Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / “Ҳизбут-таҳрир” фаолияти ва ушбу фирқага раддиялар

“Ҳизбут-таҳрир” фаолияти ва ушбу фирқага раддиялар

“Ҳизбут-таҳрир” аъзолари ҳали онги шаклланиб улгурмаган, тажрибасиз, ғўр кишиларни ўз тузоғига илинтириб, улардан ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланишга уринадилар. Улар Ислом динининг асл моҳияти – эзгулик, тинчлик, оқибат эканини унуттиришга ҳаракат қилувчи ва Аллоҳнинг каломи – Қуръонни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ҳамда ҳаётий ҳақиқатни бузиб талқин қилиб, халифаликни тарғиб этувчи ташкилотдир. Унга 1928 йилда Мисрда ташкил топган “Мусулмон биродарлар” экстремистик ташкилотидан ажралиб чиққан Тақиюддин Набаҳоний 1953 йилда асос солган.

“Ҳизбут-таҳрир” ўз фаолиятини махфий “халқалар” кўринишида олиб боради. Ташкилотнинг оддий аъзолари – “дорислар” 4-5 кишилик “халқа” бўлиб, гуруҳ раҳбари – “мушриф”дан сабоқ оладилар. Дарсларда диний маълумотлар юзаки берилиб, фиқҳий масалаларга ҳатто эътибор ҳам қаратилмай, ёшларнинг онгига фирқанинг сиёсий ғояларини сингдиришга асосий урғу берилади. Ташкилотга аъзо бўлаётган номзод ҳар қандай шароитда ҳам “ҳизб” фаолияти ҳақидаги маълумотни сир сақлаш, фирқа манфаатлари йўлида ота-онаси ва яқинларидан воз кечиши ҳақида ҳам қасам ичади.

“Ҳизбут-таҳрир”нинг бузғунчи фаолияти уч босқичдан иборат:

1. Тасқиф, яъни тушунтириш ишлари. Онги тўлиқ шаклланмаган ғўр ёшларни ўз тузоғига илинтириш, фикри заиф, таъсирга берилувчан шахсларни ўз тарафига оғдириш.

2. Тафоул, яъни биргаликда ҳаракат қилиш, гўёки ғоявий ва фикрий ишлаш орқали жамият ичига чуқур кириб боришга эришиш.

3. Исён, тўнтариш, яъни онгига ташкилот ғоялари сингдирилган шахслар орқали сиёсий ҳокимиятни қўлга киритиш.

Илгари фақат яширин гуруҳлар тузиш, ўз тарафдорлари сонини кўпайтириш, диний-экстремистик мазмундаги варақалар тарқатиш билан шуғулланган “Ҳизбут-таҳрир”чилар бугунги кунда ўз фаолиятларини такомиллаштиришга уриниб, аҳоли гавжум ва бошқа жойларди халифалик қуриш ва конституциявий тузумни ағдариб ташлашга даъват билан шуғулланиб, тарафдорлари сонини ошириш мақсадида эса хайрия тадбирларини ўтказишга уринмоқдалар.

“Ҳизбут-таҳрир” фирқаси ташкил топганига ярим асрдан ошган бўлса-да, ҳанузгача дунёнинг бирор давлатида тан олиниб, расмий рўйхатдан ўтгани йўқ.

Мазкур фирқанинг динга зарари – мусулмонларни чалғитиб, мўътадил бораётган йўлларидан адаштириш ҳамда халифаликни тиклаш даъвоси билан аҳли Ислом бошига турли мусибат ва балоларни келтириш, энг ёмони – шу тариқа Ислом дини ривожига халал беришдан иборатдир.

“Ҳизбут-таҳрир” фаолияти мусулмонлар ичида фитна чиқаришга қаратилгани учун ҳам Ислом дунёсидаги барча уламолар томонидан мазкур фирқа Исломнинг душмани, деб эълон қилинган. Саудия Арабистонининг собиқ бош муфтийси шайх ибн Боз ва Қатарлик машҳар уламо Юсуф Қарзовийлар фикрича, “Ҳизбут-таҳрир” – Исломни бузувчи ташкилот” ҳисобланади. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Дин насиҳатдир” китобида келтирилган ““Ҳизбут-таҳрир” ҳар қандай душман қила олмайдиган зарарли ишларни қилдики, ислом душманлари ўзлари ҳаракат қилсалар, ҳозирги натижага эриша олмас эди”, – деган фикрлари ҳам фитначи фирқанинг асл моҳиятини англашга ёрдам беради.

Шунинг учун ҳам, “Ҳизбут-таҳрир”нинг ғояси ва дастури ҳанузгача дунёнинг бирорта мамлакатида тан олинмаган, балки илк таъсис топган масканидан тортиб дунё мамлакатларининг деярли ҳаммасида унинг фаолияти тақиқланган.

Олмалиқ шаҳар бош имом-хатиби Ҳусниддин домла Ортиқов

[carousel-horizontal-posts-content-slider]