Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / МИСВОК ҲАҚИДА ЯНГИ ИЛМИЙ МАЪЛУМОТЛАР

МИСВОК ҲАҚИДА ЯНГИ ИЛМИЙ МАЪЛУМОТЛАР

Мисвок ишлатиш мусулмонлик аломатларидан бўлиб қолган. Чунки у суннат амал ҳисобланади. Машҳур саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу томонидан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар умматимга машаққат бўлмаганида эди, уларни ҳар намоз олдидан мисвок қилишга буюрган бўлардим”, деганлар (Термизий ривояти).

Мазкур ҳадисга биноан фиқҳ китобларида ва ҳадис тўпламларида кўплаб илмий маълумотлар келтириб ўтилган. Мисвок ишлатишнинг фойдалари жуда кўп. Жумладан, Ибн Обидин  мисвокнинг ўттиздан ортиқ фойдалари борлигини зикр қилганлар. Фойдаларнинг энг ози тишдаги зарарларни кетказиш бўлса, энг катта фойдаси ўлим асносида шаҳодат калимасини айта олиш, дейилган.

Ҳадис матнидан кўраяпмизки, عند كلّ صلوةٍ – “ҳар бир намоз олдидан” мисвок ишлатиш зарурияти айтилмоқда. Шу ерда савол туғилади: мисвок айнан ҳар бир намоз ўқишдан бироз олдин қилинадими? Мисвок намоз учунми ёки намозга таҳорат олиш асносида ишлатиш керакми? Шунингдек, мисвок ишлатишнинг ўзи қандай амал, вожибми, суннатми ёки мустаҳабми?

Шофеъий уламоларининг улуғларидан Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ мисвокнинг суннат эканлигига уммати Муҳаммадий ижмоъ қилган, деганлар.

Исҳоқ ибн Роҳвайҳ раҳматуллоҳи алайҳ ва Довуд аз-Зоҳирий  мисвок ишлатишни бир ривоятда вожиб деганлар, лекин улардан мисвок ишлатиш суннат, деган гап ҳам нақл қилинган. Улар мисвок ишлатишнинг вожиблигига Рофеъ ибн Хадиж (розияллоҳу анҳу)нинг ҳадисидан далилланадилар. Унда қуйидаги мазмун бор:

السواك واجب و الغسل فى الجمعة واجب على كل مسلم

“Ҳар бир мусулмонга мисвок ишлатиш вожиб, жумъа куни ғусл қилиш вожибдир”.

Имом ан-Нававий фикрига қараганда, Исҳоқ ибн Роҳвайҳ мисвок ишлатишни вожиб деган гап унчалик тўғри эмас. Чунки у зот ҳам саҳиҳ ривоятга кўра, мисвокни суннат деганлар. Довуд аз-Зоҳирийдан ҳам мисвокнинг суннат эканлиги ривояти тўғрироқдир. Агар уни вожиб деб билганларида ҳам, бир одамнинг мухолафати ижмоъга таъсир қилмайди. Демак, мисвок ишлатиш суннатдир.

Иккинчи масалада уламолар ихтилоф қилганлар. Бир жамоа мисвокни намознинг суннати деган бўлсалар, бошқалар мисвокни таҳоратнинг суннати деганлар. Имом аш-Шофеъий  буни намознинг суннати, деб қарор қилганлар. Зоҳирийлар ҳам шунга қўшилганлар. Ҳанафийлар эса уни таҳоратнинг суннати, деб олганлар.

Ихтилофнинг сурати қуйидаги ҳолатда яққол кўринади: намозхон таҳорат қилаётиб мисвок ишлатса, сўнг ўша таҳорати билан намоз ўқиса, шу таҳорати билан кейинги намозни ҳам ўқимоқчи бўлса, мисвок ишлатадими?. Бизда таҳоратда мисвок ишлатгани учун суннатни адо қилган бўлади, Шофеъийларда эса таҳорати синмаса ҳам кейинги намоз учун мисвок ишлатиб олсин, дейилади. Ҳанафийларда мисвок таҳоратнинг суннати бўлгани боис иккинчи намоз чоғида ишлатиш зарурати қолмайди.

