Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / НЕЪМАТ ШУКРГА, ШУКР ЭСА ЗИЁДАЛИККА БОҒЛИҚ

НЕЪМАТ ШУКРГА, ШУКР ЭСА ЗИЁДАЛИККА БОҒЛИҚ

“Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!”

Келинг, Қуръони каримнинг Ар-Раҳмон сурасида такрор-такрор келувчи ушбу оятлар нимадан далолат бериши ҳақида тафаккур қиламиз! Тасаввур қилинг, бутун дунёни кезиб чиқдик ва бир ерга жамландик. Атрофимизга турли тоифадаги инсонлар тўпланишди. Улар орасида катта-катта олимлар, ихтирочилар, табиблару шифокорлар, физик олимлар ҳам бор.

Бу одамларнинг ҳар бирига сўз берсак, ўзларининг янги топилмаю ихтироларидан, янги очилган илмдан хабар беришларини сўрасак, улар ўз фикрларини мукаммал очиб беролмайдилар. Биласизми, улар биргина табиатнинг турфа хил эканлиги ҳақидаги жумлаларни айтадилар, холос.

Бу олам фақат табиатдан иборат эмас-ку?!

Бу оламнинг моддиятидан кўра аълороқ яна қанчадан-қанча неъматлар борлигини бир ўйлаб кўринг-а! Ўтаётган ҳар бир лаҳзамиз Аллоҳ таолодан дарак беради. Ахир, бизга берилган неъматларнинг энг аълоси – имон эканининг ўзи биз учун етарли эмасми?! Аллоҳ таоло эътироф этган динда эканлигимиз, У Зот эътироф этган пайғамбарга уммат эканлигимиз бизни энг бой инсон эканлигимиздан далолат эмасми?!

Юқорида зикр қилинган мажлисимизда хулоса ўрни келса-ю, фикримизни жамласак, биргина оятни тушуниш учун қилинган саъй-ҳаракатимизнинг охири яна бир оят билан якунлашдан бошқа илож қолдирмаганига амин бўламиз – “Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмассизлар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир” (Наҳл сураси, 18-оят).

Диёримизда тарихдан Ислом ривожланган, аждодларимиз улуғ инсонлар бўлишган. Яқин ўтмишда катта синовдан омон чиққан инсонлар ўлкаси бўлмиш Ўзбекистонда бугун Ислом динининг барча арконларини эмин-эркин бажариш учун барча шароитлар етарли. Мамлакатимизда фаолият юритаётган диний таълим муассасалари, масжидлар фикримизга далилдир.

Бунинг негизида Аллоҳ таолонинг сизу бизга ато этган тинчлик-ҳотиржамлик ва ҳаловат неъмати туради. Айниқса, сўнгги йилларда давлатимиз томонидан диний-маърифий соҳаларда амага оширилаётган ишлар таҳсинга сазовор. Шундай экан, буларнинг шукронасини қилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Неъматларга шукр қилиш мақталган сифатдир. Неъматга шукр қилиш ўша неъматнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади. Шукр қилмаган банда нонкўр, ношукр бўлади. Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилган: «Ва Роббингиз сизга: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг» (Иброҳим сураси, 7-оят).

Шукр қандай адо этилади? Шукроналик қалб, тил ва амаллар орқали адо этилади. Авволо, қалбимизда Аллоҳни танишимиз, Унинг неъматига мамнунлик ҳис қилишимиз даркор. Ундан келган ҳар қандай ҳолатни неъмат ўлароқ фаҳмлашимиз керак. Сўнгра тил билан, “Алҳамдулиллаҳ” дейишимиз, зикр ва тасбеҳларда бардавом бўлишимиз, амалларимизда эса унга сажда қилиш, унинг буйруқларинини бажариб, қайтариқларидан қайтишимиз, унинг юборган пайғамбаринининг ҳаётини ўрганиб, унга эргашиш, унга нозил қилинган ояти каримани ўқиб-ўрганиб, амал қилиш, ибодатда бардавом бўлиш, имон тақозо қилган нарсаларни адо этишимиздир.

“Аллоҳ осмонлар ва Ердаги барча нарсаларни сизларга бўйин сундириб қўйганини ва сизларга барча зоҳирий ва ботиний неъматларини комил берганини кўрмадингизми?!” (Луқмон сураси, 20-оят).

Инсон Раббисининг неъматига шукр қилмас экан, унинг нотавонлиги ортиб бораверади. Неъмат бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирмаса, у унинг учун бало ва офат бўлади. Шукр эса барча мавжуд неъматларни сақловчисидир ва йўқ неъматларни жалб қилувчисидир.

Али Ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади: “Неъмат шукрга, шукр эса зиёдаликка боғлиқ. Шукр кесилмагунча зиёдалик кесилмайди. Яъни, кимки шукр билан ризқланган бўлса, зиёдалик билан ризқланибди”.

Имом Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу: “Неъматларни кўпроқ зикр қилинглар. Чунки уни эслаш шукрдир, яхшилик қилсанг, бошқалар ҳам ибрат олиб эргашишлари учун уни сўзла, фақат риёдан сақланишга ишонч бўлса. Агар сенга бир яхшилик етса ёки бир яхши амални қилсанг, у ҳақда дўстларингдан энг ишончлисига айтгин”, деган.

Тилимиз қалбимизга, амалларимиз эса тилимизга монанд бўлмоғини Аллоҳдан сўрайлик. Аллоҳ ҳар биримизни шокир бандаларидан қилсин.

Р. РУСТАМОВ,

Тошкент вилояти Нурафшон шаҳри

“Тўйтепа” жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan