Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Намозга маҳкам бўлайлик

Намозга маҳкам бўлайлик

Аллоҳ таоло Қуръонда намозга қатъий тарғиб этди: «Албатта намоз бузуқлик ва ёмонликдан тўсур» (“Анкабут” сураси, 45-оят).

Намоз мўминнинг меърожидир. Намоз иймоннинг қалъаси, юзнинг нури, Аллоҳга қурбат ҳосил қилишнинг энг яқин йўли. Мўмин учун берилган илоҳий ҳадядир.

Намозни тарк этиш мусулмон учун энг улкан мусибат. Намозни мусулмонлар ҳаётнинг энг муҳим амалларидан деб билиши керак. Чунки намоз мўминни гуноҳлардан қайтаради, ишларига барака, хайр ёғилишига сабаб бўлади, балолардан қўриқлайдиган қалъага айланади.

Бугун барчамиз намозга ҳамма замонлардагидан кўра кўпроқ муҳтожмиз. Намозни тўкис адо қилмоқ учун бир қанча шартларни бажаришимиз шарт. Бу шартлар жисм ва қалбга тегишлидир. Жисм билан бажариладиган шартлар намоз аҳкомларидир. Намоз ҳукмларини мукаммал билишга мажбурмиз. Хусусан, намознинг фарзлари, вожиблари, суннатлари, шунингдек, намоз ичидаги ҳаром, макруҳ ва мубоҳ амаллар, асосийси, намозни бузадиган омилларни чуқур ва ишонган ҳолда ўзлаштириш ҳар биримиз учун кечиктириб бўлмайдиган вазифадир. Бу масалада биз ҳанафий мазҳаби уламоларининг йўлига эргашамиз. Диёримизда асосий қўлланма бўлиб келган “Мажмаъ ул-мақсуд”, “Маслак ул-муттақийн” китоблари, шунингдек, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб “Ҳадис ва Ҳаёт” куллиётининг “Намоз” деб аталган 5-жилди, қолаверса, шу кунларда олимларимиз ёзаётган китоблар, интернетда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан тақдим қилинаётган видеоқўлланмаларга мурожаат қилиш ўринлидир.

Намоз ўқиётганда қалбимизнинг тўғри бўлиши бениҳоя муҳим. Намоз ўқирканмиз, ихлосга эътиборли бўлишимиз керак. Намоз ўқиётган одамнинг хаёли ибодатда бўлиши мақсадга мувофиқ. Шайтон намозда турли ўйларни бошлаб келади. Уларга эътибор бермай, фикру зикримизни ибодатнинг тўкис бўлишига қаратмоғимиз лозим. Чунки оламлар Робби қаршисида турибмиз. Ҳар бир рукнни тўла бажаришдан мурод Аллоҳга маҳбуб келишдир. Намозхон деган ном олиш учун масжидга қатнаш билан Аллоҳга мақбул банда бўла олмаймиз. Намоз ўқиб, хулқимиз ўзгармаса, ҳаётимиз тартибга тушмаса,  қалбимизга хотиржамлик инмаса, демак, муаммо бизда. Намозни беэътибор адо этаётган бўламиз. Намозни хоҳламай, истамай ўқиётган бўламиз.

Намоз ўқирканмиз, биз ўз амалимиз, гуноҳларимиз ҳақида ўйлашимиз ўринли. Бошқаларнинг ибодатини таҳлил этиб, уларни танқид ва ғийбат этишдан сақланмоқ керак. Намоздан сўнг Аллоҳга юзланиб, астойдил дуо қилайлик. Дунё ва охират саодатини сўрайлик.

Бенамозлик офат, намозсиз умр ўтказмоқ умрни мазмунсиз совурмоқдир. Аллоҳ таоло намозларимизни ҳушуъ ва хузуъ билан доимо мукаммал адо этишмизни насиб этсин!

Абдул Ҳамид Маликов,

“Пискент” жоме масжиди имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]