Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚ – ХАТАРЛИ ҚАРМОҚ

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚ – ХАТАРЛИ ҚАРМОҚ

Аллоҳ таоло инсон зотини азиз ва мукаррам қилди. Ҳамма мавжудотдан афзал ва улуғ этиб, унга ақл, тил берди. Ана шу ақл, тил, тафаккур билан инсоният онги, дунёқараши, айниқса, турмуш тарзи, яшаш шарт шароити жадал ривожланиб бормоқда.

XX асрнинг энг катта кашфиёти компьютер ва телефон бўлса, XXI асрники эса ижтимоий тармоқлардир. Яъни, интернер, телеграм, ютуб, фейсбук ва ҳоказо. Булар инсониятга катта қулайликлар туғдирди.

Ёшлар интернет орқали хорижий тилларни, фанларни, касб-ҳунарларни ўрганмоқда. Шу жиҳатдан ижтимоий тармоқлар, интернетнинг фойдаси, яхшилиги, аҳамияти жуда катта. Аммо, шу билан бирга, дангасалар, ишёқмаслар, ёмонлар, бузғунчи кучлар, жиноятчилар учун интернет жуда қулай қурол, жуда арзон восита, жуда кучли таъсир воситасига айланди.   

Танганинг иккинчи томони ҳам бўлганидек, ҳамма кашфиётдан, қулайликлардан ёмон ниятда фойдаланувчилар ҳам пайдо бўлар экан. Интернет орқали ёмонликларни тарқатиш бор экан, демак, аҳолини, ёшларни ўша ёмонликлардан огоҳ қилиш, ҳимоя қилиш лозим. Бу ишни ҳар биримиз қилишимиз керак.

Қуръони каримда: «(Эй Муҳаммад, алайҳиссалом), эслатиб, огоҳ қилиб туринг, чунки огоҳ қилиб, эслатиб туриш мўъмин мусулмонларга албатта фойда (манфаат) келтирур» (Зориёт сураси, 55-оят), деб марҳамат қилади. Бу хитоб ҳамма учун.

Агар одамлар огоҳ этиб турилмаса, фасод, бузғунчилик кўпаяди. Буни айрим давлатларда кузатилган ва айни пайтда ҳам давом этаётган хунрезликлар мисолида кўриш мумкин. Шукрки, мамлакатимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда. Ўзбекистон “Бахтли мамлакатлар” рейтингида 42-чи ўринда экан. Бу 250 давлат орасида жуда яхши кўрсаткич.

Интернет, телеграм, фейсбек, ютуб – тубсиз уммон, чексиз олам. Шу воситалар чиққанидан бери одамлар, қавм-қариндошлар ўртасида, меҳр-оқибат кўтарилиб, ҳурмат йўқолмоқда.

Ҳамма ишнинг, ҳамма масаланинг одоби бўлгани каби интернетдан, ютубдан, фейсбукдан ва телеграмдан фойдаланишда ҳам одоблар бор. Аввало, инсон беҳуда яратилмаган. Унинг зиммасида бу дунёга тегишли вазифалар, масъулиятлар бор. Қолаверса, охиратда улкан ҳисоб-китоб ва савол-жавоблар бор. Шуни унутмаслик керак!

Аллоҳ таоло Муъминун сурасининг 115-оятида бундай хитоб қилади: «Сизлар асло ўйламангизким, Биз сизларни беҳуда, бекордан-бекорга яратмаганмиз, ва сизлар, албатта (бир кун келиб), ҳузуримизга қайтажаксиз».

Бугун ижтимоий тармоқлар – ютуб, интернет, телеграм, фейсбук қайсидир маънода “қотил”га айланди. “Вақтнинг қотили”га… Инсонлар қимматли вақтларини кўкка совурмоқда.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «У (Аллоҳ таоло), сизлардан қайси бирингиз яхши амаллар қилувчи эканлигингизни синаш, имтиҳон қилиш учун ўлимни ва ҳаётни (тирикликни) яратган зотдир» (Мулк сураси, 2-оят), деб марҳамат қилган.

Ҳадиси шарифда: “Қиёмат куни одам боласи тўрт нарса ҳақида сўралмагунича жойидан жилмайди: 1) умрини нима билан ўтказгани; 2) ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; 3) мол-дунёни қаердан топиб, қаерга сарфлагани ҳамда 4) билган (ўрганган, эшитган) илмига қанчалик амал қилгани” (Имом Термизий ривояти).

Бир инсон эрталаб ёки кечқурун фейсбукка кирса, янгилик кетидан янгилик, хабар кетидан хабар, видео кетидан видео чиқаверади – охири йўқ. Қараса, тонг отиб ёки кеч кириб қолади.

Энг ёмони, ижтимоий тармоқлар орқали фаҳш ишлар тарқалмоқда. Йигит ва қизларнинг ибоси, ҳаёси йўқолмоқда. Оила, никоҳ ҳақидаги муқаддас тушунчалар йўқолмоқда. Бир-бирига номаҳрам инсонлар ўртасида мулоқот, турли алоқалар авж олмоқда. Электрон дўстлик, электрон муҳаббат, электрон зино авж олмоқда.

Хуллас, бугун яхшилик қилиш учун имкониятлар қанчалик кенг бўлса, ёмонликлар учун ҳам эшиклар очиқ. Танлаш имконияти ўзимизда. Шундай экан, ақлни ишлатиб, қисқа умримизни хайрли ишлар билан зийнатлайлик!

Нуриддин ҲОШИМОВ,

Янгийўл тумани Гулбаҳор шаҳарчаси

“Гулбаҳор” жоме масжиди имом-хатиби