Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Наҳотки?! (ёҳуд умматлик даъвосида сохтакор эмасмизми?!)

Наҳотки?! (ёҳуд умматлик даъвосида сохтакор эмасмизми?!)

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат, У зотни кўришга бўлган шавқ саҳобалар, тобеъинлар, мужтаҳидлар ва уларнинг шогирдларидан бўлган солиҳлар қалбларини тўлиқ эгаллаб олган эди. Чунки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни зулматдан нурга, жаҳолатдан маърифатга олиб чиққан ҳидоят Пайғамбари эканлигини чуқур англаб етган эдилар. Битиклардан қуйидагиларни ўқий бошладим:

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу: «Мен учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан севимлироқ бирор киши йўқ», деганлар.

Абда бинт Холид ибн Сафвон отаси ҳақида: «Отам Холид ўрнига ётишдан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, муҳожир ва ансорлардан иборат У зотнинг асҳобларига шавқини айтар, уларни номма-ном санаб,  то уйқу ғолиб келгунча «Улар менинг аслим ва ифтихорим, уларга талпинар қалбим, узоқ чўзилди соғинчим, ё Роббим, ҳузурингга жон таслим қилишимни тезлат», дер эди.

Буюк тобеъин Зайд ибн Аслам айтади: «Умар розияллоҳу анҳу кечаси одамларни аҳволларини кузатиб юрганларида бир уйда ёниб турган чироққа кўзлари тушди. Қарасалар, бир кампир жун титиб: «Муҳаммадга яхши бандаларнинг саломи бўлсин. Поклар, яхшилар У зотга саловат айтадилар. Сиз кечалари ибодат билан қоим бўлар, саҳарлари кўз ёш тўкар эдингиз. О, кошкийди мен уни билган бўлсам! Ўлим ҳолати турлича. Мен билан Ҳабибимни бир ҳовлига жамлармикан!?» – деб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни назарда тутар эди. Умар розияллоҳу анҳу ўтириб йиғлай бошлади”.

… Шу жойга етганда ўқишни тўхтатдим. Очиқроғи давом эттира олмадим, ўқиёлмадим… Хаёллар оғушида қолдим… Кимлигимни чуқурроқ англаб етиш учун ўйга толдим…

Наҳотки?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйганларнинг мингдан бир муҳаббати менда бўлмаса?!

Наҳотки?! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан шу даражада узоқлашиб кетдим.

Наҳотки?! Қалбим муҳрланган?!

Наҳотки?! Ул зотдан энг узоқ, ул зотга энг муҳаббатсиз уммат бўлсам ?! Охиратда Ул зотга умматлик даъвосини қилиш учун амалимда, қалбимда нима бор?!

Наҳотки, охиратда умматлик даъвосида сохталар сафида бўлиб қолсам?!

Наҳотки …

Наҳотки … 

Наҳотки …

Саволлар кўпайган сари ўзимга нисбатан нафратим кучайиб кетмоқда…

Аллоҳ, Ўзинг асра!

Паркент тумани “Беш каппа” жоме масжиди имом-хатиби Миршавкат Тўйчиев

[carousel-horizontal-posts-content-slider]