Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / МИННАТ – САВОБНИ КЕТКАЗУВЧИ ИЛЛАТ

МИННАТ – САВОБНИ КЕТКАЗУВЧИ ИЛЛАТ

Динимиз таълимотида бировга яхшилик қилиш савоб, қилган яхшилигини миннат қилиш эса ката гуноҳ хисобланади. Мусулмон садақа берса, муҳтожларга ёрдам кўрсатса, ҳеч кимга айтмайди, одамларга билдирмайди, яхшилигини миннат қилмайди.

Агар оила бошлиғи қўл остидагиларга миннат қилса, “Сенларни мен боқяпман. Мен бўлмасам оч қоласанлар!” деб таъна қилса, бир тарафдан, миннат қилгани учун жуда оғир гуноҳга ботади, иккинчи тарафдан, ризқ Аллоҳдан эканини инкор этган бўлади. Чунки у бўлмаса, Аллоҳ бандалари ризқини бошқа тарафдан, бошқа одам сабабидан етказади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Эй, имон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, Аллоҳга ва охират кунига имон келтирмаса ҳам, кишиларга риё учун молини нафақа қилганга ўхшаб, бекорга кетказманг”, деган (Бақара сураси, 264- оят).

 Ушбу ояти каримада садақани миннат қилиб, озор бериб, қилган яхшилигининг савобидан бебаҳра қолиш ажойиб тарзда ифодаланган. Бу билан мусулмонлар қалбида бу ишнинг нақадар ёмон экани жонли тасвирланмоқда. Оятнинг аввалида садақани миннат ва озор бериш билан ботил қилмасликка амр бўляпти. Кейин эса aгap шундай қилинса, риё учун садақа қилганга ўхшаб қолишининг баёни келяпти.

Миннат қилиш ёмон одат бўлиб, инсон қалбида оғир яра қолдиради. Берганни миннат қилган кишининг мақсади манманлик, бошқаларни менсимаслик, ўзини кўрсатиш, одамлар ўртасида обрў қозониш бўлади. Миннат қилиш туфайли мол сарфлаган киши молни олувчига озор етказади. Одамлар орасида унинг обрўйини тўкади. Инсоний қадр-қимматини пастлатади. Ҳолбуки, Исломда нафақа қилишга тарғибдан мақсад камбағалларнинг кўнглини кўтариш, уларни хурсанд этиш, бой биродарлари уларни ҳурмат қилишини сездиришдир.

Миннат қилувчи киши икки жиҳатга кўра маломат қилинади. Аввало, у барча ризқ ва неъматни Аллоҳ таоло беришини инкор қилган ва тан олмаган бўлади. Агар ризқ Аллоҳдан эканини ҳаққи-рост билганида, бундай қилмасди. Иккинчидан, миннатчи одам қилган яхшиликларини айтиб мақтанади. Бунда у кибр ва риё иллатларига мубтало бўлади. Бу эса ўша яхши амалнинг бекор бўлишига, савобининг кетишига сабаб бўлади.

Яхшилик ва сахийлик қилгандан сўнг миннат қилиш, одамларни камситиш, уларни ҳақорат қилиш ва хорлаш каби иллатлардан узоқда бўлиш даркор.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаннатга миннатчи, ота-онага оқ бўлган ва кўп ароқ ичувчи кирмайди”, дедилар» (Имом Насоий ва Имом Доримий ривояти).

Ушбу ҳадис шарҳида уламолар: “Улар жаннатга биринчлардан бўлиб кирмайдилар”, деганлар. Чунки аҳли сунна вал жамоа уламолари иттифоқига кўра, ким Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасдан вафот этса, дўзахда абадий қолмайди. Балки жаҳаннам азоби билан гуноҳларидан поклангандан сўнг албатта жаннатга киради.

Қариндошларига яхшилик қилгандан сўнг миннат қиладиган инсон ҳам юқоридаги қаттиқ огоҳлантиришга лойиқдир. Чунки бу феъл ҳам уни жаннатга киришига тўсқинлик қиладиган ишлардандир.

Бу ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп маст қилувчи ичимликлар ичувчини ҳам жаннатга кирмаслигини зикр қилдилар. Шунинг учун спиртли ичимликлар ичувчи ёки наркотик моддалар ва маст қилувчи нарсаларни истеъмол қилувчи кишилар бу ҳадиснинг маъносини чуқур ўйлаб кўрсинлар.

Яхшиликдан кейин миннат қилиш разил хулқлардандир. Шунга кўра, агар бир инсон бирор кишига яхшилик қилса ёки унга садақа қилса, сўнгра унга миннат қилиб, эҳсон ва садақасини унинг олдида гапирса, батаҳқиқ, эҳсон ва садақасининг савоби зое бўлади.

Миннатчи савобларини зое қилиб, эҳсон қилган одамидан кўпроқ фойда олиш учун унга озор беради ва агар ундан бирор нарса ололмаса, унга бирор зарар етишини орзу қилади. Бу нарса уят ва хорликдан ҳам баттар шармандаликдир.

Шайх Муҳаммад Арифий айтади: «Таҳорат қиласан-у, исроф қиласан. Ҳижоб ўрайсан-у, атир сепасан. Таҳажжуд намозига турасан-у, биродаринг билан аразлашасан. Рўза тутасан-у, ғийбат қиласан. Садақа берасан-у, миннат қиласан. Кўзингни оч! Солиҳ амалларнингни тешик халтага солма!»

Аллоҳдан ўзимизга ва барча мусулмонларга ёрдам ва ҳидоят сўраймиз!

Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,

Янгийўл тумани “Имоми Султон” жоме масдиди имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]