Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Bo'limsiz / Инсон умри азиздир

Инсон умри азиздир

Ер юзидаги сон-саноқсиз неъматлар азиз ва мукаррам бўлган инсон учун Аллоҳ таоло томонидан муҳайё қилинган.  Инсон барча яратилган мавжудотларнинг афзалидир. Аллоҳ таоло «Исро» сурасида шундай марҳамат қилади: «Дарҳақиқат, Биз одам болаларини азиз ва мукаррам қилдик».

Ҳаёт – Аллоҳ томонидан инсонга берилган омонатдир. Инсон зоти ўзига берилган тириклик неъматига шукр қилиши, ғанимат бўлган дунё ҳаётида Аллоҳ таолонинг раҳматидан доимо умидвор бўлиб яшаши лозим. Бу ҳаёт имтиҳон дунёси бўлганлиги учун инсон бошига ҳар хил синов, қийинчилик, муваффақиятсизлик, тушкун ҳолатлар келиши шубҳасиз. Бундай пайтларда тушкунликка берилиш натижасида, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам рўй бериб турибди. Ўзини-ўзи турли йўллар билан қасддан ўлдириш оғир гуноҳ саналади. Бундай мудҳиш ҳолатлар Аллоҳ таоло берган умрга ношукрлик ҳисобланади. Чунки инсон бу дунёга бир маротаба келади, ҳаётда учрайдиган баъзи бир қийинчилик ва мусибатларни сабру матонат билан енгиш мумкин.

Ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари аёллар ва ёшлар ўртасида кўпроқ рўй бераётганлиги маълум бўлмоқда. Ўз жонига қасд қилаётганлар Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрум бўлибгина қолмасдан, ота-оналарини, яқинларини бошига оғир кулфатлар солиб кетишяпти. Бундай пайтда умидсизликка, шайтоний васвасаларга берилмасдан, Аллоҳ таолодан қийинчиликларини, ҳожатларини раво қилишини сабр билан сўраш — мусулмонлик белгисидир. Аллоҳ таолонинг синовларига бесабрлик билан ношукрлик қилинса, оқибати хайрли бўлмайди.

Пайғамбар алайҳиссалом «Ҳажжатул-вадоъ»да қилган муборак хутбаларида мусулмонларга қарата шундай деганлар: «Эй инсонлар, хоҳ ўзингизнинг ва хоҳ бир-бирингизнинг қонингизни тўкишингизни Аллоҳ таоло сизларга ҳаром қилди».

Собит ибн Заҳҳокдан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мўминни лаънатлаш уни ўлдириш билан баробардир. Ким бир мўминни кофирликда айбласа, уни ўлдиргандек бўлибди. Кимки ўзини бирон нарса билан ўлдирса, қиёмат кунида ўша нарса ила азобланади». Бир киши жароҳатининг оғриғига чидолмай, ўлимини тезлатиб, қиличининг тиғи билан ўзини ўлдирди. Пайғамбар алайҳиссалом у ҳақда: «У дўзах аҳлидандир»,дедилар.

Инсон ўзини-ўзи ўлдириши сабабли оғир гуноҳга ботиб, жаҳаннам аҳлидан бўлиб қолади. Аллоҳ таоло ато қилган ҳаёт неъматини арзимаган сабаблар билан зое қилиш жаҳаннам ўтида абадий қолишга сабаб бўлади.

Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан ҳеч бир киши ўлишни орзу қилмасин. Агар яхши одам бўлса, шояд яхшилиги зиёда бўлса. Агар ёмон одам бўлса, шояд тавба қилиб қолса», дедилар.

Имом Муслимнинг лафзларида эса Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан ҳеч бир киши ўлишни орзу қилмасин ва ҳали келмаган ўлимни чақирмасин. Чунки ўладиган бўлса, қилиб турган амали тўхтаб қолади. Албатта, умрнинг зиёда бўлиши мўминга фақат яхшиликни олиб келади», дедилар.

Яъни, инсон токи тирик экан, савобли амалларини кўпайтириб олиш имконияти мавжуд. Гуноҳларига тавба қилиб, кечирилишига эришиш мумкин. Ўлим келгунча барча инсонга яхши амаллар қилиш ва тавба эшиклари очиқдир.

Юртимизда яшаётган ҳар бир инсон тинч, фаровон, замон ва маконда яшаётганлиги учун доимо Аллоҳ таолога шукроналар айтиб, ҳаёт неъматининг қадрига етиши лозим. Ҳозирги кунда давлатимиз томонидан яратиб берилаётган барча шароитлар Ўзбекистон деб аталмиш жаннатмонанд диёрда яшовчи сиз ва биз учундир. Аллоҳ таоло барчаларимизга инсонийлик сифатига муносиб бўлиб, юртимиз ободлиги ва равнақига ҳисса қўшиб, ҳаётни қадрига етиб яшашимизни насиб айласин.

Бекобод тумани «Хос» жоме масжиди

имом-хатиби Зикриё Норқулов

[carousel-horizontal-posts-content-slider]