Шофеъийлар далили ўрганилаётган бобдаги ҳадис бўлиб, унда “инда кулли солатин” (“ҳар бир намоз олдидан”) дейилган. Ҳанафийлар бунга жавоб бериб, бу ерда изофа бор, унинг асл маъноси: “инда кулли вузу-и солатин” (“ҳар бир намознинг таҳорати олдидан”), бўлади, яъни мисвок таҳорат асносида қилинмоғи даркор, деганлар. Биз бунга ўзимизча қарор қилганимиз йўқ. Мазкур маънодаги ҳадисларнинг айрим тариқларида шу сўз қўлланган, деганлар.

Жумладан, Имом Ҳоким “ал-Мустадрак”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ушбу ҳадисини бу тариқада ривоят қилганлар:        

لو لا أن أشقّ على أمتى لفرضت عليهم السواك مع الوضوء

“Агар умматимга машаққат қилмаганимда эди, уларга мисвокни таҳорат билан бирга фарз қилган бўлардим”.

Мазкур ҳадис Ибн Ҳиббон раҳматуллоҳи алайҳ томонидан ҳам Ойша (розияллоҳу анҳо) орқали ривоят қилинган бўлиб, унда бундай дейилган:

لو لا أن أشقّ على أمتى لأمرتهم مع الوضوء بالسواك عند كل صلاة

“Агар умматимга машаққат қилмаганимда эди, уларга мисвокни ҳар бир намоз олдидан таҳорат билан бирга буюрган бўлардим”.

Ривоятларда мисвокни таҳорат билан бирга эканлиги ҳақидаги иборалар мавжуд. Ана шу ҳадисларга суяниб, ҳанафийлар мазкур бобдаги ҳадисларни таъвил қилиб ─ “мазкур бобдаги ҳадисларда ҳам асл матнида изофа мавжуд” дейдилар. Шофеъийлар эса ҳадисларни таъвил қилиб, “Намозга таҳорат қилингани учун айтилган”, деб қўя қоладилар.

Ҳанафийлар ўзларига ақлий далилни ҳам қўллаганлар. “Инда кулли вузу-и солатин” иборасидаги “инда” араб тилида ҳақиқий яқинликка эмас, сал олдинроққа, бир қанча вақт илгарироққа ҳам қўлланилаверади. Бошқа ҳадисларда эса “маъа вузуъин” дейилган. Бу эса “билан бирга”, “биргаликда”ликни билдиради. Яна айтиш мумкинки, мисвок поклик учун ишлатилади. Унинг асл мақсади покликдир. Поклик эса таҳоратга боғлиқ нарса. Бунга алоҳида ҳадис ҳам бор: السواك مطهرة للفم و مرضاة للرب – “Мисвок оғизни покловчи, Парвардигорни рози қилувчидир”.

Демак, мисвок оғизни поклайдиган нарса бўлгани боис уни таҳорат пайти ишлатиш керак бўлади.

Учинчи бир ақлий далил шуки, ҳамма одамнинг милклари бирдай  қаттиқ ва кучли эмас. Мисвок билан тишлар ишқаланиши чоғида милклар қонаб кетиши эҳтимоли катта. Қон оқиши эса таҳоратни синдиради. Демак, мисвокни намоздан олдин эмас, айнан таҳорат қилиш асносида ишлатмоқ афзалдир.

Тўртинчи далил, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат вақтида мисвок ишлатганлари ривоятларда келади, бироқ намоздан олдин мисвок ишлатганлари ривоят қилинмаган. Мисвок ўта аҳамиятли амал бўлгани боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар намоздан олдин мисвок ишлатганларида эди, уни саҳобаи киромлар кўрган бўлишар эди.

