Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ОДОБ – ИНСОН ЗИЙНАТИ

ОДОБ – ИНСОН ЗИЙНАТИ

Мусулмон хулқи

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Мен сизларга гўзал хулқларни камолига етказиш учун юборилдим” (Имом Байҳақий ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг муҳим вазифаларидан бири инсониятга гўзал хулқни ўргатиш эди.

Набий алайҳиссалом тиллари сўкишдан бошқа нарсани билмаган миллатни зикрга ўргатдилар.

Қўллари қиличдан бошқа нарсани тутмаган инсонларга қалам ушлатдилар.

Қаҳрга тўлган инсонлар қалбига шафқат уруғини сочдилар.

Ўзаро урушиб юрган қабилалар ўртасини тинчлик риштаси билан боғладилар.

Гўзал хулқ ила инсонларни зулматдан нурга, жаҳолатдан маърифатга олиб чиқдилар.

Сизу биз умматини ҳам гўзал хулқли бўлишга ундаб: “Амаллар тарозига қўйилганда, гўзал хулқдан кўра оғирроқ келадиган бирор амал йўқ”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Ўзлари умматлари учун гўзал хулқда шахсий намуна бўлдилар.

Биз ҳам фарзандларимизни гўзал хулқли инсонлар бўлиб улғайишларига эътиборли бўлишимиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўгитларини фарзандларимизга ўргатишимиз, ўзимиз шахсий намуна бўлишимиз  лозим.

Имом Моликнинг суюкли шогирди, Шайх Абдураҳмон Қосим илм билан амал ҳақида гапира туриб: “Мен йигирма йил Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳузурида юрдим. Шундан ўн саккиз йилида у зотдан одоб ўргандим, икки йил илм олдим. Энди афсусланаманки, ўша икки йилда ҳам одоб ўрганишим лозим экан”, деган.

Бу ҳикматли сўз инсон ҳаётида одобнинг ўрни нақадар муҳим эканлигини англатади. Зеро, инсон зийнати одоб, деган ҳикматли  сўз ҳеч қачон ўз қадрини йўқотмайди.

Миршавкат МУЗАФФАР.