тарбиялаш унинг жамият олдидаги бурчи ва вазифасидир.

Зотан, Бош Қомусимизнинг 64-моддасида “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар”, деб белгилаб қўйилган. Ўз навбатида Конституцияда вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандларга ҳам ўз ота-оналарига ғамхўрлик қилиш мажбурияти юклатилган.

Сир эмаски, бугунги глобаллашув жараёнида турли ғаразгўй оқимлар, нопок кучлар асосий эътиборини ҳали ҳаёт тажрибасига эга бўлмаган ёшларнинг онги, қалби ва тафаккурини эгаллашга қаратмоқда. Жаҳолат малайларининг бундай хуружларидан келажагимиз эгаларини ҳимоялашнинг энг самарали усули – уларнинг онгу шуурида маънавий ва маърифий иммунитетни ҳосил қилиш, қалбида бунёдкорлик, шукроналик, ватанпарварлик туйғуларини ривожлантириш эканини яхши англамоғимиз даркор. Зеро, терроризм, айирмачилик, гиёҳвандлик, одам савдоси каби янги аср “ваболарини” бошқа усул билан тўсиб бўлмайди.

Улуғ маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт ё мамот, ё нажот ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир”, деган пурмаъно гаплари бугун ҳам ўз долзарблигини йўқотгани йўқ. Шундай экан, фарзанд тарбияси оила, маҳалла, таълим муассалалари ва жамият, бир сўз билан айтганда, ҳар биримизнинг энг муҳим бурчимиз бўлиб қолмоқда. Чунки муносиб тарбия  олган болалар улғайгач, хуш ахлоқли, гўзал одобли, баркамол инсон бўлиб етишади ва икки дунё саодатига эришади.

Шундай экан, соғлом ва мустаҳкам оила – кучли жамият ва буюк давлатнинг мустаҳкам пойдевори эканини ҳеч қачон унутмайлик.

Азимжон Алимжонов,
“Қодирхон махсум” жоме масжиди имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]