Мисвок борасидаги шофеъийлар ва ҳанафийлар орасидаги ушбу ихтилоф ёзма манбаларда зикр қилинган. Анваршоҳ Кашмирий раҳматуллоҳи алайҳнинг айтишича, бу ихтилоф фақатгина лафзий ─ оғзаки бўлиб, амалда ҳанафийлар ҳам намоз олдидан мисвок ишлатса бўлаверади, дейдилар.

“Фатҳ ал-қадир”да “намозхон эски таҳорати билан навбатдаги намозни ўқимоқчи бўлса, мисвок ишлатиши мустаҳабдир”, дейилган. Мустаҳаб амал суннатга яқин, балки суннат ўрнида ҳам қўлланаверишини ҳисобга олсак, мазкур ихтилофни йўққа чиқади. Хуллас, тиши қонамаса, намоздан олдин мисвок ишлатган киши, суннатни адо қилган бўлади.

Энди, мисвокни қандай ишлатиш керак? Уни узунасига ишлатиш керакми ёки кўндаланггига ишлатиш керакми? Ҳанафий мазҳабимизга кўра, мисвок кўндаланг ишлатилади. Ато ибн Абу Рабоҳ  ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

اذا شربتم فاشربوا مصّا و اذا استكتم فاستاكوا عرضا

“Қачон сув ичсангиз, сўриб-сўриб, шимиб-шимиб ичинглар, агар мисвок қилсангиз, кўндаланггига ишлатинглар”.

Мисвокнинг суннатлигида шак-шубҳа йўқ, бу ерда уни қандай ишлатиш борасида гап кетяпти. Мисвокни кўндалангига ишлатиш ҳақида бўлгани учун заиф ҳадис бўлса ҳам, уни олган маъқулроқдир.

Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ мазкур ривоятни келтирганидан сўнг ушбу ҳадиснинг қувватловчи бошқа ривоятлар мавжудлигини ҳам қайд қилган. Бироқ у “Талхис ал-ҳабийр”да мисвокни кўндаланг ишлатиш суннат бўлса-да, бироқ тил устига узунасига ишлатиш афзаллигини айтиб ўган. Чунки Имом Аҳмад  ривоятида айтилишича, ровий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тиллари устига мисвок қўйиб ишлатаётганини кўрган. Ровий уни كان يستنّ طولا – “узунасига ишлатаётган эдилар”, деб таърифлаган.

Мисвок нимадан бўлиши керак? Ҳозирги замондаги тиш чўткалари мисвок ўрнига ўтадими? Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи ва саллам даврларида мисвок ирок деган дарахт илдизидан олинган. Ибн Ҳиббон раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилишича, саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун ирок дарахтидан мисвок излаб топиб келар эканлар. Абу Хайра ас-Саббоҳий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бир жамоа билан бирга борганида, йўл-йўлакай ирок дарахтидан мисвок тайёрлаб борган эканлар. “Мустадрак Ҳоким”да келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан олдин ирок дарахтидан олинган янги мисвок билан тишларини мисвок қилиб олганлар.

Мисвокда яна иккита алоҳида-алоҳида масала бор: мисвокнинг суннатлиги ва қандай нарсадан мисвокни тайёрлаб ишлатиш кераклиги. Фақиҳларнинг айтишига қараганда, нима билан бўлса-да, тишни тозалаш билан мисвоклаш суннати адо топади. Демак, бармоқлар билан ёки тиш чўткалари билан тиш тозаланса, суннат адо қилинган ҳисобланади. Чунки Имом ал-Байҳақий : تجزئ من السواك الأصابع – “Мисвок ўрнига бармоқларни ишлатиш жоиз бўлади”, деган ривоятни келтирганлар.

Ойша онамиз розияллоҳу анҳо “Мисвок қандай қилинади?”, деб сўраганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: يدخل إصبعه فى فيه – “Бармоғини оғзига киритади”, деб жавоб берганлар.

