Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Марҳум Хайруллоҳ домла Турматов ҳақларига Хатми Қуръонлар бағишланди

Марҳум Хайруллоҳ домла Турматов ҳақларига Хатми Қуръонлар бағишланди

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги бош имом-хатиби, муҳтарам Хайруллоҳ домла Абдулмалик ўғлининг вафотлари барча мўмин мусулмонларнинг кўнглини мағзун этди.

Шу муносабат билан бугун дуолар ижобат бўладиган жума кунида юртимизда фаолият юритиб келаётган барча жоме масжидларда меҳнат қилаётган имом-хатиблар, имом ноиблар, мадрасаларда хизмат қилаётган устозлар, сабоқ олаётган талабалар ва отинойилар томонидан 770 та хатми Қуръон ўқилди.

Бугун, 18 сентябрь жума намозидан кейин жоме масжидларда ушбу хатми Қуръонларнинг ажру савобини раҳматли Хайруллоҳ домла руҳи покига бахшида этилди. Шунингдек, айни кунларда бемор бўлган юртдошларимизга, хусусан, аҳли илмларимизга Аллоҳ таолодан шифо сўраб илтижолар қилинди.

Аллоҳнинг суйган бандаларини қанча хотирласанг ҳам барибир унинг ўрни билиниб, қалбларни ғамгин қилар экан. Марҳум Хайруллоҳ домла Турматов раҳимаҳуллоҳ ҳам кўп йиллар давомида юртимиздаги бир неча масжидларда, хусусан, Тошкент вилоятидаги «Четсув», «Қорабоғ», «Зангиота» жоме масжидлари имом-хатиби, Ангрен шаҳри бош имом-хатиби, сўнгги йилларда эса Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Тошкент вилояти вакиллигида бош имом-хатиби вазифасида хизмат қилиб келган, динимизнинг ривожига, юртимиздаги масжидларимизнинг обод бўлишига катта ҳисса қўшиб келган, биз билмаган ва эшитмаган яна қанчадан-қанча савоб ишлар қилиб ўтган устоз, етук дин пешвоси эди. Шунингдек, ҳаётлик даври давомида жоме масжидларни обод ва кўркам, намозхонларни ибодат қилишлари учун муносиб ва замонавий шарт-шароитларга эга бўлиши йўлида тиним билмай меҳнат қилди. Умрини дин хизмати йўлида бағишлаган бу марҳум устозимизнинг барча яхши амаллари ҳаётлик пайтида қилиб ўтган саҳву хатоларига каффорат бўлсин. Аллоҳ таоло бу олим бандасининг илм-маърифат тарқатишдек машаққатли ва шарафли меҳнатларини, барча солиҳ амалларини ўзларига садақаи жория қилиб, раҳматига буркасин, мағфиратига олсин, аҳли илмларга, илмига амал қилган уламоларга ваъда қилган ажру мукофотларидан баҳраманд қилиб, жаннатларига дохил айласин!

Тошкент вилояти вакиллиги матбуот хизмати

[carousel-horizontal-posts-content-slider]