Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ИСРОФ – УЛКАН ГУНОҲ

ИСРОФ – УЛКАН ГУНОҲ

Муқаддас Ислом мўътадил дин бўлиб, барча ишларда ўртача йўлни тутишга буюради, исрофдан қайтаради. Чунки ҳар қандай ишда ҳаддан ошиш исроф саналади.

Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъматларни ато этиш баробарида, улардан тежамкорлик билан, исроф қилмай фойдаланишни буюрган. “Исроф” арабча сўз бўлиб, “ҳар бир ишда ҳаддан ошиш” деган маънони англатади. Исроф динимизда қаттиқ қораланади.

Қуръони каримда исрофнинг нақадар ёмон экани ҳақида ўнлаб ояти карималар бор: «Енглар, ичинглар ва исроф қилманглар. Чунки У исроф қилувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят).

Ушбу оятдан маълум бўладики, ейиш, ичиш гуноҳ эмас, аммо ҳаддан ортиқча еб-ичиш гуноҳдир.

Баъзи уламолар: “Ушбу оят ўзида тиббиётни тўлиқ жамлаган. Чунки инсон еб-ичмаса, ҳалок бўлади. Агар исроф билан еб-ичса, касалликка чалинади”, дейишади.

Аллоҳ таоло бизларга берган беҳисоб неъматларни дунё ва охират учун фойдали йўлда ишлатиш талаб этилади. Уларни исроф қилиш, беҳуда нарсаларга сарфлаш қаттиқ қораланади. Аллоҳ ҳар бир ишда меъёрга риоя қилишга ва ҳаддан ошмасликка буюради.

Каломуллоҳда исрофнинг зарари, исрофгарнинг мазаммати ҳақида бундай марҳамат қилинади: «(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз» (Исро сураси, 29-оят).

Абдуллоҳ ибн Аббосдан розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар”; “Ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқлик кўрмайди”; “Исрофгар жаннатга кирмайди”, деганлар.

Исрофнинг бир қанча турлари бор. Хусусан, “бу давлатники” ёки “пулини тўлаб қўйганман” деган нотўғри тушунча билан уйимизда газ, электр энергияси ва сув каби умумий истеъмол воситаларини керагидан ортиқча сарфлаш, гугурт ишлатмаслик учун кун бўйи газни ёқиб қўйиш ва ҳоказо. Ахир, бу билан қайсидир биродаримизнинг ҳақини суиистеъмол қилаётганимизни ёки бу Ватан барчамизники эканини эсдан чиқариб қўймоқдамиз.

Исрофнинг катта-кичиги бўлмайди. Хамма нарсанинг уволи бор. Халқимизда “Нимани хор қилсанг, шунга зор бўласан”, дейилади. Исроф ўрнига ён-атрофдаги ночор яшаётган оиланинг кам-кўстига кўмаклашиш, ўқув-шартнома пулини тўлолмаётган талабага ёрдамлашиш, уйланиш учун маблағ топа олмай юрган ёшларнинг мушкулини осон қилиш, қарздорга кўмаклашиш мумкин-ку!

Еб-ичиш борасидаги исрофнинг энг ёрқин мисолини ҳозирги кунимиздаги тўйлар, байрамлар, “туғилган кун” маросимлари, эҳсону худойилар ва ҳоказоларда кўришимиз мумкин.

Тан олиш керак, тўй-маросимлардаги исрофгарчилик, бидъат ва хурофотлар халқимизнинг бошига жуда кўплаб ташвишларни келтирмоқда. Тўйлардаги, халқимиз таъбири билан айтганда, “орзу-ҳавас”ларга эришиш учун одамлар нималар қилмаяпти?! Охири йўқ бу “орзу-ҳавас”ларнинг қанчадан-қанча оилаларнинг бузилиб кетишига сабаб бўлаётганини билганимизда эди?! Кўплаб оилалар “орзу-ҳавас”ларга етиш йўлида қарзга ботиб қолаётгани ҳақида фикр юритганимизда эди?!

Айнан мана шу “орзу-ҳавас”лар учун қанчадан-қанча ўзбек ўғлонлари чет элларда мардикор, сарсон-саргардон бўлиб, оиласидан узоқда, фарзандлари эса ота меҳрига зор бўлиб юрганларини билганимизда эди?!

Энг асосийси, бу “орзу-ҳавас”ларнинг охиратимизга ҳам, дунёмизга ҳам, ёшларимиз саодатига ҳам сариқ чақалик фойдаси йўқлигини англаганимизда эди?! Буларни биламиз, билиб қиламиз. Энг катта айбимиз – шу.

Исрофнинг зарарлари:

– Аллоҳ таолонинг ғазабини келтиради;

– молу мулкни зое қилиб, фақирликка юз туттиради;

– бировларга боқиманда бўлишга ва ўз вазифасини бажаришдан ожиз қолишга олиб келади;

– шайтонга итоат ва Раҳмонга маъсиятдир;

– жаннатдан узоқлаштириб, дўзахга яқинлаштиради;

– исрофчи шайтоннинг биродаридир;

– ўз эгасини камбағалликка олиб боради;

– ҳавойи нафсга эргашишдир.

Жамиятдаги ҳар бир ноўрин сарф қайсидир зарур эҳтиёжнинг ҳақини поймол қилади. Шу боис, одатда, мол-дунёни беҳуда сарфлаган кишилар унинг ҳақиқий ўрни келганида бахиллик қилишади. Улар кундалик маишат, тўю ҳашам, кераксиз дабдабалар учун миллионлаб пул сарфлаган ҳолда, дину диёнат, илм-маърифат, халқнинг келажаги, юртнинг ободлиги йўлида ўша харажатларнинг ўндан бирини, балки юздан бирини сарфлашга оғринишади. Буларнинг барчаси бойликда сарф-харажат қилишда ўртаҳол бўлмаганидан пайдо бўлади.

Неъматларнинг қадрига етиб, шукр қилиб яшаш, неъматларни исроф қилиб улкан гуноҳ қилишдан қўрқиб яшаш ва исрофгарчиликнинг олдини олиш хаммамизнинг бурчимиздир.

Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,

Янгийўл тумани “Имом Султон” жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan