Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / НОШУКР (Ҳаётий воқеа)

НОШУКР (Ҳаётий воқеа)

Ўзбекона нақшли катта дарвоза. Ҳовли саҳнида баланд ишком бўлиб, жаннат меваларидан бўлмиш узум баргидан кўп мева қилганга ўхшайди. Баланд иморатлар уй эгасининг ўзига тўқ фаровон ҳаётидан дарак беради.

Анваржон умри давомида ҳеч нарсадан камлик кўрмади. Мактабда яхши баҳоларга ўқиб, олий даргоҳда ҳам пешқадамлар қаторида таҳсил олди. Институтни тамомлагач, касби бўйича яхшигина ишга ҳам жойлашиб олди. Худо бераман деса, қўшқўллаб берар экан. Ота – онаси топган келин ҳам бинойидек: ҳусни ҳам, ақли ҳам жойида.

Ҳаётидан мамнун яшаган Анваржон йиллар ўтиб қўша – қўша ўғил – қизли бўлди. Уларнинг бир-биридан ширин қилиқларидан завқланиб, кунлар, ойлар ўтганини сезмай қоларди. Унга ота –онасидан кенг ҳовли, бир оила бемалол яшашига етадиган ашёлар мерос бўлиб қолган. Ўзи ҳам тиниб тинчимайди. Уйим, рўзғорим, деб чопгани-чопган. Ахир, ҳаракатда баракот, дейдилар-ку…  Елиб-югуриб сўнгги русумдаги автоуловга ҳам эга бўлди. Тани-жони соғ. Бирон марта касал бўлиб, даволанганини эслай олмайди. Атрофи тўла ошна-оғайнилар, ёру-дўстлар. Ҳар шанба куни улфатлари билан чойхонада ошлари бор. Қўйинг-чи, унинг учун ҳамма нарса етарли, камлик нималигини билмай яшашга нима етсин. Ҳаёт бир маромда давом этарди. Баъзан Анваржон ичида ғурурланиб ҳам оларди: бир йигитнинг ҳаёти шунчалик бўлади-да, унга яна нима керак? Кунларнинг бирида беихтиёр ўйга толди: наҳотки ҳеч бир камчилигим бўлмаса… Ишларим жойида, оилам тинч, пулим-молим, уй-жойим етарли. Ўғил-қизларим ҳам ҳеч нарсадан қийналмасдан катта бўлишаяпти. Соғлиқдан шикоятим йўқ. У тўғридаги ойнага ўзини солиб кўрди. Барваста қоматига қараб, савлат ҳам жойида, деб қўйди… Ҳа, демак, ҳаммаси жойида. Ҳатто баъзи қўли юпқароқ ўртоқлари зимдан ҳасад қилиб юришларини сезади. Бироқ ўзини билмасликка олиб юраверади. Омади келибдими, қандини урсин!