Имом Аҳмад  раҳимаҳуллоҳ Ҳазрат Али карраммаллоҳу важҳаҳунинг таҳорат қилиб кўрсатганда бармоқлари билан тишларини ишқаб ювганлигини ривоят қилган. Таҳорат олиб бўлгач Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу: “Бу Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳоратлари”, деб кўрсатганлар.

Яна бир ҳадиси шариф бор: الأصابع تجرى مجرى السواك اذا لم يكن سواك – “Бармоқлар мисвок йўқ вақтда унинг ўрнига ўтади”.

Юқоридаги ривоятлардан маълум бўляптики, бармоқ билан ҳам тишлар ишқалаб ювилса, суннатликка кифоя қилади. Чўтка агар ҳалол нарсанинг тукидан қилинган бўлса, уни ишлатиш жоиз. Агар чўтка нопок нарсадан тайёрланган бўлса, суннат адо топмайди.

Бироқ бу билан суннат қилинган мисвокни ишлатиш фазилати адо топмайди, юқорида айтиб ўтилган мисвокнинг ўттизта фазилати ҳосил бўлмай қолади. савоб кўп бўлиши учун мисвок ирок, зайтун, анор дарахтларидан тайёрланган бўлиши керак.

Мисвокнинг фазилати борасида Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ ҳам яна бир ҳадисни ривоят қилганлар. У жуда муҳим:

 فضل الصلاة بالسواك على الصلاة بغير سواك سبعين ضعفا

“Мисвок билан ўқилган намознинг фазилати мисвоксиз ўқилган намозникидан етмиш баробар зиёддир”.

Имом Ҳоким бу ҳадисни саҳиҳ деганлар. Имом Байҳақийнинг ривоятида ушбу ҳадис қуйидагича келган:

صلاة بسواك خير من سبعين صلاة بغير سواك

“Мисвок ишлатилмасдан ўқилган етмишта намоздан мисвок қилиб ўқилган биргина намоз яхшироқдир”.

Имом Баззор раҳматуллоҳи алайҳ бу тарзда ривоят қилган:

 ركعتان بسواك أفضل من سبعين ركعة بغير سواك

“Мисвок билан ўқилган икки ракъат мисвоксиз ўқилган етмиш ракъатдан афзалдир”.

Шу ҳадиснинг ровийлари ишончли, дейилган.

“Фатҳ ал-қадир”да айтилишича, олти ўринда мисвок ишлатиш мустаҳаб бўлади: 1) тишлар сарғайганда; 2) оғиз ҳиди нохуш бўлганда; 3) уйқудан турганда; 4) намозга тайёргарлик кўрганда; 5) таҳорат қилганда; 6) уйга илк бор кирганда.

Мисвок бармоқ қалинлигида, узунлиги бир қарич бўлиши; мисвокни ёнламасига қилиш кераклиги; ўнг қўлнинг бош ва жимжилоқ бармоқлари устидан, қолган учта бармоқ остидан ўтказиб ушлаш лозимлиги; аввал ўнг томон юқори ва паст тишлари уч мартадан, сўнг чап томон юқори ва пасти уч мартадан қилиниши; кейин тил устига бир марта узунасига мисвок юритиб қўйилиши тавсия қилинган.  

Мисвок ишлатиш аёлларга ҳам таҳоратнинг суннати бўлса-да, бироқ мисвок ниятида сақич чайнашлари ушбу суннатнинг ўрнига ўтиши фиқҳий манбаларда зикр қилинган.

Умуман олганда, мисвок ишлатиш суннат бўлиб, унинг ҳақида келтирилган диний-фиқҳий маълумотларни, ҳадисдаги ривоятларни ҳам билиб қўйиш фойдадан холи бўлмайди.

Ҳикматуллоҳ Абиев,

“Аҳмаджон қори” жомеъ масжиди имом-ноиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]