У акси тушиб турган бўйи баробар ойнага узоқ термулди. Ёши қирқдан ошган бўлса ҳам юзлари тиниқ, сочига бирорта оқ ораламаган хушрўй йигит унга кулимсираб қараб турарди. Ажин дегани ғами борга тушади-да, унинг нима ғами бор? Ҳа, ростдан ҳам бекаму – кўст экан. Қоил, деди у ўзига маҳлиё бўлиб. “Э, шошма – шошма, кўзларим кўк экан-ку. Қизиқ, нега шунча пайт бунга эътибор бермапман. Агар қора бўлса… яхши бўларди-да.  Ҳозир ҳам ёмон эмаску-я, қора бўлса, албатта, яхшида”… Анваржоннинг миясида бу фикр айланиб қолди. Худди ўзини дўстлар даврасида, ишхонада камситилгандек сеза бошлади.  Кунлардан бир кун қайсидир суҳбатда актёрлар имиджини тез-тез ўзгартириб туриши, ҳатто кўзларини рангини ҳам хоҳласа қора, хоҳласа мовий рангга айлантириб олишлари ҳақида гап кетди. Бу суҳбатдан сўнг Анваржон худди “дарди”га даво топилгандек ичида суюниб кетди. Эртасигаёқ шаҳардаги номи чиққан кўз клиникасига етиб борди. Яхши мутахассисларга рўбарў бўлди ва мақсадини баён қилди. Улар бирламчи текширувдан сўнг Анваржоннинг кўзида ҳеч қандай муаммо йўқлигини айтишди ва фикридан қайтишга ундашди. Линза тақишни ўзига яраша хархашалари ва камчиликлари борлиги тўғрисида  тушунтиришди. Лекин Анваржоннинг миясидаги қатъий қарорни ўзгартира олишмади. Хуллас, линза қўйилди, кўзлар қора бўлди ва ҳеч қандай камчилик қолмади. Ҳаммаси рисоладагидек. Кунлар ўтаверди. Дастлабки ўн, ўнбеш кун Анваржон докторлар айтганидек кечалари линзани ечиб, махсус суюқлик тўлдирилган футлярига солиб қўяр ва эрталаб яна уйдан чиқишда тақиб чиқар эди. Кейин ишлар кўпайдими ёки улфатчиликлар дегандай бу муолажа кун ора, кейинчалик икки-уч кунда бўладиган бўлди. Ҳаммаси яхши кетаётган эди. Бир куни эрталаб кўзлари қизарган, қовоқлари бироз шишган ҳолатда уйғонди. Кеча кўпроқ телевизор кўрдим шекилли, деб ўйлади Анваржон ва ишга шошилди. Куни билан кўзлари қичишиб, худди бир нарса тиқилаётгандек бўлиб туюлаверди. Кўздаги линзани ечиб ташлаш кераклигини билар эди, лекин шошилинчда бу нарсани уддалай олмади.  Ўтиб кетар, деб ўйлади. Эртасига ҳам эрталаб ўша ҳолат, баттар бўлса бўлдики, ўтиб кетишдан дарак йўқ. Айниқса, ўнг кўзи анчайин қизарган эди. Ишга бормаса бўлмайди, машинасидаги қора кўзойнакни тақиб ишга чопди. Куни билан қўли ҳеч ишга бормади, оғриқ борган сари кучаяр эди. Анваржон шу тунни қандай ўтказганини  ўзи ҳам билмади, туни билан мижжа қоқмади. Аёли ҳам бошида ўтириб чиқди. Оғриқ бошга ҳам ўтиб жонини қўярга жой топмас, кўзни очиб бўлмас эди. Эрталаб жияни ёрдамида бир нарса қилиб ўша кўз клиникасига етиб борди. Улар дарҳол ёрдамга ошиқишди, лекин кўздаги линза ҳеч чиққиси келмас эди. Докторлар маслаҳатлашиб Анваржонни  операция столига ётқизишди. Линза кўзнинг шоҳ пардасига шундай ёпишиб олган эдики, докторлар анча машаққатлардан кейин зўрға ажратиб олишди. Улар ўзаро нималарнидир гаплашишар. Анваржон оғриқданми ёки дори таъсириданми уларни суҳбатидан ҳеч нарса англай олмади. Фақат оғриқлар бироз енгиллаганидан хурсанд эди. Боғлиқларни эртасига ечишга рухсат беришди, лекин бу ҳали тузалди дегани эмас экан. Бир ҳафта давомида кўзга турли дорилар томизилар, яна қандайдир антибиотиклар қўланилар эди. Саккизинчи куни докторлар кейинчалик қандай  муолажалар қилиб туриш ва яна бошқа шунга ўхшаш маслаҳатлар ёзилган бир варақ қоғозни тутқазиб, уйга жавоб беришди. Кўз бир оз ўзига келгандай эди, лекин минг афсус ўнг кўзини кўриш қобилияти анчайин пасайганди. Уйга қайтгач, яна ўн кунлар ишга чиқа олмади. Хаёлида ўша дорилар ва муолажалар ҳеч наф келтирмаётгандек эди. Бир нарса қилиб ишга ҳам чиқди. Кунлар эса ўтаверди. Кўзга тақилган ўша қора кўзойнак энди ҳеч ҳам ечилмас, фақат кечқурунлари ётишдан олдин олиб қўйилар эди. Уни тагидаги кўз кўкмиди, қорамиди буни Анваржоннинг ўзи ҳам фарқига боролмасди. Бир нарсани аниқ билар эдики, ўнг кўзида кўриш кундан – кунга пасайиб борар, ҳатто чап кўз ҳам аввалгидек эмасди. Чекилган дард ўз асоратини кўрсатиб улгурди. Юзлари ҳорғин, ўзи ҳам анчайин озиб-тўзиб кетган, аввалги гуркираган ҳолатидан асар ҳам қолмаган эди. Машина ҳайдай олмаганига ҳам кўп вақтлар бўлиб кетди. Вазият анча мураккаблашгач, Анваржон яна докторларга мурожаат қилишга мажбур бўлди. Уни яна қайта кўрикдан ўтказишди. Иш анча орқага кетган эди. Маълум бўлишича, ўша линзани ечиб олишда ўнг кўзининг шоҳ пардаси шикастланган экан. Энди Анваржонни жиддий синовлар кутиб турарди. Яна операция, натижа қандай бўлиши ёлғиз Яратганга маълум…

Анваржон бошини қуйи солганча узоқ ўйга толди. Энди ўйлаш учун вақт мўл эди… Бўлиб ўтган ишларни узоқ ўйлади. Бахтиёр юрган кунларини қўмсади. Ҳамма ҳаммаси кўз олдидан бир–бир ўтаверди. Нималар бўлганини, қаерга етиб келганини тушуниб етгандай эди. Лекин анча кеч, жудаям кеч англади. Беихтиёр тилига бир сўз келди

– “НОШУКР”…

У ҳўнграб йиғлаб юборди.

Дилбар Ҳамдамова

Зангиота туманида фолият олиб борувчи отинойи

[carousel-horizontal-posts-content-slider]